Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Малайзиялик олимларнинг янги тадқиқотлари тақдимоти

Малайзиялик олимларнинг янги тадқиқотлари тақдимоти

Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури совриндорлари – Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM)нинг Тадқиқотлар бўлими илмий ходими Моҳд Шаҳир ибн Ҳошим ва ислом масалалари бўйича илмий ходими Муҳаммад Узаир ибн Изҳам Марказда олиб борган илмий изланишлари якунига доир тақдимот ўтказди. Унда Имом Бухорий асарларидаги методологик ёндашувларнинг бугунги глобал таҳдидлар, таълим ва инқирозга қарши бошқарув тизимларидаги аҳамияти ёритилди.

Тадқиқотчи Моҳд Шаҳир ибн Ҳошим “Саҳиҳул Бухорий”нинг “Китобул иймон” (ислом илмларига оид бир неча машҳур асар ва йирик ҳадис тўпламларининг асосий бўлимларига берилган ном) бобидаги сарлавҳалар ва ҳадисларни жойлаштириш тизими орқали Малайзияда соф ақидани мустаҳкамлаш ва диний оғишларга қарши маърифий чораларни кучайтириш масаласига эътибор қаратди.

Таъкидланганидек, бузғунчи ва ёт қарашларнинг тарқалишига қарши курашда фақат ҳуқуқий ва маъмурий чоралар билан чекланмасдан, Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларга таянган тизимли, босқичма-босқич таълим ва тарғибот моделини жорий этиш муҳимдир. Олим таклиф этаётган беш босқичли ёндашувда асосий манбаларга таяниш, ақиданинг пойдеворини мустаҳкамлаш, ҳар бир мавзуда аниқ мақсадни белгилаш, билимларни изчил тартибда бериш ва асосий ғояларни турли ривоятлар орқали мустаҳкамлаш каби усуллар алоҳида қайд этилди.

Муҳаммад Узаир ибн Изҳам эса Имом Бухорийнинг “фиқҳут таржама» (боб сарлавҳаларидаги фиқҳий-методологик мантиқ) усули ҳамда “Саҳиҳул Бухорий”нинг шўро (кенгаш) ва бошқарувга оид боблари, “Фатҳул Борий” ва “Умдатул Қорий” каби шарҳлар асосида ишлаб чиқилган S-H-U-R-A — маслаҳат асосида жамоавий қарор қабул қилишни англатувчи инқирозни бошқариш моделини тақдим этди. Дунёда ташқи беқарорлик ва мураккаблик (VUCA) ҳамда ички руҳий-ижтимоий заифлик ва ноаниқлик (BANI) омиллари кучайиб бораётган ҳозирги шароитда анъанавий моддий-техник моделлар етарли бўлмаслигига урғу берди. Таклиф этилган модель бошқарувда — ҳамжиҳатлик, уйғунлик, бирлик, қатъият ва ҳисобдорликни, руҳиятда эса — барқарорлик, инсонийлик, ўзаро англашув, тезкор жавоб бериш ва мослашувчанликни исломий ахлоқ мезонлари билан уйғунлаштиришни назарда тутади.

Тақдимот якунида иштирокчилар Имом Бухорийнинг бой илмий ва методологик меросини замонавий таълим дастурлари, маърифий реабилитация модуллари ва бошқарув амалиётига татбиқ этиш истиқболлари юзасидан фикр алмашиб, мазкур тадқиқотлар халқаро илмий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбир қизғин мулоқот, савол-жавоб ва муҳокамалар билан давом этди. Малайзиялик тадқиқотчилар Самарқанд ва Марказда изланиш олиб бориш учун яратилган зарур шароит, нодир манбалардан фойдаланиш имкониятлари ҳамда эътибордаги самимият учун миннатдорлик билдирди.

Тақдимот якунида илмий амалиётни муваффақиятли якунлаган хорижлик олимларга махсус сертификатлар топширилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Академик ҳамкорлик истиқболлари

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Туркиянинг Ван Юзунжу Йил университети ректори, профессор Ҳамдуллоҳ Шевли ва …