Home / МАҚОЛА / ИБН ҲИББОННИНГ “САҲИҲ”ИДА ҚАДАР МАСАЛАСИ

ИБН ҲИББОННИНГ “САҲИҲ”ИДА ҚАДАР МАСАЛАСИ

Қадария ва мўътазила фирқаларинининг тарихини кузатган киши уларнинг қадар масаласида илк бор жорий қилган бидъати – Аллоҳ таолонинг бандалар амалларини содир бўлишидан олдин билишини инкор этиш бўлганини кўради. Ёки улар: “Аллоҳ бандаларнинг бажарган амалларини содир бўлганидан сўнг билади” [3, 353 б.], “Аллоҳ таоло умумий нарсаларни билади, хос нарсаларни билмайди (фақат содир бўлганидан кейингина билади)” [2, 176-177 б.], каби гапларни айтган.

Шунга мувофиқ, улар Аллоҳ бутун махлуқотларнинг тақдирини белгилаганини ҳамда Қиёматга қадар содир бўладиган барча нарсаларни Лавҳул Маҳфузга ёзиб қўйганини ҳам инкор этган.

Ўрта асрда, Мовароуннаҳр ва Хуросонда яшаб ижод қилган аллома Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон “Саҳиҳ” асарида уларга раддия билдириб, Яратганнинг илми ўтмишда бўлиб ўтган, келажакда бўладиган барча нарсаларни, содир бўлмаган нарса содир бўлганида қандай бўлишини ҳам қамраб олишини баён қилган.

Шунингдек, махлуқотларни яратишидан олдин уларнинг тақдирини белгилаб қўйганини баён қилган.

Бу тақдир инсоннинг мустақил ирода ва хоҳишга эга эканига, ўз ихтиёри билан хоҳлаганига амал қилишига зид эмас. Бироқ инсон бу борада хато қилмайди, белгилаб қўйган тақдирдан ташқарига чиқмайди. Тақдирга иймон келтириш сабабларни тутишга ҳам зид эмас. Чунки Аллоҳ таоло сабабларни ҳам, уларнинг натижаларини ҳам яратгандир.

Сабабларга эътибор бериб, тақдирни эътиборсиз қолдирган киши ҳам, тақдирга эътибор бериб, сабабларни беэътибор қолдирган ҳам хато қилади. Аллоҳ таоло ҳар бир нарса учун муайян ўлчов ва тақдирни белгилаб қўйгандир.

Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”ида “Аллоҳ жалла ва ало ҳидоят қилишни истаган бандаларидан хоҳлаганларига Ўз нурини етказиши ҳақидаги баён” мавзусида қуйидаги ҳадисни келтирган: “Абдуллоҳ ибн Дайламийдан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Амрга: “Одамлар сиз: “Бадбахт одам онасининг қорнида бадбахт бўлган (деб ёзилган) одамдир”, деб айтаётганингизни даъво қилмоқда”, дедим. Шунда у: “Ҳеч кимга менинг номимдан ёлғон гапиришга рухсат бермайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман: “Аллоҳ махлуқотларни зулматда яратди. Сўнг уларга Ўз нуридан ёғдирди. Кимга ўша нур етган бўлса, ҳидоят топди. Кимга тегмаган бўлса, адашди”. Шунинг учун “Аллоҳ жалла ва алонинг илмига биноан қалам қуриди (яъни, тақдир битиб бўлинган)” деб айтаман”, деди” [4, 11 б.].

Сўнг Ибн Ҳиббон: “Аллоҳ жалла ва ало махлуқотларни зулматда яратган пайтда, ўша нурдан кимга насиб этиши ва кимга етмаслигини билиши ҳақидаги хабарнинг баёни” мавзусини ва қуйидаги ҳадисни келтирган: “Ибн Дайламийдан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Амрга бундай дедим: “Эшитдимки, сиз: “Албатта, қалам қуриди”, деяётган экансиз? Шунда у: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман: “Аллоҳ жалла ва ало одамларни зулматда яратди. Сўнг нуридан бир нур олиб, улар узра ёғдирди. У (нур Аллоҳ) ҳоҳлаган кишига тегди, хоҳламаганга тегмади. Аллоҳ нур кимга тегмаслигини ҳам, кимга тегишини ҳам азалдан билган эди. Кимга ўша нуридан бирор нарса етган бўлса, ҳидоят топибди. Кимга у тегмаган бўлса, дарҳақиқат адашибди”. Шунинг учун ҳам: “Қалам қуриб битган”, деб айтаман”, деди” [4, 12 б.].

Таъкидлаш лозимки, Аллоҳнинг ҳидоят нури кимга насиб бўлган бўлса, бу тасодиф туфайли эмас. Аллоҳнинг азалий илми билан бу жон ва нафс дунёда солиҳ ва тақводор бўлишини билган, шунинг учун у ўша вазиятда Аллоҳнинг нуридан унга тегишини тақдир қилган. Ҳидоят нури тегмаганларга ҳам Аллоҳ адолатсизлик қилмаган.

Аллома “Киши зиммасига тушган буйруқларни бажармасдан ва тақиқланган ишлардан тийилмасдан, амалга ошадиган тақдирга суяниб қолишдан воз кечиш лозимлиги ҳақидаги хабарнинг баёни” номли мавзу ва  қуйидаги ҳадисни келтирган: “Жобирдан ривоят қилинади: “Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули! Биз аввалдан ҳал қилиб қўйилган нарса учун амал қиламизми ёки янгидан бошлаган ишимиз учунми?” деб сўрадим. У зот: “Аввалдан ҳал қилиб қўйилган нарса учун”, дедилар. “Унда, амал қилишнинг нима кераги бор?” дедим. У зот: “Ҳар бир амал қилувчига ўзи учун яратилган амал осон қилиб қўйилган”, дедилар” [4, 286 б.].

Ибн Ҳиббон бундай деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳар кимга (бахт ёки бадбахтликдаги амали) осон қилиб қўйилгандир”, деган сўзларидан мурод – ҳар бир кишига Аллоҳнинг азалий илмида аввалдан тақдир қилинган яхшилик ёки ёмонликка мувофиқ амал қилиш осонлаштирилишидир”. Шу мавзуда қуйидаги ҳадисни келтирган: “Абдураҳмон ибн Қатода Суламий айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман: “Аллоҳ Одамни яратди, сўнг унинг пуштидан барча зурриётларини чиқарди ва: “Булар жаннат аҳлидир, Мен бунга парво қилмайман. Булар эса дўзах аҳлидир, бунга ҳам парво қилмайман”, деди”. Шунда бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули! Ундай бўлса, Нима учун амал қиламиз?” деб сўради. У зот: “Тақдир тақозо қилган нарсаларга мувофиқ амал қиласизлар”, дедилар” [4, 10 б.].

Аллома бундан ташқари шу мавзуга тегишли бир неча боб ва ҳадисларни келтирган. Жумладан, “Аллоҳ жалла ва ало Ўз ҳукмлари амалга ошиши учун муайян сабабларни жорий қилгани ҳақидаги хабарнинг баёни”, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Зеро, бу фақат тақдирдир”, деган сўзларидан мурод – Аллоҳ жалла ва ало Қиёмат кунига қадар содир бўладиган барча нарсаларни тақдир қилиб қўйганини баён қилишдир”, “Ота-боболарининг пушти камарида турган пайтларидаёқ Аллоҳ жаннат ва дўзах аҳлларини белгилаб қўйиши ҳақидаги баён. Бу эса бунга зид фикрда бўлган кишининг қарашига хилофдир”, “Аллоҳ жалла ва ало Одам авлодларини абадий қолинадиган икки маскан – жаннат ва дўзах учун ёзиб қўйгани ҳамда уларни бу дунёда ўша икки маскан учун амал қилдириши ҳақидаги баён” каби мавзуларда ҳадислар билан қарашларини ифода этган.

Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, Ибн Ҳиббон Аллоҳ таолонинг азалий илмига иймон келтиришни таъкидлаган. Аллоҳнинг илми умумий ва хусусий нарсаларни, аввал бўлган ва кейин бўладиган барча нарсаларни қамраб олади. Аллоҳ таоло махлуқотларни яратишини ҳам, уларнинг амалларини ҳам, улардан ким бахтли ва ким бадбахт бўлишини ҳам олдиндан билган.

Аллоҳ таоло уларни ҳам, уларнинг амалларини ҳам яратган. Ҳақ йўлни очиқ-ойдин баён этган ва залолат йўлларини ҳам кўрсатган.

Шунга қарамай, Аллоҳ таолонинг илми муқаррар амалга ошувчидир, ундан ҳеч бир нарса четда қолмайди. Унинг машиати барча нарсани қамраб олувчидир, иродаси эса воқе бўлувчидир. Унинг қудрати улуғ ва исмлари муқаддасдир.

Ҳақиқатда, қадар масаласида ушбу асосни мустаҳкам қарор топтириш Аллоҳ таолонинг тақдирига иймон келтиришнинг асосидир. Шунинг учун ҳам салафи солиҳлар қадарияларга Аллоҳнинг илми масаласи билан раддия берар эдилар.

Ибн Ҳиббон ва соф ақидани ҳимоя қилган бошқа алломаларнинг мероси қадар масаласининг замонавий хатарларини ўрганишга хизмат қилади. Бу масала ислом ақидасининг энг нозик мавзуларидан биридир. Бугунги кунда у билан боғлиқ хатарларни ўрганиб, дин асослари ва алломаларимизнинг мероси орқали ечим топишга ҳаракат қилиш зарур. Тақдир баҳона қилинадиган иш эмаслигини, ҳамманинг ихтиёри борлигини, Аллоҳнинг олдиндан билувчи эканини тушунтира билиш мақсадга мувофиқдир.

“Ҳаммаси олдиндан ёзиб қўйилган бўлса, қўлимдан ҳеч нарса келмайди”, деган хатар бор. Баъзилар шу сабаб ўқимайди, меҳнат қилмайди, касалликда даволанмайди, чунки “тақдирда нима бўлса, шу бўлади” деб ўйлайди. Исломда тақдирга ишониш билан бирга сабабларга амал қилиш ҳам буюрилган.

Баъзида “тақдирда шундай” деб, гуноҳни қадар билан оқлашни ҳам учратиш мумкин. Шу сабабли ёмон амал, ножўя хатти-ҳаракат ёки ҳақсизликни оқлаш бугун кўп учрайди. Уламолар қадарга мусибатларда таскин топиш учун далил келтирилади, гуноҳга бахона қилиш учун эмас, деб таъкидлайди. Инсоннинг ихтиёри борлиги учун масъулдир.

Баъзиларда “ҳаммаси менинг қўлимда” деган қараш таъсирида Аллоҳнинг илми ва тақдирини ҳисобга олмаслик ёки инкор этиш хавфи мавжуд. Тақдирни инкор этиш ақидага зарар етказади.

Ҳадисда “амал қилишнинг нима кераги бор” деб келганидек, баъзи ёшлар онгида “Аллоҳ ҳаммасини олдиндан билса, нега жазолайди?” каби саволлар кўп тарқалган. Бу одамни чалғитиб, иймонида шубҳа уйғотиши мумкин.

Мавзуга чуқур кириб кетиш ҳам хатарлардан биридир. Саҳобалар қадар ҳақида баҳслашаётганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб, олдингилар худди шу туфайли ҳалок бўлганини айтганлар [1, 211 б.]. Яъни ақл билан ҳар нарсанинг тубига етишга уриниш ва бу борада тортишишнинг ўзи хатардир.

Қадарни нотўғри тушуниш сустлик, масъулиятсизлик, муаммоларга лоқайдлик, ислоҳат ва тараққиётга интилмасликка олиб келади. Тўғри тушунганда, сабр, шукр ва руҳий мустаҳкамлик беради.

Алломанинг қадар борасида қисқача хулосасини айтадиган бўлсак, инсон ўз ихтиёри билан ҳаракат қилади ва ўз амали учун жавоб беради, лекин Аллоҳнинг илми, хоҳиши ва яратишидан ташқарига ҳеч нарса чиқиб кетмайди.

Ибн Ҳиббон ва салаф алломаларнинг илмий-мероси бугунги кунда ҳам бу масаладаги шубҳаларга жавоб беришда муҳим илмий асос бўлиб хизмат қилади.

Фойдаланилган адабиётлар
  1. Абу Исо Муҳаммад Термизий. Ал-Жомиъул кабир (Сунани Термизий). Шуайб Арнаут ва Ҳайсам Абдулғофур тадқиқи. Ж. 4. – Байрут. Дорур рисолатил илмийя, 2009. – Б. 621.
  2. Абу Ҳомид Ғаззолий. Таҳофатул фалосифа. Сулаймон Дунё тадқиқи. – Қоҳира. Дорул маориф (Нашр йили кўрсатилмаган). – Б. 371.
  3. Али Димашқий. Шарҳул ақидатит Таҳовийя. Абдуллоҳ ибн Муҳсин Туркий, Шуайб Арнаут тадқиқи. Ж. 2. – Байрут. Муассасатур рисола, 1990. – Б. 803.
  4. Муҳаммад ибн Ҳиббон. Саҳиҳ Ибн Ҳиббон. Ал-Муснадус саҳиҳу алат тақосими вал анвоъи мин ғайри вужуди қатъин фи санадиҳо вала субути жарҳин фи ноқилиҳо. Муҳаммад Али Сўнмез ва Холис Ойдемир тадқиқи. Ж. 5. – Байрут. Дор Ибн Ҳазм, 2012. – Б. 526.

 

Қодирхон Маҳмудов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ТИЖОРАТ БИЛАН ШУҒУЛЛАНГАН МУҲАДДИСЛАР

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида, айниқса, Макка шаҳрида тижорат аҳолининг энг муҳим тирикчилик манбаларидан бири …