Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда “Марказий Осиё – Ислом маданияти ва санъати ўчоғи” илмий лойиҳаси доирасида навбатдаги онлайн семинар ўтказилди. Унда Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институтининг Наманган минтақавий филиали доценти, тарих фанлари номзоди Зафар Нажмиддинов “Ўрта асрларда Хоразм ҳудудида ёзилган фиқҳий асарларда маҳаллий урф-одатларнинг акс этиши” мавзусида маъруза қилди.

Семинарда Марказ илмий ходимлари, IRCICA вакиллари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, ЎзФА Шарқшунослик институти, Ҳадис илми мактаби ўқитувчилари ва талабалари, шунингдек, Туркия ва Қозоғистондан тадқиқотчилар иштирок этди.

Анжуманда Хоразм воҳасининг ўрта асрлар ҳуқуқий ва ижтимоий ҳаётига доир илгари жамоатчиликка унча маълум бўлмаган ўзига хос жиҳатлари очиб берилди. Қайд этилганидек, у кезларда фиқҳий ва фатво асарлари нафақат соф диний-ҳуқуқий манба, балки даврнинг реал тарихи, кундалик турмуш тарзи ва маҳаллий урф-одатларини ўзида акс эттирган бебаҳо ижтимоий ҳужжатлар вазифасини ҳам ўтаган. Ўзбекистон Фанлар академияси фондида сақланаётган маҳаллий муаллифларнинг асарлари, хусусан, Мухтор Зоҳидийнинг “Қунят ал-муня” китоби географияси ва ундаги маълумотлар буни яққол исботлайди. Мазкур асарларнинг кейинчалик бошқа ислом ўлкалари, хусусан, Ибн Нужаймнинг “ал-Баҳр ар-роиқ” асарида айнан кўчирилиб, манба сифатида фойдаланилгани Хоразм ҳуқуқий мактабининг кенг минтақавий таъсиридан далолат беради.
З.Нажмиддинов фиқҳий матнлардаги тарихий-географик ва маданий маълумотларнинг ўзига хос кучига алоҳида тўхталиб ўтди. Масалан, “Қуня” асарида Хоразмнинг иқлимий хусусиятлари — ҳудуднинг шимолий кенгликларда (Россиянинг Қозон шаҳри билан бир хил параллелда) жойлашгани сабабли кун ва туннинг ўта қисқариши ёки узайиши шароитида намоз ва рўза вақтларини белгилаш, ҳатто эҳтиёт пешин намозига оид фатволарнинг маҳаллий шароитдан келиб чиқиб шакллантирилгани кўрсатиб ўтилди.
Энг қизиқарлиси, ўрта асрлар тарихшунослигидаги айрим стереотипларга фиқҳий манбалар орқали аниқлик киритилганидир. Одатда мўғул босқинига қадар Хоразмда яшаган фақиҳларнинг барчаси муътазилий бўлган деган қараш мавжуд бўлса-да, олимнинг таҳлилларига кўра, даврнинг энг нуфузли манбаларидан бири ҳисобланган “Ятимат ад-даҳр” каби тўпламларда муътазилийлик қарашлари учрамайди. Бу эса ҳудудда аҳли сунна ва жамоа, хусусан, ҳанафийлик мазҳаби изчил ривожланганини исботлайди. Бундан ташқари, машҳур ашъарий олими Фахриддин ар-Розийнинг Хоразмга сафар қилиб, маҳаллий фақиҳ ва мутакаллимлар билан илмий мунозаралар олиб боргани Хуросон ва Хоразм илмий марказлари ўртасидаги алоқалар жуда эрта бошланганини кўрсатади.
Семинарнинг яна бир диққатга сазовор қисми – фиқҳ асарлари орқали ўша давр ижтимоий ҳаёти ва маҳаллий урф-одатлари талқини бўлди. Муайян фатволар мисолида ҳаётий муносабатлар, аҳолининг кундалик эҳтиёжлари, урф ва шариат қоидаларининг ўзаро уйғунлашуви қандай таъминлангани таҳлил қилинди. Ушбу жараён манбашуносликда ижтимоий тарихни ўрганишнинг янги ва юқори даражадаги аниқлигини кафолатлайди.

Семинар якунида тадқиқотчи бундай хулосани баён этди: ўрта асрлар Хоразм илмий ва ҳуқуқий муҳити ёпиқ бўлмаган, аксинча, у маҳаллий урф-одатларни ислом ҳуқуқи доирасида синчиклаб таҳлил қилган ва ўз даврида Марказий Осиёни бошқа йирик илмий марказлар билан боғлаган фаол мулоқот майдони сифатида намоён бўлган.
Иштирокчилар олимнинг маърузасида келтирилган маълумотларни юқори баҳолаб, бундай тадқиқотлар миллий ўзлигимизни англаш ва бой маънавий меросимизни дунёга танитишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





