Мовароуннаҳр тасаввуф таълимотида яссавия тариқати муҳим ўрин тутади. У дастлаб Туркистонда шаклланган бўлса, кейинчалик Тошкент, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Насаф, Ҳирот каби шаҳарларга тарқалди.
Яссавия тариқатининг тараққий этишида Самарқандда фаолият олиб борган тасаввуф алломалари алоҳида ўрин тутган. Манбаларда қайд этилишича, Самарқанд шаҳри, Кумушкент, Шероз (Жомбой) туманидаги Ғазира ва Алиобод (Пайариқ) ҳудудларида тариқат мактаблари вужудга келган. Ижтимоий-сиёсий, маънавий ва маданий ҳаётда, ҳатто бунёдкорлик ишларида тариқат вакилларининг ўрни тарихий манбаларда акс этган.
Яссавия тариқати силсиласи Хожа Аҳмад Яссавийдан, Ҳаким Отага, сўнг Занги Отага, сўнг Садр Отага, сўнг Ямин (Эламин) бобога, сўнг Шайх Алига, сўнг Шайх Мавдудга етиб келган. Мавдуд шайхдан кейин яссавия-азизон ва яссавия-иқония тармоқлари шаклланган.
Яссавийликнинг азизон тармоғи.
Яссавия тариқатининг азизон тармоғи шаклланиши Мавдуд шайхнинг шогирди Ходим шайх азизон ва унинг шогирдлари номи билан боғлиқ.
Ходим шайх Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий билан жуда яқин алоқада бўлган. Доимий равишда суҳбатлар ўтказиб турилган. Гоҳида “Зикри арра” ташкил этилган. Ходим шайх Шаҳрисабзнинг Гунжишкхона (Чумчуқли) мавзеси (ғойибона-туши)да Хожа Аҳрор Валий билан учрашади. Яна Самарқанднинг Муҳаммад Ражаб кўчасида [Муҳаммад Олим шайх, 2020: 180] учрашиб, суҳбатда бўлган.
Самарқанд ҳукмдори Султон Аҳмад Мирзо ҳам Хожа Аҳрорга ва ҳам Ходим шайхга мухлис бўлган. Султон Ходим шайхни асҳоблари билан ўз уйига таклиф этиб, зикр мажлисларини ўтказгани манбаларда қайд этилган.
Ходим шайх азизон зикр айтишда қалби қаттиқлик қиладиган тоифаларни қоралайди. Қуръони карим “Аъроф” сурасининг 205-ояти: «Парвардигорингизни ичингизда ёлвориб, қўрқиб, дилдан эртаю кеч ёд қилинг ва ғофил кимсалардан бўлманг» тафсирида, “Ғофиллардан бўлма” дейди ва бу гап орқали ғафлат билан зикр қилишни ман қилади. Яъни зикр айтувчи қалби уйғоқ ҳолда зикр қилмоғи лозимлигини уқтиради. Зикрдан мурод дил ҳузур топишидир, аммо ҳузур боқий бўлмайди. Шариатга дангасалик қилмасдан қоим туриб, тариқат ҳукмини бажариш учун завқу шавқ билан ҳаракатда бўлиш тушунтирилади. Кубровийликдаги рақси самоъ ҳақида Ходим шайхдан сўрашганида, жоизлиги тўғрисида ўз хулосаларини баён қилган [Муҳаммад Олим шайх, 2020: 181-182]. Яъни уни хос кишилар учун рухсат борлиги таъкидланади. Бу билан Ходим шайх икки тариқатдан ҳам насибаси бўлгани тушунилади. Замон ҳукмдорлари ҳам икки тариқат муршидларига алоҳида эътибор билан муомалада бўлгани, тариқатлар ўртасида зиддият ёки келишмовчилик бўлмаганини кўрсатади.
Хожа Аҳмад Яссавий асос солган яссавийлик таълимоти Самарқанддан Туркистонга олиб бориб шакллантиргач, мазкур силсила Тошкент орқали Самарқандга кириб келади. Натижада, Шайх Алишайх, Мавдуд шайх, Ходим шайх, Жамолиддин азизон, Худойдод Валий, Дарвеш шайх азизон, Пирим шайх азизон, Мўмин шайх, Тоҳир шайх, Олим шайх азизон, Мавлоно Усмон, Муҳаммади Имло Бухорий каби тариқат намояндалари Зарафшон воҳаси бўйлаб фаолият олиб боради.
Олим шайхнинг Охунд Мулла Шариф Бухорий орқали Мулла Боқимуҳаммад Қоракўлийга, ундан Охунд Мулла Тошмуҳаммадга, ундан Мулла Ҳожи Шайх Хоразмийга, ундан Мулла Ниёзмуҳаммад Қоракўлийга яссавия силсиласи етган. Бунга кўра, Қоракўл ҳудудига нақшбандия ва кубровия силсиласи қаторида яссавия ҳам ёйилган.
Шайх Худойдод Валийнинг шогирди Хожа Мавлоно Нурий орқали: Шайх Оташин, Шербек сўфи, Камол шайх, шайх Дўст Али, шайх Сафои, Сўфи Поянда Кафшдоний ва Қосим шайхга етади. Қосим шайхдан Пирим шайхга етган силсила Олим шайх азизон Алиободий ва Мирзо Али шайхга етади. Мирзо Али шайхдан Ҳусайн шайхга, ундан Хожа Муҳаммад Ўтрорийга, ундан Мавлоно Аваз Муҳаммад Басирга, ундан Эшон Ниёз Муҳаммад Бухорийга [Силсила, ЎзР МДАФ и-323 р-2 иш-90. 1-варақ] етади. Эшон Ниёз Муҳаммад Бухорий яссавия силсиласини Имло Бухорий ва Мавлоно Аваз Муҳаммад Басир орқали қабул қилгани аниқланди.
Яссавийликнинг иқония тармоғи.
Яссавия тариқатининг намояндаси Шайх Камолиддин Туркистоний-Иқоний ХIV аср бошларида Туркистон вилоятининг Чимкент мавзеси Иқон қишлоғида таваллуд топган.

Камолиддин Иқоний қабри бугунги кунда “Яканчик” зиёратгоҳи номи аталувчи қабристонда, яъни ҳозирги Жомбой ва Паяриқ туманлари чегарасида жойлашган, Булунғур канали ва Мирза ариқ атрофидаги Довчар ариқ мавзесида жойлашган. Зиёратгоҳ “Яканчик” номи билан аталиб, маҳаллий аҳоли томонидан “Якон шайх”, “Якум шайх”, “Яканшик”, “Яканчик” каби турли кўринишларда талқин этиб келинган.
“Ламаҳот” асарида Шайх Камолиддиннинг лақаби Иқоний бўлиб, Туркистон ноҳияларидан бири Иқон қишлоғида туғилган [Носириддин Бухорий, 1324/1904: 137]. Бир неча йил Самарқанднинг Алиобод мавзесида яшаб, шу ерда вафот этган [“Мажмаъул ансоб вал ашжор” асарида 1492 йил деб кўрсатилган]. Қабри табаррук зиёратгоҳ деб маълумот берилади.
У яссавия силсиласи вакили Шайх Мавдуд даргоҳида тарбия топиб, камолга етган. Шайх Мавдуд, ўз навбатида, шайх Алишайхнинг шогирди, у эса Ямин бобонинг, у Садр Отанинг, у Занги Отанинг, у Ҳаким Ота (Сулаймон Боқирғоний)нинг, у соҳиби ҳикмат – Ҳазрат Султон Хожа Аҳмад Яссавийнинг қоййим-мақом халифасидир [Абд ал-Қодир, 2005; Муҳаммад Олим шайх, 2020]. Камолиддин шайхлик мартабасини олгач, Шайх Камолиддин Иқоний нисбаси билан машҳур бўлган ва яссавийликнинг иқония тармоғига асос солган.

Юқорида айтилганидек, мазкур зиёратгоҳ ва мавзе номи маҳаллий аҳоли тилида “Яканчик” тарзида талаффуз қилинган. Шайх Камолиддин Иқоний исми халқ орасида ҳурмат юзасидан “Шайх Иқоний” деб юритилган. Вақт ўтиши (550 йилдан ортиқроқ) натижасида, “Шайх Иқоний” сўзи талаффузда “Иқон шайх”, “Якон шайх”, “Якум шайх”, “Яканшик”, “Якканчик” шаклида қўллаб келинмоқда. Шу ўринда ушбу атамаларни қўллашда умумий маъно ўзгармасдан келаётганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Маҳаллий халқ бугунги кунга қадар ушбу даргоҳни муқаддас билиб, зиёрат қилади.
Шайх Камолиддин – Иқоний тахаллуси билан шеър ва ҳикматлар ёзгани ҳақида “Рашаҳот”да: “Аз кибор асҳоби Мавдуд турғонин билдирадир. Ҳижрий 1093 (милодий 1680)да бухоролик муфтий Зинда Алининг “Самаратул машойих” отли китобда ҳам, “Ламаҳот”да ҳам Камол шайхнинг таржимаи ҳоли ёзилғонда “Мазкур Эшоннинг лақаби Иқоний бўлиб, Самарқанднинг Алиобод мавзеидан ва шу ерда вафот этган” [Фитрат, 2000: 33], деб маълумот бериб ўтган.
Манбаларда, Камол шайх кексайган вақтида ҳам зикр завқи пайтида ўқдек тўғри, дадил ва эшитувчи бўлар, бу ҳолдан чиққач, яна эгилиб қолгани айтилади. Шайх Камолиддин шогирди Сайид Аҳмадга йигирма йиллик тарбиядан сўнг рухсати кул (шайхлик қилишга рухсат, иршод) берган.
Яссавия тариқатининг тараққий этишида Зарафшон воҳасидаги Суғд шаҳри, Офарин (Кумуш)кент, Шероз (Жомбой) туманидаги Ғазира ва Алиобод (Паяриқ) ҳудудларида тариқат марказ-мактаблари вужудга келган.
Зарафшон воҳасида ХVIII асрнинг ўрталари ва ХIХ асрларда яссавия тариқати фаолияти бироз сусаяди. Асосан ўлкада нақшбандия, кубровия тариқатлари билан уйғунлашган ҳолда кўзга ташланади. Жумладан, Зарафшон воҳасида фаолият олиб борган Муҳаммад Имло Бухорий, Муҳаммад Ислом шайх Каррухий, Шайх Мирзо Абул Ҳасан, Шайх Мирзо Абул Фатҳ каби тариқат муршидлари нақшбандия тариқатида фаолият олиб борган бўлишса-да, аммо кубровия, қодирия ва суҳравардия каби яссавия тариқатини ҳам биргаликда юритган. Яъни “чор сулук”, “тўрт йўл” тушунчаси кенг тараққий этган. Натижада, яссавия таълимоти ХХ асрларда ҳам бошқа тариқатлар билан уйғун ҳолда давом этди.
Марказий Осиё (Самарқанд)да тасаввуф мактаблари орасида яссавия тариқатининг кенг ёйилишида олдинги ибодат шаклларига бегона бўлмаган кўчманчи туркийлар катта ҳисса қўшгани айтилади [Фитрат, 2000]. Бундай хулоса, албатта, тариқат асосчиси ва ҳудуд нуқтаи назаридан илгари сурилган. Яссавия дастлаб Туркистонга ва унга яқин бўлган ҳудудларга ёйила бошлади.
Дастлабки даврлар (Темурийлар замони)да яссавия тариқати Ўрта Осиёда нақшбандия тариқатидан кейинги ўринда турган. Кейинги давр (Шайбонийлар даври)га келиб мазкур тариқат ўз мавқейининг юқори чўққисига кўтарилади. Бунга ҳукмдорларнинг яссавия тариқати пирларига бўлган муносабати деб қараш мумкин. Шу билан бирга, мазкур ҳолат тариқат муршидларининг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётда катта мавқега эга экани, тариқат намояндалари кўп сонли бўлганидан дарак беради.
ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР:
- Абд ал-Қодир ибн Муҳаммад-Амин. Маджма ал-ансоб ва-л-ашджар. Араб, форс ва туркчадан таржимонлар: Ш.Х.Воҳидова, А.К.Мўминова, Б.Б.Аминова. – Алматы., 2005.
- Муҳаммад Олим шайх. Ламаҳот мин нафаҳотул қудс. Таржимон: Каттаев К. – Т.: Қақнус, 2020.
- Носириддин Бухорийнинг “Туҳфатуз зойирин” асарида ҳам таъкидлаб ўтилган. Қаранг: Форсча. – Бухоро., 1324/1904.
- Силсила. Қўлёзма. ЎзР МДАФ и-323 р-2 иш-90. 1-варақ.
- Фитрат. Яссавия мактаби шоирлари тўғрисида текширувлар // Танланган асарлар. II-жилд. – Т.: Маънавият, 2000.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





