Самарқандда сақланиб қолган мадрасалардан Улуғбек, Шердор ва Тиллакори каби меъморий обидалар шаҳар кўркига кўрк қўшиб турибди. Ушбу мадрасалардан ташқари, турли даврларда мазкур шаҳарда ўнлаб мадраса фаолият кўрсатган. XVIII-XIX асрларда Самарқандда барпо этилган ва фаолият кўрсатган мадрасалар ҳақида тўхталиб ўтсак.
Сўфи Оллоҳёр томонидан ҳозирги Чўнқаймиш қишлоғи ва унинг атрофларида масжид, хонақоҳ ва талабаларга дарс бериладиган махсус мадраса ҳам барпо этилган. Бу ҳақда археолог олим В.Вяткин [2] (Оллоҳқули ўғли Оллоҳёр ўтарчи томонидан барпо этилган) Анҳор тумани Оназиёрат мавзесидаги мадраса ва масжид [Аназират қишлоғига киришдаги йўлнинг ўнг томонида муаллим Ҳасан аканинг уйи, чап томонида Сўфи Оллоҳёр масжиди деворларининг ўрни сақланиб қолган; 3] вақф ҳужжатларини қайд этади.

Оназиёратда жойлашган мадрасага тегишли вақф ҳужжати рабиул охир ойида 1123/1711 йили ёзилган, мадрасага тегишли иккинчи вақф ҳужжати жумадул охир ойида 1123/1710 йили ёзилган, учинчи вақф ҳужжати Оназиёратда жойлашган масжидга тегишли бўлиб, зулҳижжа ойида 1124/1711 йили ёзилган [2:5].
Мазкур вақф ҳужжати Сўфи Оллоҳёр ҳаётлик чоғида ёзилган, тарихий ноёб манба – масжид, хонақоҳ, мадраса – Чўнқаймишдаги илму маърифатни бевосита акс эттирувчи ҳужжатлардан биридир.
Вақф ҳужжати ЎзРМДА фондида Самарқанд вилоят бўлими (18), 1-рўйхат, 9828-ишда сақланмоқда [Мазкур вақф (ЎзРМДА фондида) илк бор кўрилганда) ҳужжатни Сўфи Оллоҳёр ёзган, ё бўлмаса, бирон бир хаттотга ёздирган бўлса керак деган, хулосага келгандик. Чунки, тарихий ҳужжат матни Сўфи Оллоҳёр даврида ёзилган ва алломанинг назари тушган, бугунгача сақланиб қолган, нодир манбалардан бири ҳисобланади].
Мазкур иш жами 1-13 (а-б) варақдан иборат бўлиб, Самарқанд қоғозига, номаълум хаттот томонидан настаълиқ хатида, форс-араб тилида ёзилган.
1893 йилда Чўнқаймиш мадрасаси мутаваллиси Сиддиқ хожа ибн Исмоил хожа томонидан ёзилган аризада 3 та вақф ҳужжатини 1887 йилда Самарқанд уезди ҳокими фармойишига кўра топширилганини айтиб, ушбу вақф ҳужжатлари ҳақида сўраб мурожаат қилган ва охирида имзо ўрнига “Сиддиқ хожа ибн Исмоил хожа”, деб ёзилган муҳр урилган.
Ушбу ҳужжатнинг 5-13 а-б варақларида рус тилидаги таржимаси келтирилган ва 13-14 июль 1893 йил санаси қайд этилган [10:5-13 а-б]. 2, 3, 4-варақларида юқорида қайд этилган учта вақф ҳужжати ўрин олган. Вақф ҳужжатлари деярли яхши сақланган.
4-варақдаги вақф ҳужжати Сўфи Оллоҳёр мадрасасига тегишли бўлиб, ҳужжатнинг бошидан олти қатори ёзуви шикастланган, айрим қисмлари йўқ. Аллоҳга ҳамду сано, пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва азиз зотларга саломлардан сўнг, 1123 йил рабиус соний ойида шариатпаноҳ, диёнати осор Азизон Сўфи Оллоҳёр ибн Оллоҳқули Ўтарчи томонидан ўзига тегишли Чўнқаймиш қишлоғидаги суғориладиган ва суғорилмайдиган ерларни бир қанча шартлари билан вақф қилингани қайд этилган.
Мазкур Чўнқаймиш қишлоғида суғориладиган ва суғорилмайдиган ерларнинг вақф чегарасини белгилаб, ғарбдан Кўтал булоғ, Кабутархона, шимолдан Қизқўрғондан то Тахтгоҳгача, шарқдан Чўнқаймишдаги Намозгоҳдан то Тахтгоҳгача, жанубдан Кўтарма сангтуз, бир қисми Қўшқўрғондан то Обибаландгача жойлашгани айтилган.
Шунингдек, Самарқанд вилояти Янги Анҳор ноҳиясидаги Оназиёрат мавзесида жойлашган мадраса чегараларини ҳам белгилаб, ғарбдан Қўрғон, шимолдан Мулло Тошмуҳаммад маҳалласи билан, шарқдан Мулло Худойберди маҳалласи чегара экани таъкидланган. Ҳужжатнинг давомида вақф шартларига амал қилиш лозимлиги алоҳида белгилаб қўйилган.

Чўнқаймиш мадрасаси ўнта ҳужра ва битта дарсхонадан иборат бўлган.
Чўнқаймишдаги мадраса (ва бошқа мадрасалар) мураббий (мударрис)лари болаларни ўқиш ва ёзишга ўргатган ҳамда уларни ахлоқ-одобли кишилар қилиб тарбиялаган. Бу эса, қадимдан ўлкада мажбурий бошланғич таълим мавжуд бўлгани ҳақида гувоҳлик беради. Хонлар даврида “қози-раис” деб аталувчи мансабдор шахслар ота-оналарнинг фарзандларини мактабга беришини назорат қилган [8:33-34].
Ўқувчиларнинг дарсларга узлуксиз қатнашиши доимо қаттиқ назоратга олинган. Жумладан, ўқувчи узрли дарс қолдирса, ўқитувчи бошқа бир ўқувчини юборган ва шунда ҳам дарсга келмаса, ўқувчининг отасини бундан хабардор қилган [8:54]. Бу албатта ўша вақтларда таълим тизимига бўлган эътиборнинг ниҳоятда юқори эканидан далолат беради. Бир томондан ота-оналар назорат қилган, иккинчи томондан таълим масканидаги устозлар ҳам катта масъулият билан ёндашган. Бунда мазкур жараённинг қатъий талаблар асосида олиб борилганини кўриш мумкин.
Сўфи Оллоҳёр томонидан Чўнқаймиш мавзесида ташкил этилган мадрасада таълим олган талабалар агар сабабсиз икки ойу ўн кун дарс қолдирса, мадраса мутаваллиси ушбу ўқувчи ўрнига янги талаба олиши мумкин эди. [10: 4б варақ]. Бу бир томондан мадрасада таълим олувчиларга қўйилган қатъий талаб бўлса, иккинчи томондан, мазкур жараён илм олувчи талабаларнинг мукаммал билим олишига имкон берган. Дарсларни ўзлаштирмайдиган ва ўқув машғулотларини сабабсиз қолдирганлар эса ўз-ўзидан четлаштирилган. Бу ҳам мазкур мадраса мавқейини янада оширишга хизмат қилган.
Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ ўтмиши шарафли ва келажаги буюк ўлканинг тарихи изчил тадқиқ этилиб, тарихий кўринишини тикламоқда. Бу албатта ўсиб келаётган ёш авлодни аждодлари изидан бориб, забардаст олиму фузало бўлиб вояга етишишида кўмакдош бўлади.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Амонов М. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда маънавий мероснинг ўрни. “Баркамол авлодни тарбиялашда тарихий ва маънавий меросимиздан фойдаланиш масалалари” мавзусидаги (Республика илмий-амалий) конференцияси материаллари. – Самарқанд, 2015.
- Вяткин В. Справочная книжка Самаркандской области. – Самарканд, 1902. Выпуск VII.
- Дала тадқиқот манбалари. Респондент. Саримсоқов Жаъфар бобо (76 ёшда). 2014 йил июнь. Чўнқаймиш-Аназират-Самарқанд.
- Дала тадқиқот манбалари. Нақиб мадрасаси. Самарқанд–Каттақўрғон. 2014 йил июль.
- Каттаев К. Самарқанд мадрасалар ва илм фан ривожи. Иккинчи нашр. –Самарқанд: Зарафшон, 2017.
- Пардаев К.К. Ўрта Зарафшон (Миёнкол) воҳасининг XIX-XX аср бошларида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёти. Тарих фанлари номзоди… диссертация, 2003.
- Пардаев К.К. XVI-XVIII асрларда Миёнкол. – Тошкент, 2014.
- Солижонова Г.Ф. Туркистонда ўқитиш-маърифатчилик ўчоқлари, уларнинг ижтимоий аҳамияти (XIX аср охири – XX аср бошлари). Тарих фанлари номзоди … Диссертация. – Т., 1998.
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 5 декабрдаги “Тарихий, бадиий ёки ўзга маданий қимматлилиги туфайли гаров ва ипотека қўлланилиши мумкин бўлмаган объектлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 335-сонли қарори.
- ЎзМДА фондида Самарқанд вилоят бўлими (18), 1-рўйхат, 9828-иш.
Мехрожиддин АМОНОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





