Қози Ҳасан Мотуридий ҳижрий бешинчи асрда Самарқандда яшаган буюк ҳанафий олимлардан биридир. Имом Мотуридий оиласига мансуб бу олим тўғрисида жуда кам маълумотга эгамиз. Унинг вафот этган санаси аниқ эмас. Алломага замондош уламолар тарихига таяниб, унинг V/XI аср иккинчи ярмида вафот этганини тахмин қилиш мумкин. Айрим манбаларда унинг 450/1059 йилда вафот этгани айтилган[1].
Алломанинг тўлиқ исми Ҳасан ибн Али ибн Муҳаммад ибн Аффон ибн Али ибн Фазл ибн Закариё ибн Усмон ибн Аффон ибн Холид ибн Зайд ибн Кулайб ал-Мотуридийдир. Холид ибн Зайд машҳур саҳоба Абу Айюб Ансорийнинг исмидир. Қози Ҳасаннинг насаби мазкур саҳобага бориб етади[2].
Қози Ҳасан Имом Мотуридийга она тарафдан боғланган. Алломанинг отаси Али ибн Муҳаммад Мотуридийнинг набираси, яъни қизининг қизи билан оила қурган ва бу жуфтликдан Қози Ҳасан дунёга келган[3]. Равшан бўлмоқдаки, Қози Ҳасан Имом Мотуридийга эварадир. Тадқиқотчилар Имом Мотуридийнинг Ансорий нисбаси билан аталишини ушбу маълумотга боғлайди. Имом Мотуридий Абу Айюб Ансорийнинг наслидан деган қарашлар мавжуд бўлса-да, унинг асоси етарли эмас. Сабаби, ушбу маълумот “Китабут Тавҳид”нинг ягона нусхаси ҳошиясида номаълум муаллиф томонидан ёзиб қолдирилган қайдга таянган бўлиб, ўз тасдиғини топмаган. Шу сабабли Қози Ҳасаннинг насаб силсиласи чалкаштирилиб, Имом Мотуридийга нисбат берилгани эҳтимоли юқори[4].
Қози Ҳасан Мотуридий ўз даврининг буюк илм дарғаларидан бири бўлган. У ўз даврида дўсти ва ҳаммаслаги Имом Абу Шужоъ Самарқандий (V/XI аср) ва Қози Али Суғдий (ваф. 461/1068) билан бирга Самарқанднинг энг буюк олимларидан бири сифатида танилган эди. Бу уч олим Самарқанд музофотида нафақат оддий халқ, балки уламоларга ҳам раҳнамолик қилган. Минтақада мазҳаб раёсати уларнинг қўлига ўтган, иттифоқлари мўътабар ҳисобланарди. Учовлари бир масала устида иттифоқ қилса, ҳамма шуни қабул қилар, токи уларнинг тасдиғидан ўтмас экан ҳар қандай фатво эътиборсиз қолдириларди[5].
Афсуски, Қози Ҳасан сингари икки дўсти ҳақида ҳам жуда оз маълумот сақланган. Абу Шужоъ Самарқандий Самарқанднинг буюк фақиҳларидан бири бўлгани[6], ўғли Муҳаммад ибн Муҳаммад ҳам катта фақиҳ бўлиб етишгани[7] ва отасидан ривоят қилгани ҳақидаги эслатмалардан бошқа маълумот учрамайди[8].
Қози Али Суғдий ҳақида эса нисбатан кўпроқ маълумот мавжуд. Вафот этган йили аниқ бўлиб, 461/1068 йилда Бухорода оламдан ўтган. Самарқандда туғилиб вояга етган олим кейинчалик Бухорога кўчади ва у ернинг бош қозиси этиб тайинланади. Умрининг охиригача Бухорода яшайди[9]. Фиқҳ илмини Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад Кафинийдан ўрганади. Шамсулаимма Сарахсий эса ундан “Сиярул кабир”ни ривоят қилган. Бу билан Сарахсий Қози Алининг шогирди бўлганини билиш мумкин. Бошқа бир шогирди эса, Усмон ибн Иброҳим Фазлий Бухорийдир. Қози Али “Ан-Нутаф фил фатава”, “Шарҳу сиярул кабир”, “Шарҳу адабил қози”, “Фавоид” сингари асарлар муаллифидир[10].
Қози Ҳасаннинг ўғли Абул Ҳасан Али ибн Ҳасан Мотуридий (ваф. 511/1117) ҳам Самарқанднинг буюк олимларидан бўлган. Баъзи манбаларда олим отаси билан адаштириб юборилган ва ҳатто Имом Мотуридийнинг набираси экани айтилган[11]. Аммо ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, бу янглиш қарашдир. Чунки аллома Абул Ҳасан ҳижрий олтинчи асрнинг бошида, 511/1117 йилда вафот этган. Имом Мотуридий эса ҳижрий тўртинчи асрнинг биринчи ярмида, яъни 333/945 йилда оламдан ўтган. Орадаги муддат сал кам икки юз йилни ташкил қилмоқда ва бу набира ҳатто эвара бўлиш учун кўплик қилади. Тадқиқотларда қайд этилишича, Абул Ҳасан Қози Ҳасаннинг ўғли, Имом Мотуридийнинг эса чеварасидир.
Қози Ҳасан Мотуридий ва унинг ўғли аллома Абул Ҳасан Самарқандда вафот этган ва Имом Мотуридий абадий қўним топган Чокардиза қабристонида, боболарининг ёнига дафн этилган[12].
Юқорида таъкидлаганимиздек, Қози Ҳасаннинг илмий мероси сақланиб қолмаган. Афсуски айрим манбалардаги иқтибослардан ташқари алломага тегишли бирор асар мавжудлиги маълум эмас. Самарқандлик яна бир фақиҳ Носируддин Самарқандийнинг (ваф. 556/1161) “Ал-Мултақот фи фатавал ҳанафия” номли асарида Қози Ҳасан фатволаридан баъзи иқтибослар келтирилган. Жумладан, асарнинг “Намоз”[13], “Талоқ”[14] ва “Савдо”[15] бобларида Қози Ҳасаннинг фиқҳий қарашларини кўришимиз мумкин.
Келажакдаги тадқиқотлар, ҳануз ўрганилмаган ва тадқиқ этилмаган қўлёзма асарлар Қози Ҳасан Мотуридий илмий мероси ҳақида кенгроқ маълумот беради деган умиддамиз.