Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Делегация аъзолари вазир билан учрашди

Делегация аъзолари вазир билан учрашди

Жазоирда сафарда бўлган Ўзбекистон делегациясини Жазоир Халқ Демократик Республикаси Дин ишлари бўйича вазири, Жазоир жоме масжиди мажмуаси раҳбари шайх Муҳаммад Маъмун Қосимий Ҳасаний расмий қабул қилди. Ағвот шаҳрида ўтказилаётган Халқаро тасаввуфий само маданий фестивали доирасида кечган ушбу учрашувда анжуман дирекцияси вакиллари ва хорижлик олимлар ҳам иштирок этдилар.

Мулоқот давомида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори Шовосил Зиёдов Марказ томонидан сўнгги йилларда ислом тарихи, манбашунослик ва буюк мутафаккирлар илмий меросини тадқиқ этиш йўналишида амалга оширилаётган академик фаолият, нашр этилган асарлар ҳамда халқаро алоқаларнинг кўлами ҳақида батафсил маълумот берди.

Шайх Муҳаммад Маъмун Қосимий Ҳасаний мезбон мамлакатнинг энг йирик диний-маърифий маскани ҳисобланган Жазоир жоме масжиди мажмуасининг таркибий тузилиши, унинг қошидаги илмий-тадқиқот институтлари, бой кутубхона фонди ҳамда замонавий таълим имкониятлари билан ўзбекистонлик олимларни яқиндан таништирди.

Суҳбатда томонлар ўзаро манфаатли илмий-академик алоқаларни йўлга қўйиш, ислом цивилизацияси ва қадриятларини биргаликда тадқиқ этиш ҳамда истиқболдаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида дастлабки келишувга эришди.

Шу билан Ўзбекистон олимларининг Жазоир Халқ Демократик Республикасига илмий сафари ниҳоясига етди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мовароуннаҳр уламолари мероси – янги даврда янгича ҳамкорлик учун мустаҳкам асос

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Мисрнинг Ал-Азҳар университети ҳамкорлигида 18 август куни «Ал-Азҳар ва …