Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Бухорий мероси – замонлар ва илмларни туташтирувчи робита

Имом Бухорий мероси – замонлар ва илмларни туташтирувчи робита

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Халқаро академик ҳадис тарихи анжуманлари” лойиҳаси доирасида “Имом Бухорийни қайта кашф этиш” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Марказ, Ҳадис илми мактаби ҳамда Туркиянинг Анқара ва Анқара Йилдирим Боязид университетлари ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман ҳадисшунослик соҳасидаги замонавий тадқиқотларни муҳокама қилиш учун халқаро академик платформа вазифасини ўтади.

Форумнинг очилиш маросимида Имом Бухорий илмий меросининг ислом тамаддунидаги алоҳида ўрни ва унинг бугунги кун илм-фан олдидаги юксак аҳамияти алоҳида эътироф этилди.

Илмий анжуман Ўзбекистон ва Туркия илмий доиралари вакиллари иштирокида олти шўъбада ташкил этилди.

Конференция давомида “Саҳиҳул Бухорий” асарининг тарихий контексти, илк ислом даври сиёсий воқеаларининг ҳадислардаги инъикоси ҳамда Самарқанд ва Бухоро ҳадис мактабларининг шаклланиш тарихи илмий далиллар асосида таҳлил қилинди. Мунозараларда асардаги “Фитан” (“Фитналар”) бобининг тадқиқи, дунё фондларида, хусусан, Истанбулнинг Сулаймония кутубхонасида сақланаётган нодир қўлёзма нусхалар матнларининг қиёсий таҳлили ҳамда “Фатҳул Борий” ва “Умдатул қорий” каби шарҳларнинг методологик хусусиятлари асосий ўрин олди. Шунингдек, мутахассислар Имом Бухорийнинг ровийларни баҳолашдаги ўзига хос тамойиллари, “Саҳиҳ”да қўлланган “инжоз” (асарга анъанавий ҳадис тўпламларида мавжуд бўлмаган янгича бобларни қўшиш) ва “сулосиёт” (уч ровийли ҳадислар) услубларининг моҳияти ҳамда аллома асарларини замонавий исломшунослик ва фиқҳий-луғавий мезонлар асосида ўрганишнинг долзарб масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Анжуман якунида тадқиқотчилар томонидан Имом Бухорий меросининг ахлоқий-тарбиявий аҳамияти, “Ал-Адаб ал-муфрад” (“Одобнома”) асарининг мазмуний таҳлили ва жаҳон кутубхоналаридаги манбаларнинг библиографик тавсифи юзасидан илмий хулосалар баён этилди. Тадбир сўнггида фаол иштирокчиларга халқаро даражадаги сертификатлар топширилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Имом Бухорий мероси — асрлар оша инсонлар қалбини ёритиб келаётган маънавий зиё

Тошкентда «Ислом цивилизациясида илмий анъана: манбалар, имкониятлар ва долзарб масалалар” мавзусида ўтаётган халқаро илмий-амалий конференцияда …