Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Буюклик сири” – битирувчиларга катта маънавий туҳфа

“Буюклик сири” – битирувчиларга катта маънавий туҳфа

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасида 2025-2026 ўқув йили битирувчилари учун ташкил этилган хатмона тадбири доирасида “Буюклик сири” китобининг тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, муаллиф Шукурилло Умаров китобнинг ёзилиш тарихи ва ундан кўзланган мақсад ҳақида сўзлаб берди. Китобда буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг илмга садоқати, юксак ахлоқий фазилатлари, машаққатли илмий сафарлари, ислом ва жаҳон тамаддунида тутган ўрни ёритилганини таъкидлади. Шунингдек, алломанинг буюклик сири аввало илмга муҳаббат, фидойилик, ихлос ва ҳақиқатга садоқат каби фазилатларда намоён бўлиши ҳақида фикр билдирди.

Учрашувда китобнинг мазмун-моҳияти кенг ёритилиб, Имом Бухорий ҳаёти ва илмий меросидан олинадиган сабоқлар ҳақида фикр алмашилди. Айниқса, буюк алломанинг илм йўлидаги фидойилиги, ҳадис илмини ривожлантиришдаги беқиёс хизмати ва ёшу қари учун ибрат бўладиган ҳаёт йўли ҳақидаги мулоҳазалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Тақдимот якунида унда иштирок этган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий номидаги Ислом маркази ва Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси устоз ва битирувчиларига “Буюклик сири” китобининг нусхалар ҳадя қилинди. Таълимни муваффақиятли якунлаётган битирувчиларнинг ҳар бирига китоб совға қилиниши тадбирнинг энг аҳамиятли жиҳатларидан бири бўлди.

Иштирокчилар ушбу ташаббусни мамнуният билан қарши олиб, китобда илгари сурилган ғоялар ёшларнинг маънавий камолоти ва ҳаётий мақсадларини белгилашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган бундай маърифий тадбирлар ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Талабаларнинг малакавий битирув ишлари ҳимояси ўтказилди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Таълим, тадқиқот ва амалиёт” тамойили асосида Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм …