Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (LSE) профессори Раҳмон Чиштий ташриф буюрди.

Ўз даврида Буюк Британия парламентининг аъзоси, Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус вакил бўлган меҳмон Марказ музейи ва кутубхонаси фаолияти билан танишиб, Имом Бухорий ва Мовароуннаҳрнинг бошқа алломалари меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот олди.

Ташриф доирасида Раҳмон Чиштий иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда замонавий дунёда диний саводхонликни ошириш, исломнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойилларини кенг тарғиб қилиш, атроф-муҳит муҳофазаси, сунъий интеллектнинг ахлоқий жиҳатлари ҳамда конфессиялараро мулоқот масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Меҳмон Ўзбекистонда исломий илм-фан ва маънавий меросни асраб-авайлаш ва тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг илмий ва маърифий фаолияти халқаро миқёсда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Шунингдек, у дипломатлар ва давлат хизматчилари учун диний саводхонликни ошириш, замонавий глобал муаммоларга диний-маърифий ёндашувларни ишлаб чиқиш ҳамда турли маданият ва конфессиялар ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлашда илмий марказларнинг ўрни муҳим эканини қайд этди.
Давра суҳбати давомида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби ҳузуридаги Глобал жамиятда имон маркази (Centre for Faith in Global Society) ўртасида илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба ва билим алмашиш истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Учрашув савол-жавобларга бой ва самимий руҳда ўтди.
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





