27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида тантанали тадбир ташкил этилди. Унда Марказ Матбуот хизмати масъуллари, Нашрлар бўлими ходимлари, сайт ва ижтимоий тармоқлар бошқарувчилари ва “Имом Бухорий сабоқлари” журнали ижодкорлари жам бўлди.

Анжуманни Марказ раҳбари Шовосил Зиёдов табрик сўзи билан очиб, бугунги тезкор ахборот асрида холислик ва тўғриликни сақлаб қолиш нақадар муҳим ва масъулиятли вазифа экани ҳақида сўзлади. Шунингдек, Марказ ижодий жамоасининг халқимизга илм-маърифат улашиш, аждодлар меросини содда ва тушунарли тилда етказишдаги фидокорона меҳнатини алоҳида эътироф этди.

Бу қутлуғ сана замирида катта тарихий маъно мужассам. Бир асрдан зиёд вақт аввал жадид боболаримиз томонидан асос солинган “Тараққий” газетаси айнан шу куни илк бор дунё юзини кўрган эди. Ўша даврда халқни уйғотиш ва маърифат тарқатиш байроғи бўлган бу нашр бугунги миллий журналистикамизнинг пойдевори ҳисобланади. Бугунги суҳбатда ҳам ушбу тарихий меросга муносиб бўлиш, сўз қадрини англаш ва жамият ривожига ҳисса қўшиш ҳар бир ижодкорнинг бош бурчи экани таъкидланди.

Учрашув давомида сўзга чиққан соҳа мутахассислари замонавий медиа макондаги янги тенденциялар, тезкорлик ва сифат уйғунлиги хусусида фикр билдирди. Марказнинг рақамли платформалари орқали ёшлар онгида одоб-ахлоқ, миллий қадриятлар ва илмга меҳр ва иштиёқни мустаҳкамлаш ишларини янада жонлантириш зарурлиги қайд этилди.

Байрам тадбири, анъанага кўра, тақдирлаш маросими билан якун топди. Йил давомида фаоллик кўрсатган, қалами билан эзгуликка хизмат қилган бир гуруҳ матбуот ходимларига Марказ касаба уюшма қўмитасининг эсдалик совғалари топширилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





