Аҳли бидъат мусулмонлар орасида ҳар турли фикрларни тарқатиб, фитна чиқаришга уриниши, давлат ва жамият ҳаётининг маромини бузишга ҳаракат қилиши одатий ҳол бўлиб қолди. Эътиборсиз қолгани сари ҳужумларини манзилли қилишга, оқибатда кўпроқ машҳур бўлишга интилмоқда. Янада кўпроқ намозхонни жамлаш, зиёратчиларга қулайликлар яратиш ва маърифат улашиш мақсадида мутлақ янги қиёфа касб этган Имом Бухорий мажмуаси уларнинг навбатдаги нишони бўлди. Сабаб – гўё қабр зиёрати мумкин эмас, бу ширк амал, келганлар қабрни тавоф қилар эмиш. Аслида-чи, динимизда бу борада нима дейилган, уламолар қандай фикрда?!
Ислом шариатида солиҳ инсонлар, авлиёлар ва уламоларнинг қабрларини зиёрат қилиш жоиз (мумкин) ва мустаҳаб (савобли) амаллардан ҳисобланади. Бунга қарши чиқувчи ва “солиҳлар қабрини зиёрат қилиш мумкин эмас” дегувчиларнинг фикрлари асоссиз бўлиб, исломнинг асл манбалари (Қуръон ва Суннат) ҳамда умматнинг жумҳур уламолари томонидан рад этилган.
Тўғри, исломнинг дастлабки даврида қабр зиёрати вақтинча тақиқланган эди, чунки жоҳилият одатларини энди-энди унутаётган одамларнинг қабр бошида ширк сўзларни айтиб қўйиш хавфи бор эди. Бироқ кейинчалик бу тақиқ шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан бекор қилинган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Аммо энди уларни зиёрат қилаверинг! Чунки бу қалбни юмшатади, кўзни ёшлатади ва охиратни эслатади”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Ушбу ҳадисда қабрлар умумий шаклда зикр қилинган. На Пайғамбар алайҳиссалом, на саҳобалар “фақат Фалон кишининг қабрини зиёрат қилиш мумкин” ёки “солиҳларнинг қабрини зиёрат қилиш мумкин эмас” деган чеклов қўйган. Усули фиқҳ қоидасига кўра, насс (Қуръон ва Суннатдаги очиқ далил) умумий келган бўлса, уни далилсиз тор маънога буриш мумкин эмас.
Ушбу ҳадисдаги “зиёрат қилаверинг” деган буйруқ-рухсат умумий бўлиб, унга кўра барча мусулмонларнинг, хусусан, ҳаётлик чоғида амаллари билан Аллоҳга энг яқин бўлган солиҳларнинг қабрларини зиёрат қилиш айтилган фазилатларга (қалб юмшаши, охиратни эслаш) сабаб бўлади.
Исломда мўмин кишининг қадр-қиммати у ҳаёт бўлса ҳам, вафот этган бўлса ҳам бир хил сақланади. Солиҳ бандалар зиёрати ҳаётлигида уларнинг суҳбатидан, дуоларидан барака олиш учун қилинганидек, вафотидан кейин уларнинг ҳаққига дуо қилиш, эслаш ва ибрат олиш учун қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тез-тез Бақиъ қабристонига ва Уҳуд шаҳидлари қабрларига бориб, уларнинг ҳаққига дуо қилар ва салом берар эдилар. Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва укаси Абдураҳмоннинг қабрини зиёрат қилгани ҳам бу борада бирор тақиқ йўқлигига яққол мисолдир.
Мазҳаб уламолари солиҳлар ва авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилишни нафақат жоиз, балки мустаҳаб деб билган. Айниқса ота-она, уламолар ва машойихларнинг қабрларини зиёрат қилиш одоб белгисидир. Ислом тарихига назар ташланса, Макка, Мадина, Бағдод, Дамашқ, Қоҳира, Бухоро, Самарқанд каби ислом марказларида уламолар, муҳаддислар ва солиҳ кишиларнинг қабрлари зиёрат қилинган. Бу иш ҳаром бўлганида, ўнлаб асрлар давомида уммат уламолари бу хусусда сукут сақламаган бўлар эди.
Бу масалада икки жиҳатни бир-биридан ажратиш керак: қабр зиёратининг ўзи ва ўша пайтда қилиниши мумкин бўлган нотўғри амаллар. Кўпинча баҳс ана шу икки масалани аралаштириб юбориш натижасида келиб чиқади. Солиҳлар қабрини зиёрат қилишни тақиқловчилар асосан иккита далилни рўкач қилади:
Биринчиси – “бу ширкка олиб боради, чунки одамлар қабрдагидан ёрдам сўраб юборади”.
Шариатда бир амалнинг ичида хато содир бўлиши мумкинлиги учун ўша амалнинг ўзи тақиқланмайди. Зиёратчи қабрга сиғинса, ундан бирор нарса сўраса, бу албатта хато ва ширкдир. Лекин мусулмонлар қабрга сиғиниш учун эмас, балки Аллоҳнинг қазои қадарини эслаш, қабрдаги солиҳ инсоннинг ҳаққига дуо қилиш, унинг тарихини ўрганиш ва ибрат олиш учун боради. Одамларга тўғри зиёрат одобларини ўргатиш керак, зиёратни бутунлай ман қилиш эмас. Шу билан олам – гулистон.
Иккинчиси – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қабрларни масжид қилиб олганларни Аллоҳ лаънатласин” деган ҳадислари.
Ушбу ҳадис қабрга сажда қилишни, унга қараб намоз ўқишни ёки ундаги бандани илоҳлаштиришни тақиқлайди. Аммо тўғри ниятда бориб, салом бериб, Қуръон тиловат қилиб, савобини бағишлаш “қабрни масжид қилиб олиш” дегани эмас.
Солиҳлар ва авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилиш – рухсат этилган, руҳиятни тарбиялайдиган, ўтганларнинг хотираси ва шахсиятига ҳурмат кўрсатиладиган гўзал амалдир. Зиёрат қилиш мумкин эмас, деган фикр динда чуқур кетиш ва суннатни тўғри тушунмаслик маҳсулидир.
Уламолар ман қилинган амалларни санаб, қабрда ётганга ибодат қилиш, ундан ёрдам сўраш, уни қудрат соҳиби деб билиш, қабрни муқаддаслаштириб юбориш ва уни тавоф қилишни тақиқлайди. Лекин шаръий одоб ва тартибларга риоя қилиб, Аллоҳнинг розилиги учун улуғлар қабрини зиёрат қилиш албатта яхши амалдир. Унда Қуръон ўқиш, маййит учун дуо қилиш, охиратни эслаш, солиҳлар ҳаётидан ибрат олиш каби таъсирчан ва тарбиявий маъно-моҳият бор.
Ҳозир зиёратгоҳ ва қадамжолар маърифат масканига ҳам айланиб, зиёратчиларга маълумот тарқатиш, илм бериш ва маънавий озуқа улашиш асосий мақсад қилинган. Шубҳасиз, бу жиҳатлар зиёрат қадрини янада оширади.
Баҳодир МИРЗАЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





