Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” АСАРИНИНГ ИСЛОМ ИЛМЛАРИ РИВОЖИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” АСАРИНИНГ ИСЛОМ ИЛМЛАРИ РИВОЖИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

Мовароуннаҳр диёридан жаҳон цивилизацияси ва ислом тамаддуни ривожига катта ҳисса қўшган муфассир, муҳаддис, мутакаллим ва фақиҳ алломалар етишиб чиққан. Манбаларда келтирилишича, биргина ҳадис илми бўйича уч мингдан зиёд муҳаддис юртимизда фаолият олиб борган. Ислом оламида ҳадис илми устозлари саналган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Абдулҳамид Кеший, Ҳайсам Шоший ва Муҳаммад ибн Ҳиббон каби муҳаддисларнинг буюк хизматлари туфайли бу ўлка “Буюк муҳаддислар юрти” деб эътироф этилган ва уларнинг ноёб асарлари кенг ўрганилган.

Бу заминдан етишиб чиққан буюк уламолардан ҳадис илми соҳасида энг машҳурларидан бири, шубҳасиз, Имом Бухорийдир. Аллома ўзининг нодир зеҳни, ижтиҳоди, ақл бовар қилмас хотираси, ноёб истеъдоди билан ўз замонасида ҳам, кейинги даврларда ҳам катта ҳурматга сазовор бўлган. Ислом дунёсида муҳаддислар султони дея шуҳрат топган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси даврлар оша ўз қадр-қимматини йўқотмай, катта қизиқиш билан мутолаа қилиниб, тадқиқ этилиб келмоқда.

Маълумки, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳ қирқ йил мобайнида илмий сафарда бўлиб, ижодий фаолияти давомида йигирмадан зиёд асар ёзган. Унинг илмий мероси ҳажми, замонасининг ижтимоий-маънавий илмларини тўла-тўкис қамраб олгани билан кишини ҳайратга солади. Имом Бухорийнинг жуда ёш пайтидаёқ китоб ёзишни бошлагани ва илмнинг бир неча йўналишларида кўплаб китоб ёзгани маълум.

“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) Имом Бухорийнинг шоҳ асари  ҳисобланиб, у ўн олти йил мобайнида ёзилган. Асарнинг қўлёзма нусхалари бутун дунёнинг машҳур кутубхоналарида сақланмоқда. Бугунги кунда бу тўплам ўзбекчага таржима қилинган бўлиб, ундан ёшу кексалар мутолаа қилиб, маънавий-руҳий қувват олмоқда.

“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га кўплаб шарҳлар ёзилганидан ҳам асарнинг қиймати нечоғлик юксак эканини англаб олиш мумкин. Имом Бухорийнинг бу асари Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба саналади. Кўпчилик бу тўплам ва унга оид маълумотларни билишга интилади. “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” тўплами хорижлик олимлар томонидан жуда мукаммал ўрганилган ва бу ҳақда китоб, рисола ва баҳслар ёзилган. Бизнинг юртимизда ҳам ўрганилган. Лекин мукаммал деб бўлмайди. Бу тўпламни ўрганиш, тадқиқ қилиш ва у ҳақидаги қизиқарли маълумотларни халқимизга етказиш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири саналади. Хусусан, бу тўплам ҳақидаги маълумотларни ўрганиш халқимиз учун жуда қизиқ. Демак, биз келажакда бу ишларни амалга оширишга масъулмиз. Буни ўрганишдан мақсад, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” тўплами ҳақидаги маълумотларни халқимизга етказишдир.

“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га оид маълумотлар ҳар хил манбаларда турлича келтирилган. Баъзи манбаларда тўпламнинг нусхалари баён этилган бўлса, бошқаларида шарҳ, ҳошия ва таржималарига урғу берилган. Ҳожи Халифанинг “Кашфуз зунун” асарида “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” тўпламига бағишлаб ёзилган шарҳлар баён этилган. Муҳаммад Исом Ҳусаний ва доктор Абдуғани Абдухолиқ ўз асарларида “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” тўпламига ёзилган шарҳ, ҳошия ва мухтасарларга кўпроқ эътибор қаратган. Яна бу асар қандай ниятда ўқилса, кўзлаган мақсади ҳосил бўлишини ҳам баён этган. Шамсиддин Заҳабий “Тарихул ислом”да “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба эканига эътибор қаратган. Туркиялик олим доктор Фуад Сезгин “Тарихи туросил арабий” (“Арабий мерослар тарихи”) асарида “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га бағишлаб ёзилган шарҳ, мухтасар ва қўлёзма нусхаларини келтирган.

Манбаларда бу асарнинг ёзилишига Имом Бухорийнинг устози Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг сўзлари сабаб бўлган, деб кўрсатилган. Хусусан, Иброҳим ибн Маъқил Насафий (ваф. 854/1450)дан бундай ривоят қилинади: “Имом Бухорий: “Исҳоқ ибн Роҳавайҳ бир куни: “Қанийди сизлардан бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан саҳиҳларини тўплаб, бир асар таълиф этсангиз”, деди. Мана шу сўз менинг қалбимга қаттиқ ўрнашиб қолди. Натижада “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни жамлашга киришдим”, деб айтади” [5:7].

Туркиялик олим доктор Фуад Сезгин баъзи ривоятлардан “Тарихи туросил арабий” китобида Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ (194-256/810-870) “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарини вафотидан 23 йил олдин ёзиб тугатганини айтади. Имом Бухорий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарини 16 йил давомида ёзганини зикр қилган. Уни тахминан 217/832 йили бошлаб, 233/848 йилда тугатган [3:16-17].

Шамсиддин Заҳабий (ваф.748/1347) “Тарихул ислом” китобида: “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари Қуръони каримдан кейинги энг улуғ ва афзал китоб бўлиб, ҳозирги кунда одамлар учун энг олий санаддир”, деб ёзган [11:274].

Имом Бухорий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни ёзиб бўлиб, уни одамларга етказиш учун дарс ҳалқалари ташкил қилган. Ушбу дарсларда унинг атрофида “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни эшитишга муштоқ бўлган ва ривоят қилишга катта қизиқиш билан қарайдиган кўп одам тўпланган.

“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни Имом Бухорийнинг ўзидан эшитган бу жамоани орасидан китобни бошқалардан кўра кўпроқ эшитган ровийлар тоифаси машҳур бўлган. Улар китобни мукаммал ўрганган. Ўзидан кейинги ровийларга бу китобни етказган. Улар ҳам ўзидан кейингиларга етказган. Натижада дунёда китобнинг қадри баланд бўлган ва номи кенг тарқалган.

Имом Бухорий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”дан дарс берадиган мажлисларда ривоятларни тўғрилаш, эшитган нарсаларини ёзиб олиш ва лафзларни тузатиш учун ҳимматларини сарфлайдиган ровийлар тўпланган. Бу ҳақда Имом Бухорийнинг энг машҳур шогирди Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий (231-320/846-932): “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобини муаллифнинг ўзидан мен билан бирга тўқсон мингга яқин киши эшитган. Бу китобни Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа бирор киши қолмади”, деб айтади [7:28]. Ҳақиқатан, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” нусхалари орасида Имом Фирабрийнинг ривояти жуда машҳур бўлиб кетган. Бунинг сабаби унинг узоқ умр кўргани ва китобининг нусхаси тўлиқ бўлганидир.

Ибн Рушайд Сабтий бундай деган: “Бугун Машриқ ва Мағрибда “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобини эшитишда санади Имом Бухорийга боғланган йўл Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг йўлидир. Ривояти комиллиги, муаллифга яқинлиги ва ровийларининг машҳурлиги учун одамлар унга суянади. Унинг қўлида “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг асл нусхаси бўлган ва ундан Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг шогирдлари кўчириб олган. Бу эса Абу Абдуллоҳ Фирабрийни қўллаб-қувватлайдиган ҳужжат ва унинг тўғрилигига шаҳодатдир. Сўнгра “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китоби Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан мутавотир йўл билан нақл қилинган. Мусулмонлар буни маҳкам ушлаган ва унга ижмоъ боғланган. Натижада аниқ ҳужжат бўлган” [2:18-19].

Бу ҳақда Ибн Ҳажар Асқалоний (ваф. 1448): “Бу асрда ва бундан олдинги асрларда “Ал-852/Жомеъ ас-саҳиҳ” китобини эшитишда санади боғланган ривоят Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор ибн Солиҳ ибн Бишр Фирабрийнинг ривоятидир”, деган [10:491-492].

Имом Бухорий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни Фирабрда дарс бериб бўлгач, 255/869 йилда Насафга келган ва шу ерда бир муддат яшаган. Буюк муҳаддис ушбу шаҳарга келиб, яшаганида насафликлар “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни Имом Бухорийнинг ўзидан таълим олган. Улар: Ҳаммод ибн Шокир Насафий, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил Насафий, Абу Фазл Тоҳир ибн Ҳусайн ибн Махлад, Абу Талҳа Мансур ибн Муҳаммад ибн Али Паздавий, Тубан қишлоғининг бошлиғи Абу Фазл Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Аббос Тубаний ва Халаф ибн Шоҳид ибн Ҳасан ибн Ҳошим ва бошқалар.

Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” тўпламига кўплаб шарҳ ёзилганидан ҳам асарнинг қиймати нечоғлик юксак эканини англаб олиш мумкин. Бошқа асарлар каби “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га ҳам кўпдан-кўп шарҳлар битилган бўлиб, у муҳим манба сифатида қайта-қайта нашр қилинган. Араб тилидаги шарҳ ва ҳошиялар жуда кўп бўлиб, ҳажм ва аҳамияти жиҳатидан хилма-хилдир. Қатор манбаларда уларнинг сони юзга яқин экани айтиб ўтилган. Хусусан, Муҳаммад Исом Ҳусаний “Итҳофул қорий би-маърифати жуҳуд ва аъмолил уламо ала Саҳиҳил Бухорий” асарида бу асарга бағишлаб уч юз етмишга яқин мухтасар ва тўлиқ китоб ёзилганини таъкидлайди. “Кашфуз зунун” муаллифи Ҳожи Халифа элликка яқин шарҳ ёзилган, дейди.

Доктор Фуад Сезгин (1342-1439/1964-2018) “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га бағишлаб ёзилган эллик олтита шарҳни санаб ўтган. У яна “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг ўн тўртта мухтасарини ҳам келтирган.

“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг атрофида жуда кўп китоб ва рисола битилган. Доктор Фуад Сезгин “Тарихи туросил арабий” асарида уларни қуйидаги тартибда келтирган:

Биринчиси: Сулосиёт (“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”даги уч ровийли олий санадли ҳадислар) китоблари бўлиб, бир нечта уламолар шундай асарлар ёзган. Яна Сулосиётга бағишлаб ёзилган китоб ва шарҳлар бор.

Иккинчиси: “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг боблари ҳақида ёзилган китоблар бўлиб, бу борада бир нечта асарлар битилган.

Учинчиси: “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни ўқиш одоблари ва унга боғлиқ масалалар ҳақида ёзилган китоблар.

Тўртинчиси: Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” тўпламидаги ҳадисларни ривоят қилган устозлари ва асарнинг манбалари ҳақидаги китоблар.

Бешинчиси: Имом Бухорий ва Имом Муслим биргаликда ҳадис ривоят қилган ровийлар ва уларнинг ҳадислари ҳақидаги китоблар.

Олтинчиси: “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ва “Саҳиҳи Муслим”да бир хил келган матнларни жамловчи шарҳлар.

Еттинчиси: “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ва “Саҳиҳи Муслим”да муштарак (ўхшаш) бўлган ривоятларни жамловчи ва мукаммал қилувчи китоблар [4:255].

Доктор Фуад Сезгин “Тарихи туросил арабий” асарининг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари қўлёзма нусхалари бўлимида қуйидагиларни келтиради: “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари қўлёзма нусхалари араб оламидаги деярли барча кутубхоналарда учрайди. Нусхалар орасида биз билган энг қадимий қўлёзма – 370-390/980-999 йилларда Марвазий ривоятига кўра кўчирилган “Минжана” нусхаси ҳам бор. Мазкур нусха 1936 йил Кембриж университетига олиб кетилган” [4:228].

Замондош уламолардан доктор Абдуғани Абдухолиқ ўзининг “Имом Бухорий ва унинг саҳиҳи” асарида “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га боғлиқ шарҳ, ҳошия ва мухтасарлардан бир юз ўттиз биттасини келтирган. Ҳадисшунос олим Убайдулла Уватовнинг тадқиқотларида 80 дан зиёд шарҳ ва уларнинг муаллифлари ҳақида маълумот келтирилган.

Бу асарни ўрганиш даставвал хаттотлар томонидан кўчиришдан бошланган. Жумладан, Қуддусда яшаган Абу Наср Мўътаман Сожий милодий 1053-1113 йилларда асарни олти марта тўлиқ кўчирган. Ушбу асар ислом оламида ўта аҳамиятли бўлгани учун ёзиб тугатилганидан ҳозирга қадар унга шарҳ ва ҳошиялар битилиб, тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Ҳозирга қадар асарнинг бир юз элликка яқин шарҳи бор экани аниқланган. Ҳиндистонлик машҳур олим Абдусалом Муборакфурий (1289-1342/1872-1924)нинг “Сийратул Имом Бухорий саййидил фуқаҳо ва имомил муҳаддисин” (“Фақиҳлар пешвоси ва муҳаддислар етакчиси Имом Бухорийнинг таржимаи ҳоли”) китобида “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га ёзилган бир юз қирқ иккита шарҳни санаб, улар ҳақида қисқача маълумот келтирган [1:452]. Бу борада олим китобининг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарига ёзилган шарҳ ва изоҳлар, деб номланган тўртинчи бобида бундай дейди: “Асарнинг улуғворлиги ва қадри буюк эканига исбот сифатида унга ёзилган шарҳ ва изоҳларни келтириш мумкин. “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” тўпламига шарҳ ёзган олимлар қайси мазҳаб ва йўналишда бўлишидан қатъи назар, асар ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Шарҳ битганларнинг баъзилари асарнинг умумий ҳолатига шарҳ ёзган бўлса, бошқаси ҳадис ривоят қилган инсонлар китобда келтирилган фиқҳ илмига оид мавзуларни ўрганиб, тадқиқ қилган. Шарҳ ёзганлардан баъзилари ўз шарҳини муфассал ёзган бўлса, айримлари умумлаштириб, яна баъзилари ўзидан олдин ёзилган шарҳларни мухтасар – ихчам ҳолатга келтириб, жамлаган. “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га оид шарҳларнинг ҳаммасини ёки у ҳақда ёзилган китобларни тадқиқ қилиш жуда қийин иш. Аммо қўлимдан келганича, ўша изоҳ ва мулоҳазаларни ҳурматли ўқувчига ҳавола этаман. Ҳадис олимлари ўз асарида ишора қилган баъзи шарҳлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш имкони йўқ бўлгани учун уларнинг номи ёки тафсилотини келтирмасдан, батафсил маълумот бера олмаганимиздан чуқур афсусдаман” [1:363]. Ушбу маълумотлардан “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканини англаш мумкин.

Асарнинг илк шарҳи сифатида Имом Хаттобий номи билан машҳур Абу Сулаймон Аҳмад ибн Муҳаммад (319/931-388/998)нинг “Аъломус сунан” китобини келтириш мумкин. Бу китоб ҳақида машҳур тарихчи олим Ҳожи Халифа (ваф. 1068/1657) қуйидагиларни айтиб ўтади: “Аъломус сунан” асари ўта нодир шарҳ бўлиб, у “Неъматларни беминнат тортиқ қилувчи Аллоҳга ҳамд бўлсин” деб бошланади. Имом Хаттобий “Маолимус сунан” китобини тугатганидан сўнг, ушбу асарни бир жилдда ёзиб қолдирди. Бу асар Балх аҳли илтимосига биноан ёзилган” [9: Ж: 1. – Б: 545]. Имом Хаттобийнинг “Маолимус сунан” китоби олти саҳиҳ ҳадис асарлари орасидаги Имом Абу Довуд (202-275/889-817 й.)нинг “Сунан”ига ёзилган шарҳдир.

Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарига илк шарҳ деб қараладиган “Аъломус сунан” асарининг номи борасида бир қанча қараш бор. Яъни асар номи аслида “Аъломус сунан” бўлганми ёки бошқами деган савол тадқиқотчилар орасида учрайди. Чунки унинг бир қанча қўлёзма нусхаларида “Аъломус сунан” номидан ташқари “Ал-Иъломус сунан”, “Ал-Иъломул Бухорий”, “Аъламул ҳадис” каби ўнга яқин кўринишларни учратиш мумкин. Асар устида тадқиқот олиб борган доктор Муҳаммад ибн Саъд сўнгги хулоса ўрнида унинг номини “Аъломус сунан” эканини тўғри деб қайд этган [6:67].

Имом Хаттобий ўзининг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га ёзилган “Аъломус сунан” номли шарҳида: “Мен китобнинг кўпроқ қисмини Халаф ибн Муҳаммад Хайёмдан, у Имом Бухорийнинг ўзидан “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни эшитган машҳур шогирди Иброҳим ибн Маъқил Насафийдан Имом Фирабрийнинг йўлидан бошқа йўл билан эшитдим”, деган. Демак, Имом Хаттобий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни Иброҳим ибн Маъқил Насафийнинг йўли орқали ривоят қилган ровийлардан бири саналади. У китобнинг кўпроқ қисмини Иброҳим ибн Маъқил Насафийнинг йўли орқали, фақат китобнинг охиридаги ҳадисларни эса Фирабрийнинг йўли орқали эшитган.

Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил Насафийнинг ривояти Абу Солиҳ Халаф ибн Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг йўли орқали тарқалган. У мовароуннаҳрлик муҳаддис бўлиб, Иброҳим ибн Маъқил Насафий ва бошқа муҳаддислардан ҳадис ривоят қилган. Бошқа шаҳарларга сафар қилмаган. Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил Насафийнинг ривояти Ер юзида кенг тарқалган.

Ибн Халдун: “Имом Бухорий асарининг шарҳи ислом умматига қарздир”, деган. “Фатҳул борий” номли шарҳ ёзилганидан кейин аллома Имом Саховий “Умдатус самеъ вал қорий” асарида: “Эҳтимол, ўша қарздан бутун ислом уммати энди қутулди”, деб таъкидлаган.

“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га ёзилган шарҳлар орасида энг кўп мутолаа қилинадиганлари Ибн Ҳажар Асқалоний (773/1372-852/1449) қаламига мансуб “Фатҳул борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий” ва Бадриддин Айнийнинг (762/1361-855/1451) “Умдатул қорий фи-шарҳи Саҳиҳил Бухорий” асарларидир. Ўз даврида ҳеч ким китоб ёзишда бу икки алломага тенглаша олмаган.

“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га ҳанафий йўналишида ёзилган шарҳлар орасида энг машҳури 21 жилдли “Умдатул қорий фи-шарҳи Саҳиҳил Бухорий” бўлиб, мухтасар ҳолатда “Умдатул қорий” номи билан танилган. Бу эса энг мукаммал шарҳлардан бири ҳисобланади. Унда Бадриддин Айний “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”да ҳанафий мазҳабига мос келмаган ҳадислар муқобилига мосларини келтириб шарҳлаган ва афзал жиҳатларини ёритиб берган. Ўқувчи тез ва осон фаҳмлаши учун қийин тушуниладиган оят ва ҳадисларга изоҳлар ёзган. Жумладан, ўқувчи керакли манбани тез топиши учун ҳар бир жуз аввалида мундарижа келтирган.

Бадриддин Айний бу шарҳни ҳижрий 821 йили бошлаб, 847 йилда, яъни 26 йил деганда, Ибн Ҳажар Асқалоний “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”га “Фатҳул борий” номли шарҳни ёзиб тугатганига 5 йил бўлганда тамомлаган. Кўплаб уламоларнинг нуқтаи назари ва билдирган фикрларига қарасак, “Умдатул қорий” афзалроқ экани равшан бўлади.

“Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” тўплами ҳар жиҳатдан мақбул ва минг йилдан буён матлуб бўлганига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Зеро, бу асар ҳадис илмида ёзилган китоблар орасида энг буюги ва энг машҳури ҳисобланади. Бу асарни Аҳли сунна вал жамоа уламолари ва мусулмонларнинг катта қисми Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба, деб билган. Асрлар давомида дунё уламолари “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни ўқишга, ўқитишга катта аҳамият бериб келган. Уни ўрганиб, тадқиқ ва таҳлил қилишга диққат қаратган. Унга турли даврларда шарҳлар, ҳошиялар, мустахраж ва мустадрак асарлар, танқидий ва ҳимоявий мазмундаги китоблар тасниф этилган.

Шайх Абдулҳақ Деҳлавий “Ашъатул ламъот”да бундай дейди: “Кўплаб устозлар ва ишончли уламолар “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни мақсадлари ҳосил бўлиши, муҳим ишларига эришиши, ҳожатлари раво бўлиши, бало (бахтсизлик)ларни кетказиш, ғам-ғуссаларни аритиш, касалликларни муолажа қилиш, касалларни даволаш учун мушкул ва қийин вазиятларда ўқиган. Шунда уларнинг мақсадлари ҳосил бўлган, улар ўз мақсадига эришган ва уни синалган (текшириб кўрилган) заҳарга қарши дори каби (фойдали) деб топган. Дарҳақиқат, бу маъно муҳаддисларнинг наздида машҳур бўлган ва кенг тарқалган” [8:33].

Муҳаддис Саййид Жамолиддин устози Саййид Аслиддиндан бундай нақл қилади: “Мен “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни турли хил воқеа ва муҳим ишларда ўзим ва бошқа одамлар учун бир юз йигирма неча марта ўқидим. Уни нима ниятда ўқиган бўлсам, кўзлаган мақсадим ҳосил бўлди ва истаган нарсам етди” [8:33-34].

Мазкур маълумотларга хулоса ва таклиф тарзида қуйидагиларни келтириш мақсадга мувофиқ:

  • Имом Бухорий ҳадис илмида мўминлар амири бўлиши билан бирга, ислом илмларининг бошқа соҳаларини ҳам мукаммал эгаллаган. У ислом илмларининг деярли ҳар бир соҳасига оид китоб ёзган. Китобларининг баъзиси ўша илм бўйича ёзилган асарларнинг энг аввали ҳисобланади. Асарларининг айримлари бизгача етиб келган бўлса, афсуски, айримлари етиб келмаган. Бизгача етиб келган асарлари уламолар томонидан тўлиқ таҳқиқ этилган, ўрганилган ва дунёнинг кўплаб шаҳарларида қайта-қайта нашр қилинган;
  • Биргина китобнинг атрофида бу қадар кўп шарҳ, рисола ва китобнинг ёзилиши, бизга китобнинг аҳамияти ва қиймати нақадар буюклигини билдиради. Демак, бу асар бу қадар кўп шарҳ, баҳс, рисола ва китобнинг ёзилишига сабабчи бўлган. Шунинг ўзи ислом илм-фанининг ривожига катта ҳисса қўшганини англатади;
  • Шубҳасиз, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” буюк муҳаддиснинг шоҳ асари бўлиб, Қуръони каримдан кейинги манба саналади. Бугунги кунда бу тўплам ўзбекчага таржима қилинган бўлиб, ундан ёшу кексалар мутолаа қилиб, маънавий-руҳий қувват олмоқда;
  • Буюк муҳаддиснинг бу асари ҳожатлар раво бўлиши, балоларни кетказиш, ғам-ғуссаларни аритиш ва касалликларни даф қилиш учун мушкул ва қийин вазиятларда ўқилади. Чунки бу нима ниятда ўқилса, кўзланган мақсад ҳосил бўлади;
  • Имом Бухорийнинг ўзидан “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни ривоят қилган ровийларнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш мақсадга мувофиқ;
  • “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг ислом илм-фани ривожига қўшган ҳиссасини ўрганиш орқали, Имом Бухорий Мовароуннаҳрнинг қайси шаҳарларида яшаган, таълим бергани ва қайси машҳур муҳаддислар билан учрашганини ўрганиш мақсадга мувофиқдир;
  • Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳамда қолдирган бой илмий меросини ўрганиш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Чунки бундай тадқиқотлар Имом Бухорий ҳаёти ва фаолияти, ҳадисшунослик илми ва тарихига оид янги маълумотларни юзага чиқаришга хизмат қилади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Абдусалом Муборакфурий. Сийратул Имом Бухорий саййидил фуқаҳо ва имомил муҳаддисин. – Макка: Дору олимил фавоид, 2001.
  2. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Рушайд Сабтий Фиҳрий Андалусий. Ифодатун насийҳ фит таъриф би-санад Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ. – Тунис: Дорут Тунисия, 2019.
  3. Абу Жаъфар Варроқ Бухорий. Шамоили Бухорий. Абу Муовия Байрутий таҳқиқи. Абдувоси Шоназаров таржимаси. – Самарқанд: “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази” нашриёти, 2023.
  4. Доктор Фуад Сезгин. Тарихи туросил арабий. – Саудия Арабистони: Имом Муҳаммад ибн Сауд университети, 1411/1991.
  5. Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул борий. – Байрут. Дорул маърифа, 1959.
  6. Имом Хаттобий. Аъломус сунан. Муҳаммад ибн Саъди таҳқиқи. – Макка: Уммул Қуро университети, 1988.
  7. Исмоил ибн Умар ибн Касир. Ал-Бидоя ван ниҳоя: 15 жилдли. Устозлар жамоасининг таҳқиқи. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1407/1987.
  8. Муҳаммад Исом Ҳусаний. Итҳофул қорий би-маърифати жуҳуд ва аъмолил уламо ала Саҳиҳил Бухорий. – Байрут: Ал-Ямома. 1407/1987.
  9. Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун ан-асомил кутуб вал фунун. – Байрут: Дор иҳя ат-турос, 1941.
  10. Ҳофиз Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар Асқалоний. Ҳадюс сорий муқаддимату Фатҳил борий: 2 жилдли. – Ар-Риёд: Дору Тойба, 1426/2005.
  11. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Тарихул ислом ва вафоётил машайир вал аълом. – Байрут: Дорул китобил арабий, 1990.
  12. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Сияру аъломин нубало: 25 жилдли. – Байрут: Дору муассасатир рисола, 1992.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ҲИЖРАТ ВА УНИНГ НОТЎҒРИ ТАЛҚИНИ

Ҳижрат ўта нозик масалалардан ҳисобланади. Чунки у инсоннинг яшаш жойи, дини ва жамият билан муносабати …