Ҳаётда ўрнини топмаган, одамлардан норози, хориждан “паноҳ тилаган” айрим шахслар “четга чиқиб билдимки, юртимизда амал қилинаётган кўплаб ҳадислар заиф ёки тўқима экан, ҳозир бизда ҳадис илми ривожланмаганми!?” деган савол билан фитнали даъволарни илгари сурмоқда. Бундай қарашлар кўпинча ҳадис илмининг тарихи ва методологиясини етарлича билмаслик натижасида пайдо бўлади. Бу саволга “дин душманлари одамларни ботил билан чалғитиш учун ҳадислар тўқиб чиқарган”, деб жавоб бериш масалага юзаки қарашдир.
“Ҳадис илми ривожланмаган” деган иддао тарихий ҳақиқатга тўғри келмайди. Аксинча, ҳадис илми ислом илмлари ичида энг эрта шаклланган ва энг мукаммал методологияга эга соҳалардан бири ҳисобланади. Ҳижрий I аср охири – II аср бошлариданоқ ривоятларни ёзиш, санадларни қайд қилиш ва ровийларни баҳолаш амалиёти йўлга қўйилган, ривоятларни текшириш учун санад (ривоят занжири) ва матн танқиди каби қатъий қоидалар ишлаб чиқилган. Бир ҳадисни қабул қилишдан олдин ровийларнинг адолати, хотираси, учрашган-учрашмагани каби жиҳатлар синчиклаб текширилган.
Кейинчалик “илми рижол” (ровийлар ҳақидаги илм), “жарҳ ва таъдил” (ровийларни баҳолаш), “илалул ҳадис” (яширин нуқсонларни аниқлаш) каби мустақил илм тармоқлари шаклланган. Бу эса ҳадисларнинг чуқур ва танқидий таҳлил қилинганини кўрсатади.
Буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳадис қабул қилишда жуда қатъий шартлар қўйган. У киши юз минглаб ривоятларни саралаб, фақат энг ишончли деб топилганларини танлаб олган. Унинг “Саҳиҳул Бухорий” асарида санад муттасиллиги, ровийларнинг адолати ва хотираси, учрашув имконияти каби мезонлар қатъий текширилган. Шунингдек, Имом Муслим “Саҳиҳи Муслим” тўпламида ривоятларни турли санадлар орқали қиёсий таҳлил қилган. Имом Термизий ҳадис даражасини баён қилиш билан бирга фуқаҳолар амалини ҳам қайд этган. Имом Абу Довуд ва бошқа муҳаддислар ҳам ҳадисларни танлашда аниқ илмий мезонларга амал қилганлар. Агар ҳадис илми ривожланмаган бўлганида, бундай мукаммал танқидий мактаб шаклланмаган бўлар эди.
Муҳим жиҳатлардан яна бири заиф ҳадис билан тўқима (мавзуъ) ҳадисни фарқлашдир. Илмий таснифда “заиф” дегани ривоят шартларидан бирида нуқсон борлигини англатади. Бу нуқсон санадда узилиш, ровий хотирасида заифлик ёки адолат борасида баҳс мавжудлиги каби сабабларга боғлиқ бўлиши мумкин. Лекин бу атайин тўқилган дегани эмас. “Мавзуъ” ҳадис эса қасддан тўқилган, Пайғамбар алайҳиссалом номларига боғланган ёлғон ривоятни англатади. Муҳаддислар айнан шу фарқни аниқ белгилаб берган. Демак, заиф ривоятларнинг мавжудлиги илмсизлик эмас, балки баҳолаш тизими ишлаётганининг далилидир.
Ҳадис тўқиш ислом тарихида мавжуд бўлган ҳодиса сифатида маълум. Буни муҳаддис уламолар очиқ тан олган ва унга қарши жиддий илмий кураш олиб борган. Бироқ тўқима ҳадисларнинг пайдо бўлиш сабаблари фақат “дин душманлари” фаолияти билан чекланмайди. Илмий манбаларда кўрсатилишича, бу ҳодисага турли омиллар сабаб бўлган: сиёсий курашлар, мазҳабий ихтилофлар, фирқавий тарғибот, айрим зоҳидларнинг “фазилатга чақириш” ниятидаги жоҳилона ҳаракатлари, қиссачиларнинг оммани таъсирлантириш истаги ва ҳатто айрим шахсий манфаатлар. Демак, тарихий жараён мураккаб ва кўп омилли бўлган. Уни фақат ташқи душманларга боғлаб қўйиш илмий таҳлил талабларига жавоб бермайди.
Тарихда исломга қарши бўлган айрим гуруҳлар ҳадис тўқишга урингани ҳақида маълумотлар бор. Лекин муҳаддислар айнан шу хавфни ҳисобга олиб, жуда кучли ҳимоя механизмини ишлаб чиққан. Ровийларнинг ҳаёти, сафари, устоз-шогирд муносабатлари ва ҳатто уларнинг шахсий сифатлари ҳақида алоҳида биографик асарлар ёзилган. Бу даражадаги танқидий ёндашув бошқа диний илмларда кам учрайди. Шу сабабли “душманлар ҳадисларни тўлиқ бузиб юборган” деган даъво тарихий ва илмий далилларга зиддир.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, заиф ҳадислар мутлақо ишлатилмайди, деган қараш ҳам тўғри эмас. Баъзи уламолар заиф ҳадисга амал қилишни маъқул ҳисобламасада, кўплаб уламолар фазилатли ишларда, мавъизада, қиссаларда, тарғиботда, амри маъруф, наҳйи мункар ва шунга ўхшаш нарсаларда айтиш, амал қилиш мумкинлигини айтади. Жумҳур уламолар: “Агар заиф ҳадис фазилатли амалларга хос бўлса, унга амал қилиш мустаҳабдир”, дейди. Лекин унга амал қилишнинг учта шарти бор. Ҳофиз Ибн Ҳажар мазкур учта шартни қуйидагича ифода қилган:
а) заифлиги жуда ҳам шиддатли бўлмаслиги керак.
б) ўша ҳадиснинг маъноси шариатда амал қилиниб турган бир аслнинг остига кирадиган бўлиши керак.
в) амал қилиниши билан бирга, унинг собитлигига эътиқод қилмаслик керак, балки эҳтиёт шарт, деган тушунчада бўлиш керак.
Ҳозирги кунда айрим жамиятларда заиф ёки асоссиз ривоятларнинг кенг тарқалиши кўпроқ илмий саводхонлик даражаси билан боғлиқ. Интернет ва ижтимоий тармоқларда манбасиз ривоятлар тез тарқалади. Кўпчилик ҳадис илмининг методологиясини билмагани учун ҳар қандай нақлни қабул қилиши мумкин. Шу сабабли бу ҳолатни ташқи душманлар режаси сифатида талқин қилишдан кўра, илмга мурожаат қилиш, манбаларни текшириш ва мутахассислар хулосасига таяниш тўғрироқ йўл ҳисобланади.
Уламолар асрлар давомида заиф ва тўқима ҳадислар жамланган китобларни ёзиб, қайси ҳадис заиф, заифлиги қай даражада, қайси ҳадис тўқима-ю кимдан ривоят қилинганигача кўрсатиб берган. “Ёруғ кунда қоронғу хонага кириб олиб, қуёш йўқлигидан нолиган кимса” айбни аввал ўзидан қидирсин. Худди шундай, китоб ўқимаган, илмий суҳбатларда қатнашмаган, олимларни тингламаган кишининг “бизда ҳадис илми ривожланмаган” деб дод солиши у ўта жоҳил эканига ишора.
Баҳодир МИРЗАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





