Ҳижрат ўта нозик масалалардан ҳисобланади. Чунки у инсоннинг яшаш жойи, дини ва жамият билан муносабати каби муҳим жиҳатлар билан боғлиқ. Шу сабабли уламолар бу масалага Қуръон ва Суннатга таяниб, жуда эҳтиёткорлик билан ёндашган.
Афсуски, айрим тоифалар одамларнинг оят ва ҳадисларни чуқур тушунмаслигидан фойдаланиб, уларни ўз ғаразли мақсадлари йўлида талқин қилмоқда. Оқибатда одамлар орасида турли ихтилоф ва тушунмовчиликлар юзага келмоқда.
Яқинда бундай гап чиқди: “…ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ”, деганлар. Буни нима мақсадда айтяптилар?! – Макка фатҳидан кейин Маккадан ҳижрат қилиш йўқ, шуни билиб олинг! Бировлар келади-да, “мана ҳадисда айтилган, Макка фатҳ этилганидан кейин умуман ҳеч қандай ҳижрат йўқ” дея бошлайди. Гапнинг мавзуси қандай айёрлик билан ўзгартирилаётганини кўряпсизми?!”
Бу гап ҳадисни ўта қўпол равишда бузиб, фавқулодда маккорлик билдирилган мулоҳаза бўлиб, одамларни шубҳага солиб қўйиши ҳеч гап эмас.
Бундай уйдирма фикрларни тарқатаётганларнинг даъво қилишича, уламоларимиз Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ экани ҳақидаги ҳадисни ўзгартириб талқин қилмоқда экан. Улар бу даъвони илгари сурар экан, “ҳижрат йўқ” дейдиганларни Нисо сурасининг 46-оятида тавсифланган яҳудийларга қиёслайди (“Яҳудий бўлганлар орасида шундайлари (ҳам) борки, Аллоҳнинг сўзини ўз ўрнидан ўзгартирадилар ва тилларини буриб, динга таъна етказиш ғарази билан: “Эшитдик ва (лекин) бўйин сунмадик. Эшитилмас (сўзлар)ни эшит ва бизни асра”, дейдилар. Агар улар: “Эшитдик ва бўйин сундик, эшит ва бизга ҳам назар қил”, деганларида, ўзлари учун яхшироқ ва тўғрироқ бўлар эди. Лекин уларни Аллоҳ куфрлари сабабли лаънатлади. Бас, (уларнинг) озгина (қисми)дан бошқалари имон келтирмайдилар”). Ўша яҳудийлар Парвардигорнинг каломини ўзгартиргандек, гўё уламоларимиз ҳам ҳадисдаги гапнинг мавзусини буриб юборяпти.
Шундай бузуқ талқин ва қинғир фикрлар орқали шариатга мос бўлмаган ҳижрат тарғиб қилинмоқда.
Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ…” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган) деган сўзларига яхшилаб эътибор қаратиб, бу гап замиридаги маънонинг мағзини чақиб кўрадиган бўлсак, ҳижрат масаласи анча осон ойдинлашади.
Исломнинг илк даврида Макка мушриклари мусулмонларни яшашга қўймас, оғир азоб-уқубат берар эди. Бунга дош бера олмаган баъзи мусулмонлар Аллоҳнинг буйруқларини хотиржам ва тўкис адо этиш учун яшаб турган уй-жойларини, вояга етган диёрини тарк этди. Уларнинг бир гуруҳи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари билан Ҳабашистонга ҳижрат қилди. Мадина мусулмонлар тинч яшай оладиган жойга айлангач, Пайғамбаримиз у ерга ҳижрат қилишни буюрдилар. Бир муддатдан кейин ўзлари ҳам у ерга кўчиб ўтдилар.
Мадина тинч ислом юрти бўлган эса-да, у ерда исломни барқарор сақлаб туриш учун мусулмонлар озчилик қиларди. Шунинг учун бошқа жойлардаги мусулмонларнинг Мадинага бориши зарур бўлган.
Ниҳоят, ҳижратнинг 8-йили Рамазон ойида Макка фатҳ этилди. Ислом нури илк бор ёйилган бу муборак шаҳар ислом диёрига айланди. Шундан кейин у ердан Мадинага ҳижрат қилишнинг маъноси қолмади. Чунки мусулмонларга йиллар давомида тазйиқ ўтказиб, таҳдид солиб келган маккаликлар уларга таслим бўлди ва ҳақ динни қабул қилди.
Мусулмонларга зарар етказиши мумкин бўлган кучлар йўқолгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан ҳижрат қилишни тўхтатдилар. Шу билан бу муборак шаҳар қиёматгача ислом юрти бўлиб қолишига ҳам ишора қилдилар.
Макканинг фатҳ этилиши ислом тарихида жуда муҳим бурилиш ясади. Шу вақтдан бошлаб Пайғамбаримизга ёрдам бериш мақсадида Мадинага кўчиб бориш зарурати қолмади.
Шунга биноан, қайси юртда мусулмонларнинг ибодатлари учун тўсиқ бўлмаса, улар эмин-эркин яшаса, у ўлка номи ислом давлати деб номланмаса ҳам, ислом диёри ҳисобланади.
Имом Муҳаммад ибн Исмоил Санъоний “Субулус салом” (“Тинчлик йўллари”) номли асарида мазкур ҳадисни қуйидагича шарҳлаган: “(Уламолар бундай деган:) “Бу ҳадис умумий бўлиб, ўзидан олдинги, ҳижратга далолат бўлувчи далил (ҳукм)ларни насх (бекор) қилувчидир. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларга ўзлари томон ҳижрат қилиб боришни амр қилмаганлар ва улар ўз юртида қолишини инкор қилмаганлар”.
Бирор юртда дин амаллари эркин адо этилишга шароит бўлмаса, у ҳолда ҳижрат кун тартибига чиқиши мумкин. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тавба тўхтамагунча ҳижрат тўхтамайди, тавба эса қуёш мағрибдан чиқмагунча тўхтамайди”, деб марҳамат қилганлар (Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган). “Куфр диёри”дан “ислом диёри”га кўчиш мусулмонлар учун қиёматгача давом этадиган диний бурчдир. Уламолар ҳеч қачон буни инкор этмаган.
Абу Сулаймон Хаттобийнинг таъкидлашича, исломнинг дастлабки йилларида Аллоҳ йўлида ҳижрат қилиш мандуб (савобли, рағбатлантирилган амал) эди. Аллоҳ таоло: “Ким Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўпгина паноҳгоҳлар ва кенглик топади”, (Нисо сураси, 100-оят) деб, мусулмонларга ҳижратни тарғиб қилган. Ушбу оят Макка мушрикларининг мусулмонларга зулми жуда кучайиб кетган пайтда нозил бўлиб, ҳижрат қилганларга кенглик ва ризқ ваъда қилинган.
Кейинроқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг мусулмонларга ўз турган жойидан Мадинага кўчиб бориш фарз қилинди. Бунинг сабаби динни бевосита Пайғамбар алайҳиссаломдан ўрганиш ва зарур пайтда мусулмонларга ёрдам бериш эди. Бироқ Макка фатҳ қилиниб, Аллоҳнинг амрлари адо этиладиган жойга айлангач, ҳижратнинг фарзлиги тугаб, у мандуб амалга айланди. Яъни, Макка фатҳидан кейин ҳижрат фарз мақомидан чиқиб, мандуб ва мустаҳаб амал сифатида қолди. Ҳадисларда “қиёматгача давом этиши” айтилган ҳижрат ҳам ана шу мандуб ҳижратдир.
Масалага шу тарзда қаралса, “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ” мазмунидаги ҳадис билан ўша ҳадислар ўртасида зиддият йўқлиги аён бўлади. Яъни, фатҳдан кейин бекор қилингани – ҳижратнинг фарзлиги, аммо мандублиги – қиёматгача.
Ибн Ҳажар Асқалонийнинг айтишича, ҳижрат икки турга бўлинади:
биринчиси – таҳдидли юртдан хавфсиз юртга; иккинчиси – куфр диёридан ислом диёрига. Маккадан Ҳабашистонга қилинган ҳижрат ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратларидан олдинги Мадинага кўчиш биринчи турга киради. Пайғамбаримиз Мадинага бориб, жойлашганларидан кейин у ерга ҳижрат қилиш эса иккинчи тур ҳисобланади. Аммо Макка фатҳ этилганидан кейин Маккадан ҳижрат қилиш ҳукми тугади. Куфр диёридан ҳижрат қилиш эса муайян шароитларда давом этади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳижратнинг энг афзали ҳақида сўралганда: “Раббинг азза ва жалла ёмон кўрган нарсани тарк қилмоғингдир” (Насоий ривояти), яна бир ҳадисларида: “Аллоҳ ҳаром қилган нарсани тарк қилиш” (Насоий ривояти), деганлар.
Англаб олиш муҳим бўлган жиҳат шуки, ҳижратга шаръий сабаб бўлиши лозим. Шариатга мувофиқ, ҳижрат “куфр диёри”дан “ислом диёри”га кўчишдир. Яъни, мусулмонларнинг яшаб турган юртида жони, эътиқоди, мол-мулкига нисбатан тажовуз кучайганда, ҳижрат қилиш лозим бўлади. Акс ҳолда, бу шаръий ҳижрат эмас, балки оддий кўчиш бўлиб қолади.
Ҳозирги кунда динга, ибодатларни бажаришга тўсиқ ва тазйиқ қўяётган, яъни, ҳижрат қилишга шаръий сабаб бўлган мамлакатлар деярли йўқ. Шунинг учун ҳижрат қилишдан мантиқ ҳам йўқ. Исломнинг фарзи айн бўлган намоз, рўза, закот, ҳаж каби арконлари бемалол адо этилаётган жойлардан ҳижрат қилиш нақлга ҳам, ақлга ҳам тўғри келмайди. Ҳатто Европа ва Америка мамлакатларидан ҳижрат қилиш ҳам фарз ҳисобланмайди. Чунки у юртларда кенг маънода диний эркинлик мавжуд. Аммо шароит ўзгариб, бу мамлакатлар мусулмонлар билан уруш ҳолатига кирса ва у ерда яшовчи мусулмонлар бошқа ўлкалардаги мусулмонларга қарши урушга мажбур қилинса, у ерлардан ислом диёрига ҳижрат қилиш фарз бўлиши мумкин.
“Ислом диёри” ва “куфр диёри” тушунчалари нотўғри талқин қилиниши оқибатида тўғри ёндашувга зид тарзда бузуқ фатволар тарқалиб, одамлар ўртасида ихтилофлар туғилишига сабаб бўлмоқда. Ғараз ниятли кучлар мусулмонлар истиқомат қилиб келаётган юртларни “куфр диёри” деб атаб, ундан ҳижрат қилишга чақирмоқда. Бунга сиёсий ўйинлар, ё ғулувга берилиш, ё фиқҳий масалаларни нотўғри тушуниш, бир сўз билан айтганда, илмсизлик сабаб бўлаётгани аниқ. Чин мусулмон киши ҳеч қачон динимиз ҳукмларини ўзбошимчалик билан ўзгартирмайди. Ўзгартиряпти экан, унинг сиёсий ё моддий бирор сабаби бўлади.
Ҳижратни ўзига фарз қилиб олганлар яшаб турган жойида қандайдир жузъий камчиликлар бўлгани учун юртини тарк этмоқчи бўлса, борадиган жойида ундан-да каттароқ муаммо ё фитналарга дучор бўлиши аниқ. Чунки ҳижратга чақираётганларнинг шаръий далиллари йўқ, улар алдов йўли билан содда одамларни ғурбат ва хунрезлик ботқоғига ботиришни мақсад қилган, холос.
Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





