Самарқандда “Имом Бухорийни қайта кашф этиш” мавзусида ўтказилаётган халқаро илмий конференсияга кўрилган тизимли тайёргарлик доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Туркиянинг Ҳадис тарихи жамияти ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат икки мамлакат илмий муассасалари ўртасида ҳадисшунослик соҳасидаги академик алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Меморандумни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ҳамда Ҳадис тарихи жамияти раиси Меҳмет Эмин Ўзафшар имзолади.

Беш йил муддатга тузилган мазкур келишув доирасида томонлар олимлар ва тадқиқотчиларнинг ўзаро тажриба алмашувини ташкил этиш, ҳадис илмига оид қўшма илмий-тадқиқот дастурлари ва халқаро анжуманлар ўтказиш ҳамда академик манбалар, илмий журналлар ва янги нашр этилган адабиётлар билан алмашиб боришни таъминлашга келишиб олди.


Шунингдек, ҳамкорлик доирасида бакалавриат ва магистратура босқичи талабаларига илмий изланишларда академик ёрдам кўрсатиш ҳамда қўшма тил курсларини ташкил этиш каби муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Конференсия арафасида расмийлаштирилган ушбу стратегик шериклик Имом Бухорийнинг бой илмий меросини тизимли ўрганиш ва жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш йўлидаги залворли амалий қадамлардан бири бўлди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





