Home / АЛЛОМАЛАР / ХV-ХIХ АСРЛАРДА НАҚШБАНДИЯ ТАРИҚАТИНИНГ ЗАРАФШОНДАГИ НАМОЯНДАЛАРИ (1-қисм)

ХV-ХIХ АСРЛАРДА НАҚШБАНДИЯ ТАРИҚАТИНИНГ ЗАРАФШОНДАГИ НАМОЯНДАЛАРИ (1-қисм)

Нақшбандийлар ўзи фаолият кўрсатган ҳудудлардаги ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маданий ҳаётда муҳим ўрин тутган. Ҳукмдор ва амалдорлар тариқат муршидларига ихлос қўйгани туфайли уларнинг мавқеи мустаҳкамланиб борган. Натижада бу ҳолат ободлик ва юрт равнақи учун шогирд-у ихлосмандлар кўмаги билан масжиду мадрасалар, хонақоҳлар барпо этиб, халқнинг ижтимоий-маънавий ҳаёти яхшиланишига туртки берган.

Баҳоуддин Нақшбанд 1389 йилда вафот этганидан сўнг тариқат йўлини давом эттириш масъулияти Алоуддин Аттор зиммасига тушади. Унинг асл исми Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорий бўлиб, Хоразмда таваллуд топган. Носируддин Бухорий “Туҳфатуз зойирин” асарида қуйидаги шажарани тақдим этган: “Саййид Муҳаммад ибн Саййид Амир Муҳаммад Бухорий ибн Саййид Абдуллоҳ Зарбахш ибн Саййид Аҳмад ибн Сайид Абу Бакр ибн Сайид Қосим ибн Сайид Ҳусайн ибн Сайид Мусо ибн Сайид Абдуллоҳ ибн Сайид Муҳаммад Шаҳид ибн Сайид Абдулазиз ибн Саййид Жаъфар ибн Сайид Абдулҳақ ибн Саййид Мужтабо ибн Сайид Муҳаммад кабир ибн Сайид Иброҳим Ризо ибн Имом Али Мусо Ризо орқали тўртинчи халифа Ҳазрати Алига етади”.

Алоуддин Атторга оид маълумотлар Мавлоно Яъқуб Чархий, Салоҳ ибн Муборак, Муҳаммад Порсо, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Фахриддин Али Сафий каби муаллифлар асарларида тарқоқ ҳолда учрайди.

Абдураҳмон Жомий берган маълумотга кўра, Алоуддин Аттор 802/1400 йил 20 ражаб/16 март чоршанба куни хуфтон намози вақтида вафот этган ва қабри Деҳ Навчағаниёндадир (Абдураҳмон Жомий, 254б-саҳифа).

Алоуддин Аттор илмий фаолиятининг муҳим жиҳати шуки, у Баҳоуддин Нақшбанд ҳақида битилган асарларнинг сабабчиси ва тартибга солувчиси бўлди. Хусусан, Муҳаммад Порсонинг машҳур “Рисолаи қудсия” (“Пок калималар жамланган рисола”), Муҳаммад Боқирнинг “Мақомоти Хожа Нақшбанд” (“Хожа Нақшбанд мақомлари”), Мавлоно Яъқуб Чархийнинг “Рисолаи унсия” (“Дўстлик ҳақида рисола”), Салоҳиддин ибн Муборакнинг “Анисут толибин ва уддатус соликин” (“Толиблар дўсти ва соликлар яроғи”) рисоласи каби асарлар унинг туфайли дунёга келган.

Алоуддин Аттор устози Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан кейин тариқатни турли бузғунчи қарашлардан, зиддиятли таҳдидларидан ҳимоя қилган. Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик ҳақида ёзиладиган барча китобларни синчиклаб ўрганиб чиқиб, китоб қилиш учун турли муаллифларни жалб этган.

Унинг Хожа Ҳасан Аттор, Хожа Абдуллоҳ Имом Исфаҳоний, Шайх Умар Мотуридий, Мавлоно Аҳмад Маска, Дарвеш Аҳмад Самарқандий, Сайид Шариф Журжоний, Низомиддин Хомуш, Шайх Абдураззоқ, Мавлоно Абусаид Балхий, Яъқуб Чархий каби шогирдлари бўлган.

Яъқуб Чархий ибн Усмон ибн Маҳмуд Ғазнавий (тахминан 1363 йилда) Ғазна яқинидаги Чарх қишлоғида таваллуд топган. 1380 йилда Бухорода Баҳоуддин Нақшбандга шогирд тушган. Кейинчалик Хожа Алоуддин Атторнинг хизматига кирган. Тасаввуф, фиқҳ, тафсирга доир ўндан ортиқ асар ёзган. Бугунги кунда улардан еттитаси маълум: “Тафсири Чархий”, “Рисолаи унсия” (“Дўстлик ҳақида рисола”), “Рисолатул абдолия” (“Абдол (авлиёлар, валийликнинг юқори даражасига чиққан сўфий)лар ҳақида рисола”), “Рисола дар сийрати Мустафовия ва тариқаи мустақимия” (“Мустафонинг сийратлари ва тўғри йўллар ҳақида рисола”), “Рисола дар илми фароиз” (“Мерос ҳақида рисола”), “Рисола дар ақоид” (“Ақоид илми ҳақида рисола”), “Рисола фил ҳисоб вал фароиз” (“Ҳисоб ва мерос) тақсими ҳақида рисола”), “Мухтасар дар баёни силсилаи нақшбандия” (“Нақшбандия сулуки ҳақида қисқача рисола”), “Шарҳи асмоуллоҳ” (“Аллоҳ исмларининг шарҳи”), “Шарҳи нуваду нуҳ ном” (“Тўқсон тўққиз гўзал исмнинг шарҳи”), “Фароизи манзума” (“Фарзлар ҳақида назмий рисола”).

1400-1447 йиллар давомида нақшбандийлик тариқатини бошқарган Яъқуб Чархий Мовароуннаҳр ва Хуросонда нақшбандия тариқати таълимотининг кенг ёйилишига улкан ҳисса қўшган.

Хожа Муҳаммад Порсо номи билан машҳур бўлган Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳофиз Бухорий (746-822/1345-1420) Марказий Осиё тасаввуф илми ривожининг ислоҳотчиларидан бўлган. Порсо (диндор) лақабини унга устози Баҳоуддин Нақшбанд берган.

Алломанинг йигирмага яқин асари мавжуд. Улар орасида “Рисолаи қудсия”, “Авсофи қудсияи машойихи тариқат” (“Тариқат машойихларининг қудсий калималари”), “Рисола дар одоби мурид”, “Эътиқодот”, “Рисолаи маҳбубия” (“Дўстлик ҳақида рисола”), “Рисолаи кашфия” (“Кароматлар ҳақида рисола”), “Мухтасари тарихи Макка” (“Маккаи мукарраманинг қисқача тарихи”), “Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд”, “Ҳафтоду ду фирқа” (“Етмиш икки фирқа”) каби асарлар қаторида “Мақомоти Хожа Алоуддин Аттор” китоби ҳам бор.

Хожа Убайдуллоҳ Маҳмуд хожа ўғли – Аҳрор Валий номи билан машҳур. 806/1404 йил рамазон/март ойида Шош/Тошкентнинг Боғистонида дунёга келган. Отаси Хожа Маҳмуд ва боболари маърифатли кишилар бўлиб, зироат ва тижорат билан шуғулланган. Она томонидан Шайх Хованди Тоҳурга бориб уланади.

22 ёшида тоғаси Иброҳим Шоший таҳсил учун Самарқандга олиб боради. У ерда Мавлоно Қутбиддин Садрнинг мадрасасида ўқийди. 1428 йили Ҳиротда Сайид Қосим Табризийнинг даргоҳида таҳсилни давом эттиради. Шу тариқа Чағониён мавзеида яшовчи Яқуб Чархий ҳузурига бориб қолади ва тасаввуф сир-асрорларини қунт билан ўрганади. Алишер Навоийнинг “Насойимул муҳаббат” асарида “Хожа Убайдуллоҳ Хуросон машойихлари Ҳазрати Мир Саййид Қосим Анвор, шайх Баҳоуддин Умар, шайх Зайниддин Хавофий, Мавлоно Муҳаммад Асад, Мавлоно Саъдиддин Қошғарий, Мовароуннаҳр машойихлари Хожа Муҳаммад Порсо, Хожа Абу Наср, Мавлоно Низомиддин Хомуш суҳбатида бўлиб, Мавлоно Яъқуб Чархийдан” иршод ва тарбия топгани баён этилган.

29 ёшида Тошкентга қайтиб, деҳқончилик билан машғул бўлади. Халқ орасида анча танилгандан сўнг, 1450 йилдан кейин Самарқандга боради.

Хожа Аҳрор Валий одамларни ром қилувчи ривоятларни, илми фиқҳ ва рубоиётларни, тафсир ва ҳадисларни яхши билган. Унинг ҳаёт йўли ва фазилатларини баён қилувчи тарихий асарлар орасида энг биринчилардан бўлиб ёзилгани “Масмуот”дир (“Эшитилган нарсалар”). Уни куёви ва издоши Мир Абдулаввал Нишопурий ХV аср охирларида битган. Унда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва чорёрлардан Хожа Аҳрор Валий яшаган давргача бўлган тасаввуф силсиласи, сулукнинг энг улуғ намояндалари ҳамда Хожанинг темурийлар сулоласи билан муносабатлари баён қилинган.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий нақшбандия тариқатининг энг буюк муршидларидан бири бўлиб, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётда катта из қолдирган. Унинг буюк хизматларидан бири нақшбандийликни ислом оламидаги энг улуғ силсилалардан бирига айлантирганидир. Айни пайтда тасаввуф тарихида биринчи бўлиб, халқ равнақи йўлида тариқатни сиёсатга, ҳукмдорларга таъсир кўрсатувчи амалиётга айлантирган.

Хожа Аҳрор Валий ўз даврида Мавлоно Султон, Хожа Муҳаммад Яҳё, Бурҳониддин Хатлоний, Хожа Муҳаммад Убайдуллоҳ, Сайфиддин, Мавлоно шайх, Исмоил Ҳиравий, Исмоил Қамарий, Носириддин Ўтрорий, Мавлоно Жаъфар, Лутфуллоҳ, Хожа Али Тошкандий, Нуриддин Тошкандий, Маҳмуд Хожа Туркистоний, Мавлоно Ўтрорий, Шайх Ҳабиб Бухорий, Саййид Ҳасан, Муҳаммад Қози, Муҳаммад Қосим, Хожа Муҳаммад Зоҳид каби шогирдларни тарбиялаган. Муридлари Мовароуннаҳр ва Хуросон бўйлаб нақшбандия таълимотини ёйган. Янги-янги марказлар шаклланишига сабаб бўлган.

Мавлоно Муҳаммад Қозининг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Бурҳониддин Мискиний Самарқандийдир. Отаси Бурҳониддин Қози Имодиддиннинг яқинларидан бўлгани учун ҳам ўғлига “Қози” нисбасини берган.

Муҳаммад Қози бошланғич таълимни мукаммал эгаллаганидан сўнг тасаввуфга майли кучайиб, Хуросонга отланади. 885/1480 йили Самарқандда Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий билан учрашади. Ўн икки йил унинг хизматида бўлади. Устозидан иршод ҳуқуқини олиб, вафоти (1515 йил)га қадар нақшбандия тариқатини юргизади.

Саййид Аҳмад хожа (Маҳдуми Аъзам Даҳбедий) Косоний Мавлоно Мир Саййид Али ҳузурида сарф-наҳв илмини қунт билан ўрганади. Кейин тасаввуфга рағбат сезиб, устози Мавлоно Мир Саййид Алининг маслаҳати билан Хожа Аҳрор Валийнинг Тошкентда яшаётган энг яқин шогирди ва халифаси Мавлоно Муҳаммад Қози ҳузурига бориб, қўл беради ва энг унинг суюкли шогирдига айланади.

Маҳдуми Аъзам Даҳбедий ва (унинг шогирди) Мавлоно Хурд азизоннинг шогирди бўлган Муҳаммадшоҳ (Мулла Поянда) Ахсикатда дунёга келган. Тўлиқ исми – Муҳаммад ибн Мир Дарвеш Муҳаммад ибн Мир Обид Ҳусайн Ахсикатий Аббосий. Тошкент, Самарқанд ва Бухоро мадрасаларида таҳсил олган.

Боқий Муҳаммад Шикорий Фаноий Бухорийнинг “Мақомотул орифин” (“Маърифат эгаларининг мақомоти”) асарида устози Мулла Поянданинг таржимаи ҳоли ёзилган. Мулла Поянда 1596 йили Файзободда хонақоҳ қурдирган. Бухоронинг Самарқанд кўчасида масжид (Шоҳ Ахси жомеъси), икки қаватли мактаб, гумбазли таҳоратхона барпо эттирган. Шоҳ Ахси масжидининг номи у жойлаган ҳудудга ҳам берилган. Шунингдек, Файзободдаги хонақоҳ айни номни олган.

Мулла Поянданинг ҳузурида Мавлоно Мастий, Охунд Камолиддин Ваганзавий, Муҳаммад Қосим Бухорий, Шоҳ Муҳаммад Сарроф, Амир Аваз, Мир Раҳматуллоҳ, Муҳаммад Юсуф, Қози Маҳмуд, Хожа Муҳаммад Ширин, Мирзо Баргий, Мавлоно Солиҳ, Дарвеш Муҳаммад Мирободий, Хожа Муқим, Шайх Музаффар, Шайх Сирож, Мирзожон қори, Хожа Ҳамдий Ромитаний, Мавлоно Муҳаммад Калон Новкадий Тошкандий, Мавлоно Иброҳим Калон, Назар Тошкандий, Хожа Бурҳониддин Занданавий, Муҳаммад Максоний, Абдураҳим қори, Аваз Насафий, Мир Ҳошим Манорий, Сайид Жоруллоҳ Карминий, Шоҳ Муҳаммад Котиб, Ҳошим Девона, Амир Ҳошим Табиб, Ҳожи Муҳаммад, Болтавой Миёнколий, Муҳаммад Солиҳ Миёнколий, Солиҳ Харақоний, Боқий Маснавийхон каби шогирдлар тарбия олган.

давоми бор…

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
  1. Абдураҳмон Жомий. Нафаҳотул унс. ИБХИТМ қўлёзма фонди, инв №545.
  2. Алоуддин Муҳаммад Бухорий. Ҳужжатул комилин фи атворус соликин. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв №4400/II.
  3. Абу Тоҳир хожа. Самария. – Тошкент: Камалак.
  4. Жалолиддин Бухорий. Мукошифул асрор. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв: № 2085.
  5. Иршоднома. Қўлёзма. Форсча. ХIХ аср. Мавлоно Иброҳим хожа авлоди Саида Қаюмова хонадонида сақланади.
  6. Каттаев К (1994). Махдуми Аъзам ва Даҳбед. – Самарқанд: Сўғдиёна.
  7. Каттаев К (2016). Махдуми Аъзам Даҳбедий тарихи ва мукаммал даҳбедийлар тариқати. – Тошкент: Машҳур-Пресс.
  8. Каттаев К. (2017). Тасаввуф алломалари. – Тошкент: Ғафур Ғулом.
  9. Каримов Э. (2003). Хўжа Аҳрор (ҳаёти ва фаолияти). – Тошкент: Маънавият.
  10. Мавлоно Муҳаммад Маҳжурий. Тазкираи олимони Самарқанд. Қўлёзма. Тожикча. – Самарқанд Давлат музейи қўлёзмалар фонди инв. №5653/2.
  11. Мирзо Жунайдуллоҳ Ҳозиқ. (1326/1906). Куллиёт. Қўлёзма, форс тилида ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, инв № 3021.
  12. Носириддин Бухорий. (1324/1916). Туҳфатуз зойирин. – Бухоро.
  13. Наврўзова Г. (2019). Баҳоуддин Нақшбанд: манбалар таҳлили. – Тошкент: Сано-стандарт.
  14. Нақшбандия тариқатига оид қўлёзмалар фиҳристи (1993). – Тошкент: Мовароуннаҳр.
  15. Роқимий Самарқандий. (1998). Тарихи томм. – Тошкент: Маънавият.
  16. Саййид Муҳаммад Давлат. (2022). Девон. – Самарқанд: Маҳорат.
Мехрожиддин АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Check Also

ТАЪРИФИ “ҲАЙРАТУЛ АБРОР” ГА КИРГАН АЛЛОМА

Мамлакатимизда улуғ алломаларимиз ҳаёти ва фаолиятини чуқур тадқиқ этиш ва оммага кенг тарғиб қилиш учун …