Home / АЛЛОМАЛАР / ҚУСАМ ИБН АББОСНИНГ ҲАЁТИ ВА ФАОЛИЯТИ

ҚУСАМ ИБН АББОСНИНГ ҲАЁТИ ВА ФАОЛИЯТИ

Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳам ота, ҳам она тарафидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қариндош ҳисобланган. Кўпчилик уламолар таъкидлаганидек, саҳобалик бахтига муяссар бўлган, болалик чоғларидаёқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг назарларига тушган ва дуойи хайрларини олган. Суюкли набиралари Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг эмикдош акаси, ташқи кўриниши ва амаллари билан Пайғамбар алайҳиссаломга ўхшаш бўлган. У зот вафот этганларида муборак жасадларини ювиш, кафанлаш ишларида қатнашган, ҳатто қабрга қўйилганларида у зотни кўриб қолганларнинг энг охиргиси бўлган.

Қусам ибн Аббоснинг исми Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, “Ат-Тарихус сағир” китобларида тилга олиб ўтилган. У ёш саҳобалардан бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўрт халифалари – Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумлар даври (11-41/632-661 йиллар) ва Уммавийлар халифалигининг дастлабки йиллари (41-133/661-750)га гувоҳ бўлган. Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалик даврида Қусам ибн Аббос 8-11 ёшли бола бўлган. Умар ибн Хаттоб даврида 21 ёшли, Усмон ибн Аффон даврида 33 ёшли йигит бўлган. Бу даврларда у бирон бир расмий вазифаларда фаолият олиб бормаган.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу халифалигининг сўнгги йилларига келиб, Қусам ибн Аббос расмий вазифаларда фаолият бошлаган. Дастлаб Мадина, сўнг Макка шаҳрининг ҳокими бўлган ва Али ибн Абу Толиб вафот этгунига қадар шу вазифада ишлаган. Шу даврда у ҳаж амири бўлган ва ўзига топширилган масалаларда фатво бериш билан шуғулланган.

Қусам ибн Аббос ўсиб-улғайган оила – Аббос ибн Абдулмутталибнинг хонадони муқаддас ислом оламининг энг шарафли хонадонларидан бири саналади. Онаси Лубоба бинти Ҳорис Ҳадича онамиздан кейин имон келтирган иккинчи аёл сифатида фазилатли фарзандларга оналик қилган бўлса, отаси Аббос Бадр жангида очиқ имон келтирган, аммо бундан аввал ҳам ислом ва мусулмонларга кўп ёрдам берган. Хусусан, Ақаба байъатида кўплаб инсонларнинг имонга келишига кўмаклашган, Макка ва Ҳунайн фатҳида қатнашган, Абу Суфённинг мусулмон бўлишига сабаб бўлган. Кўплаб ҳадислар ривоят қилган[1].

Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари – Аббоснинг куняси Абу Фазл, отасининг исми Абдулмутталиб, онасиники Нитайла бўлиб, оилада кенжа ўғил бўлган. У Пайғамбар алайҳиссаломдан уч ёш катта бўлган. Зеро, у зот алайҳиссалом ҳижратдан 53 йил олдин рабиул аввал ойининг 12 куни, яъни 571 йил 23 апрелида туғилган бўлсалар, Аббос ҳижратдан тахминан 50 йил олдин, милодий 569 йили туғилган. У оқ рангли, келбатли, овози бақувват киши бўлган.

Манбаларда Аббос ибн Абдулмутталиб исломга киришидан олдин ҳам Пайғамбар алайҳиссаломга кўп ёрдам бергани таъкидланади. Ақаба байъатида у зотнинг ёнларида туриб, одамларни исломга тарғиб қилгани айтилади. Ҳижратдан 2 йил олдин зулҳижжа ойи, пайғамбарликнинг 12 йили, яъни милодий 621 йилнинг июль ойида “Биринчи Ақаба байъати” бўлади. Унда ансорлардан иборат 12 нафар саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган. Ҳижратдан 1 йил олдин зулҳижжа ойида, яъни милодий 622 йилнинг июнь ойи охирларида “Катта Ақаба байъати” бўлиб ўтади. Унда Пайғамбар алайҳиссалом ансорлардан иборат 75 нафар саҳобадан байъат олганлар. Ўшанда Аббос ибн Абдулмутталибнинг хизмати катта бўлган.

Имом Бухорий ва Муслим ундан 35 ҳадис ривоят қилган. Имом Табарийга кўра, Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу 32/653 йили 88 ёшида вафот этган. Жанозасини Усмон ибн Аффон ўқиган. Бақиъ қабристонига дафн қилинган. Бу вақтда Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу 28 ёшда бўлган[2].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Раббим, Абдуллоҳ ибн Аббосга ҳикматни ўргат!” деб дуо қилганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос ёш бўлишига қарамай, кўп оят ва ҳадисларни ёд олган. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ибн Аббос ушбу умматнинг илм денгизидир”, деган сўзларининг воқеликдаги исботини кейинроқ кўрдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Абдуллоҳ ибн Аббос ўн уч ёшда бўлган. У ҳадис ёдлаган кишини билиб қолса, дарҳол ўша одамнинг уйида пайдо бўлар эди. Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ бундай дейди: “Ибн Аббос кўп хислатларда инсонлардан ўзиб кетди. Илмда унга етадигани йўқ эди. Фиқҳда доимо унинг фикрига суянилар эди. Ҳалимлик ва насабда ҳеч ким унга тенг кела олмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ёки халифаларнинг қозилик ишларини ундан яхши биладиган киши топилмас эди”.

Абдуллоҳ ибн Аббос нафақат ҳадис илми, балки Қуръон, фиқҳ, араб шеърларининг маъноларидан ҳам яхшигина хабардор эди. Унинг хонадони илм истаб келувчилар билан доим гавжум бўлган. У  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 1660 та ҳадис ривоят қилиб, бу борада саҳобаларнинг бешинчиси бўлган. У тафсир илмининг пешқадами бўлгани учун “Таржумонил Қуръон” унвонини олган. Аллома Ферузободий Абдуллоҳ ибн Аббоснинг тафсирга доир ривоятларини тўплаб, “Танвирул миқёс мин тафсири Ибн Аббос” номли асар битган. Абдуллоҳ ибн Аббос 68/688 йили 71 ёшда вафот этган.

Қусам ибн Аббоснинг туғилган санаси манбаларда турлича қайд этилган бўлса-да, таниқли олим Мирзо Кенжабек таъкидлаганидек, қуйидаги уч маълумот асосида унинг аниқ санасини билиб олиш мумкин бўлади[3]:

Биринчиси, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Қусам ибн Аббос саккиз ёшда бўлгани ҳақидаги маълумотлар. Абу Тоҳирхожа Самарқандий “Самария” асарида: “Бир ривоятга кўра, Ҳазрати Қусам Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари вақтида саккиз яшар эдилар”[4], деган. Бунга кўра, Қусам ибн Аббос 3/624 йили туғилган.

Иккинчи, Қусам ибн Аббосга эмикдош бўлган Ҳусайн розияллоҳу анҳу таваллуд топган сана бўлиб, у жуда аниқдир. Маълумки, Ҳусайн розияллоҳу анҳу ҳижрий 4 йил, шаъбон ойининг 5 куни, милодий 626 йилнинг 11 январида туғилган. Қусам ибн Аббос Ҳусайн розияллоҳу анҳумодан 8 ой олдин туғилган бўлса, 3/624 йили, агар 7 ой катта бўлса, 4/625 йили туғилган бўлади.

Учинчи, Қусам ибн Аббоснинг туғилган йилини вафот этган санаси билан белгилаш мумкин. Абу Тоҳирхожанинг ёзишича, Қусам ибн Аббос 57/677 йили шаҳид кетган[5].

Қусам ибн Аббос 54 йил яшагани ҳисобга олинадиган бўлса, айнан 4/624 йили, агар 53 йил яшагани ҳисобга олинса, 3/624 йили туғилган бўлиб чиқади. Демак, Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг 3/624 йили туғилган бўлиши эҳтимоли кўпроқдир[6].

Абу Тоҳирхожа Самарқандий “Самария” асарида ушбу сатрларни келтирган: “Ҳазрат амирул-мўминин Али, каррамаллоҳу важҳаҳу (Аллоҳ унинг чеҳрасини олийжаноб этсин) халифалиги чоғида унинг буйруғи билан Макка шаҳрига ҳоким бўлиб турди. У шаҳид бўлгандан кейин Муовия (ибн Абу Суфён) замонида унинг буйруғи билан Убайд Зиёддан сўнгра, Хуросон ҳокимлигига тайинланган лашкарбошилардан Саид ибн Усмон (ибн Аффон) ортидан Мовароуннаҳрга келди…”[7].

Қусам ибн Аббос Муовия халифалиги даврида 56/676 йили Саид ибн Усмон бошчилигидаги қўшин билан Мовароуннаҳрга қилинган ҳарбий сафарда иштирок этгани етарли далил-ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган.

Балозурий “Футуҳ ал-булдон”да ёзишича, Қусам 57/677 йили қўшин Самарқандни қамал қилган вақтида вафот этган. Айни пайтда Табарий ҳам Қусам ибн Аббос тўғрисидаги хабарларни келтирар экан, унинг ўлими билан боғлиқ бирор нарсани келтирмаган. Яъқубий “Ал-Булдон”да, Наршахий “Тарихи Бухоро”да таъкидлашича, Қусам ибн Аббос аслида Марвда вафот этган”[8].

Қусам ибн Аббоснинг вафоти ҳақида турли хил маълумотлар келган бўлса-да, хулоса шуки, у Самарқанд фатҳ этилганидан кейин шаҳид кетган. Абдуллоҳ ибн Аббосга акаси Қусамнинг Самарқандда вафот этгани ҳақидаги хабар етиб келганда, у: “Туғилган жойи билан қабрга қўйилган жойи ўртасидаги масофа нақадар узоқ бўлмаса”, деган.

Қусам ибн Аббоснинг қаерда вафот этгани ва қаерда дафн қилингани ҳақида уламолар ҳар хил фикрларни илгари сурган бўлса-да, кўплаб далилларга кўра у Самарқандда, ҳозирги Шоҳизинда қабристонида экани аниқдир. Абу Ҳасан Ҳаравий Самарқанд ҳақида сўз юритар экан, Қусам ибн Аббоснинг, “Саҳиҳ” китобининг муаллифи Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг, шунингдек, кўплаб авлиё ва солиҳларнинг қабри ўша ерда эканини таъкидлаган[9]. Аллома Кирмоний: “Муовиянинг халифалик даврида Самарқандга бориб, ўша ерда шаҳид бўлган. Қабри ҳам ўша ердадир”[10], деган.

Мирзо Кенжабекнинг ёзишича, Қусам ибн Аббоснинг Самарқандда дафн этилганига далил бўладиган энг қадимий манбалардан бири Қорахоний султонларидан Тамғоч Буғрохоннинг 1065 йилда Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу қабри ёнида қурдирган мадрасанинг вақф ҳужжатлари – “Тамғоч Буғрохон вақфномаси”дир[11].

Бугунги кунда Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу зиёртагоҳи Самарқандда жойлашган энг обод ва кўплаб зиёратчилар ташриф буюрадиган муқаддас манзилдир.

1] Мирзо Кенжабек. Ҳазрати Қусам ибн Аббос – Шоҳи Зинда, – Тошкент: Yoshlar MediaPrint. 2021. – Б. 11.
[2] Ўша манба, – 35-36.
[3] Ҳазрати Қусам ибн Аббос – Шоҳи Зинда, – Б. 66-67.
[4] Абу Тоҳирхўжа Самарқандий. Самария, нашрга тайёрловчилар: Б. Аҳмедов ва А. Жувонмардиев. – Тошкент, 1969. – Б. 29.
[5] Ўша манба, – Б. 29.
[6] Ҳазрати Қусам ибн Аббос – Шоҳи Зинда, – Б. 11.
[7] Самария, – Б. 29.
[8] Мувжазу доират ал-маориф ал-исломия,  – Ж. 26. – Б. 8081-8083.
[9] Абу Ҳасан Али ибн Абу Бакр ибн Али Ҳаравий (ваф. 611/1215). – Қоҳира: Мактабат ас-сақофат ад-диния, 1-нашр, 2003. – Б. 84.
[10] Шамсиддин Кирмоний, Муҳаммад ибн Юсуф ибн Али ибн Саид (ваф. 786/1385). Ал-кавокиб ад-дарорий фи шарҳи “Саҳиҳ ал-Бухорий”, – Байрут-Лубнон: Дор иҳё ат-турос ал-арабий, 1981. – Ж. 21. – Б. 142.
[11] Ҳазрати Қусам ибн Аббос – Шоҳи Зинда, – Б. 122.
Ҳафизуллоҳ БОЙҚОБИЛОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

НЎҒАЙ ОТА – ЮКСАКЛИК ВА ЕТУКЛИК ТИМСОЛИ

Алломалар меросини ўрганишга бўлган қизиқиш, сўнги беш йилда олиб борилаётган тадқиқотларда намоён бўлмоқда. Бу борадаги …