Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Булғор ислом академияси (Россия) билан ҳамкорликда “Муҳаммад Порсонинг (1348–1420) “Фусулус ситта” (“Олти фасл”) рисоласидаги илоҳиётга оид қарашлари: Ғоялар таҳлили ва илмий таҳқиқ” номли халқаро давра суҳбати ташкил қилинди.


Унда Академия докторанти, Қозон шаҳридаги “Манара” исломий адабиётлар нашриёти муҳаррири Салим Гайнуллин Нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси бўлмиш Муҳаммад Порсонинг араб тилида битилган ва шу кунга қадар кам ўрганилган “Фусулус ситта” (“Олти фасл”) номли ноёб қўлёзма асари бўйича олиб борган тўрт йиллик тадқиқоти натижалари билан ўртоқлашди.

Таъкидланганидек, мазкур асар тасаввуф маданияти ва шариат ҳукмларини, хусусан, фиқҳий ва ахлоқий қарашларни ўзида уйғунлаштирган муҳим манба ҳисобланади. Унда аллома шариат талабларини ботиний ахлоқ ва қалб поклиги билан боғлаган ҳолда ёритиб, инсон ахлоқий камолоти ва жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришнинг муҳим мезонларини кўрсатиб берган.

Тадбир давомида асарнинг қўлёзма манбалари, манбашунослик борасидаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди, Муҳаммад Порсо илмий меросини ўрганишда Марказ фондидаги манбалардан фойдаланиш ва ҳамкорликдаги тадқиқотларни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот сўнгида иштирокчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





