Home / МАҚОЛАЛАР / Устозга эҳтиром — келажак авлодга эҳтиром

Устозга эҳтиром — келажак авлодга эҳтиром

Илм-маърифат тараққиёти, аввало, устознинг жамиятдаги мақоми ва шогирднинг унга бўлган ҳурматидан бошланади. Зеро, устоз инсонни жаҳолат зулматидан маърифат зиёсига етаклайдиган, унинг қалби ва тафаккурини камолга етказадиган улуғ зотдир.

Инсоният тарихида устоз ва мураббийларнинг ўрни ҳамиша беқиёс бўлиб келган. Зеро, инсоннинг жисмонан вояга етишида ота-онаси сабабчи бўлса, унинг маънан юксалиши, дунёқараши кенгайиши ва ҳаётда ўз ўрнини топишида устозларнинг хизмати алоҳида аҳамият касб этади. Халқимизда бежизга «Устоз отангдек улуғ» дейилмаган. Ота-она инсонни дунёга келтирса, устоз уни илм, одоб ва маърифат орқали юксакликка кўтаради.

Шу боис аждодларимиз меросида устозларга бўлган ҳурмат ва эҳтиром алоҳида қадрланган. Ислом дини ҳам илм олиш, илм ўргатиш ва илм аҳлини эъзозлашга юксак мақом берган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган оятлари «Иқро» — «Ўқи!» амри билан бошланиши ҳам илм-маърифатнинг инсон ҳаётидаги беқиёс ўрнини намоён этади. Муқаддас манбаларда илмли инсон билан илмсиз киши тенг бўлмаслиги таъкидланиб, илм йўлида хизмат қилувчиларнинг фазилати улуғланади.

Дарҳақиқат, илм берувчи ва илм олувчи эзгулик йўлида ҳамкор бўлган икки инсондир. Уларнинг муштарак мақсади — инсонни камолотга етаклаш, жамиятга манфаат келтириш ва маърифат зиёсини кенг ёйишдан иборат. Шу маънода, устозлик шунчаки касб эмас, балки инсоният келажаги учун масъулиятни зиммасига олиш демакдир.

Устознинг мақоми — жамият тараққиётининг мезони

Ҳар қандай тараққиётнинг замирида илм-фан, маърифат ва таълим-тарбия туради. Қайси жамиятда устознинг қадри баланд бўлса, ўша юртда илм-фан, маданият ва маънавият равнақ топади. Чунки бугун жамиятнинг турли жабҳаларида фаолият юритаётган ҳар бир мутахассис, олим, раҳбар ёки зиёли, аввало, устозлар қўлида таълим-тарбия олган.

Тарихимиздаги Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига назар ташласак, илм аҳлига кўрсатилган эҳтиром, олимларнинг жамият ҳаётидаги юксак мавқеи тараққиётнинг муҳим омилларидан бири бўлганини кўрамиз. Сомонийлар даврида шаклланган илмий-маърифий муҳит ҳамда Амир Темур ва темурийлар замонида илм-фан аҳлига кўрсатилган эътибор бунинг ёрқин мисолидир.

Соҳибқирон Амир Темур олимлар билан маслаҳатлашиб иш тутишни муҳим санаган. Уларнинг фикр-мулоҳазаларида тўғрилик ва ҳикмат борлигини эътироф этиб, илм аҳлининг суҳбатини қадрлаган. Бу тарихий тажриба шуни кўрсатадики, давлат ва жамият равнақи илмли инсонларнинг салоҳияти, маслаҳатлари ва маънавий раҳнамолиги билан чамбарчас боғлиқ.

Бугунги Янги Ўзбекистон шароитида ҳам устоз ва мураббийларнинг жамиятдаги мақомини юксалтириш, таълим сифатини ошириш ва ёш авлод камолоти учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, устознинг мақомини кўтариш — келажакнинг мақомини кўтаришдир. Учинчи Ренессанс бунёдкорларини ҳам бугунги фидойи устозлар тарбиялайди.

Устоз — нафақат билим, балки ҳаёт мактаби

Устознинг вазифаси фақат дарс бериш, муайян фан сирларини ўргатиш билан чекланмайди. У шогирдига хулқи, одоби, муомаласи, кийиниш маданияти, сўзлашуви ва ҳаётга муносабати билан ҳам намуна бўлиши лозим.

Зеро, шогирд кўпинча устозининг нафақат айтган сўзларини, балки кундалик хатти-ҳаракатларини ҳам ўзлаштиради. Шу сабабли устозлик масъулияти синфхона ёки аудитория билан чегараланмайди. Устоз қаерда бўлмасин, ўзининг юксак ахлоқи ва намунали хулқи билан бошқаларга ибрат кўрсатиши керак.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ устоз ва шогирд муносабатига алоҳида эътибор қаратиб, устоз шогирдини ўз фарзандидек кўриши зарурлигини таъкидлаганлар. Бу фикр таълим жараёнида меҳр, ишонч ва ўзаро ҳурмат нақадар муҳим эканини англатади.

Шу билан бирга, устозлик шарафли бўлиши баробарида ниҳоятда масъулиятли касб ҳамдир. Чунки устознинг бугунги меҳнати эртанги жамиятнинг қиёфасини белгилайди. Унинг қўлида тарбия топган ёшлар келажакда халқ ва Ватан равнақи йўлида хизмат қилади.

Аждодларимиз меросида устозга садоқат ва эҳтиром

Буюк алломаларимиз ҳаётига назар ташласак, уларнинг илмий камолотида устозларга бўлган юксак ҳурмат ва садоқат муҳим ўрин тутганини кўрамиз.

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга нисбат бериладиган «Ким менга бир ҳарф ўргатса, мен унга қул бўлишга ҳам тайёрман» мазмунидаги ҳикмат илм ўргатувчининг ҳаққи нақадар улуғ эканини ифодалайди.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ устозлари Ҳаммад ибн Сулаймоннинг уйларига қараб оёқ узатмаганларини, устозлари вафотидан кейин ҳам уларни дуоларида мунтазам ёд этганларини таъкидлаганлар. Имом Молик ибн Анас эса устозлари ҳузурида китоб варақлашда ҳам эҳтиёткор бўлиб, уларнинг кўнгилларига озор етказмасликка интилганлар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг илм талабида кўплаб устозлардан сабоқ олгани ҳам илм йўлидаги камолотнинг муҳим шарти изланиш, устозларга мурожаат қилиш ва улардан таълим олиш эканини кўрсатади.

Бу улуғ зотларнинг ҳаёти бизга бир ҳақиқатни англатади: илмнинг юксак даражаларига эришиш учун фақат истеъдод ва меҳнатнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунда устозга ҳурмат, самимий ният, одоб ва илмга садоқат ҳам муҳим ўрин тутади.

Устозни қадрлаш — унинг илмини қадрлашдир

Бугунги кунда ёшлар учун илм олиш имкониятлари кенгайиб, таълим тизимида муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бундай шароитда шогирдлар зиммасидаги энг муҳим вазифалардан бири — устозларни ҳурмат қилиш, уларнинг билим ва тажрибасидан унумли фойдаланишдир.

Айрим ҳолларда устозларнинг камчиликларини излаш, уларни муҳокама қилиш ёки ижтимоий тармоқларда обрўсизлантириш ҳолатларига дуч келинади. Ваҳоланки, устознинг бирор хатоси ёки камчилиги мавжуд бўлса, уни омма олдида шарманда қилиш эмас, балки одоб доирасида, холис ният билан ўзига билдириш мақсадга мувофиқдир.

Айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали инсоннинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказиш, унинг обрўсини тўкиш жамиятда ўзаро ишонч ва ҳурмат муҳитига салбий таъсир кўрсатади. Устозга нисбатан ҳурмат, энг аввало, унинг шахсини эмас, балки илм ва маърифат йўлидаги хизматини қадрлашдан бошланади.

Илм олишда одобнинг ўрни беқиёс. Зеро, илмни эгаллаш бошқа, ундан барака топиш бошқа. Инсон олган билимини эзгулик йўлида қўллаши, умрининг охиригача ўрганганларига амал қилиши ва жамиятга манфаат келтириши билан илмнинг ҳақиқий самарасига эришади. Бу йўлда устозларнинг дуоси, розилиги ва тарбияси алоҳида аҳамият касб этади.

Ота-она ва устоз — фарзанд тарбиясидаги муштарак масъулият

Ёш авлод тарбиясида ота-она ва устоз ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади. Фарзанд таълим-тарбиясини устозга ишониб топширган ота-она унинг меҳнати ва масъулиятини ҳам қадрлаши лозим.

Ҳар бир ўқувчининг феъл-атвори, қобилияти ва дунёқараши турлича. Бир ўқувчи оддий тушунтириш билан билимни ўзлаштирса, бошқасига кўпроқ эътибор ва талабчанлик зарур бўлиши мумкин. Шу боис устознинг тарбиявий ёндашувини баҳолашда вазиятни ҳар томонлама ўрганиш, фарзанднинг хулқ-атворини ҳам таҳлил қилиш муҳимдир.

Ота-она ва устоз ўзаро ҳамжиҳатликда иш олиб борса, фарзанднинг таълим-тарбиясида ижобий натижаларга эришиш осонлашади. Зеро, устоз билим бериш ва тарбиялаш билан шуғулланса, ота-она унинг меҳнатини қўллаб-қувватлаши, фарзандининг таълим олиши учун зарур шароитларни яратиши керак.

Илм — умр бўйи давом этадиган изланиш

Устозга эҳтиёж инсон ҳаётининг муайян даври билан чекланмайди. Инсон қанча билимли бўлмасин, янги нарсаларни ўрганишга, тажрибали кишиларнинг маслаҳатига қулоқ тутишга доимо муҳтож. «Бешикдан қабргача илм изла» деган ҳикмат ҳам илм олишнинг умрбод давом этадиган жараён эканини англатади.

Буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний ҳаётининг сўнгги дамларида ҳам илмий масалалар билан машғул бўлгани ҳақида ривоят қилинади. У зотга вафот палласи яқинлашганида ҳам бир илмий масала юзасидан савол берилганида, уни билмасдан Аллоҳ ҳузурига боришдан ҳаё қилишини билдирганлари нақл этилади.

Бу ибратли воқеа илмга бўлган муҳаббат, изланиш ва ҳақиқатни англашга интилиш инсон умрининг охиригача давом этиши лозимлигини кўрсатади.

Илмни фақат мансаб, мол-дунё ёки шуҳрат учун эмас, балки маърифат, эзгулик ва Аллоҳнинг розилигини топиш ниятида ўрганиш зарур. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Амаллар ниятларга боғлиқ» мазмунидаги машҳур ҳадислари ҳам ҳар қандай эзгу ишда ниятнинг нақадар муҳим эканини эслатади.

Агар инсон илмни жамиятга хизмат қилиш, инсонларга манфаат етказиш ва ҳақиқатни англаш мақсадида эгалласа, унинг билими ҳаётида ҳам, фаолиятида ҳам ўз самарасини беради.

Устозга ҳурмат — келажакка қўйилган сармоя

Устозлар фақат бир кун ёки муайян байрам муносабати билан эъзозланадиган инсонлар эмас. Улар бутун умри давомида ҳурмат ва эҳтиромга лойиқ зотлардир. Чунки ҳар бир инсоннинг бугунги ютуқлари, эришган марралари ва ҳаётий тажрибасида устозларининг ҳиссаси бор.

Ҳаётдан кўз юмган устозларимизни эзгу хотиралар билан ёд этиш, уларнинг руҳларига дуолар қилиш, ҳаёт бўлганларига эса эҳтиром кўрсатиб, маслаҳатларига қулоқ тутиш ҳар биримизнинг маънавий бурчимиздир.

Инсон умрининг охиригача устозга муҳтож. Чунки илмнинг чегараси йўқ, камолот эса узлуксиз изланиш ва ўрганиш орқали қўлга киритилади.

Устозга эҳтиром — илмга эҳтиром, илмга эҳтиром эса келажакка эҳтиромдир. Бугун устозларимизни қанчалик қадрласак, эртанги авлоднинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятига шунчалик мустаҳкам пойдевор яратган бўламиз. Зеро, келажак бунёдкорларини тарбиялаётган инсонларнинг мақоми юксак бўлган жамиятгина юксак марраларни кўзлаши мумкин.

Шукурилло УМАРОВ,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи

Check Also

ИСЛОМ ТИНЧЛИККА ЧАҚИРАДИ Тинчлик — ҳаёт, фаровонлик ва барқарорлик асоси

Инсоният умр давомида эзгу мақсадларга эришиш учун доимо саъй-ҳаракатда бўлади. Орзу-умиди рўёби, фарзандлари камолотини кўриши …