Нақшбандия-мужаддидия мусулмон жамиятининг барча жабҳаларига таъсир қилувчи кучга айланиб, ҳукмдорлар, давлат арбоблари, зиёлилар ва оддий халқ вакилларидан тариқат намояндалари чиққан. Улар янгиланган тамойиллар ва ғоялар билан қуролланган ҳолда турли ҳудудларда фаолият юритган.
Мужаддидийлар жамиятга нафақат руҳий-маънавий, балки сиёсий-ижтимоий ва маданий жиҳатдан ҳам таъсир кўрсатган. Шу сабабдан исломшуносликда нақшбандия-мужаддидия тарихи, ғоялари, тамойиллари, тариқат пирлари фаолияти, тариқат марказларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, тариқатнинг Марказий Осиёда ёйилиши, ўзига хос жиҳатлари, шунингдек, сулук намояндаларининг ҳаёти ва фаолиятини тадқиқ этиш эътиборга молик.
XVIII-XIX асрларда нақшбандия-мужаддидия тариқатининг Мусохон хожа Даҳбедий тармоғи вакили Муҳаммад Мусохон Сармежийнинг ҳаёти ва фаолияти изланишларда қисман ёритилган, баъзиларида ҳудуддаги зиёратгоҳлар ҳақида сўз кетган бўлса-да, муайян маълумот учрамайди (Суюндик, 2010; Рустам, 1996).
Тадқиқот мақсади. Тадқиқотдан кўзланган асосий мақсад XVIII-XIX асрларда Марказий Осиёда нақшбандия-мужаддидия тариқатида фаолият олиб борган Муҳаммад Мусохон хожа Сармежий ва унинг авлоди ҳаётига дахлдор эпиграфик манбаларни аниқлаш ва тарихини ўрганишдан иборат.
Материал ва методлар. Мақолани тайёрлашда Навоий вилояти Хатирчи туманидаги “Қатағон” қабристонида жойлашган зиёратгоҳда мавжуд қабртошлардаги эпиграфикага оид манбалар ўрганилди. Тадқиқот жараёнида умумлаштириш, таққослаш, қиёсий-тарихий, микротарихий таҳлил каби усуллардан фойдаланилди.
Муҳокама. Олиб борилган илмий изланишлар натижасида Муҳаммад Мусохон хожа Сармежийнинг авлодларига тегишли “Қатағон” қабристони (ҳозирги Навоий вилояти Хатирчи тумани Эшонқишлоқ ҳудуди)даги қабртошлардан эпиграфик маълумотлар олинди.
Хатирчи тумани – қадимда Сўғд ҳудудига қараган. Иқлими мўътадил, ерлари унумдор ҳудуд. Қабристон Зарафшон дарёсининг ўнг соҳилида, қадимий Дабусия қалъасининг шимоли-шарқий томонида жойлашган. Қабристоннинг жануби-шарқий қисмида Хожа Яҳё ибн Мусохон хожа Сармежий ва авлодлари хилхонаси мавжуд. Хилхона усти очиқ, 30х15 м майдонни эгаллаган бўлиб, у ерда олтита қабртош ўрнатилган, тўрттасида эпиграфик ёзув сақланган.
1-қабртош. Ўлчами 120х60 см.
Таржимаси:
Хожа Яҳё 1292/1875-76 йил зулҳижжа/декабрь-январь ойида вафот этди.
2-қабртош. Ўлчами 150х30 см.
“سيد جلال الدين خواجه ولد ايشان يحي خواجه سنه ١٣٠٧ وفات يافتند”
Таржимаси:
Саййид Жалолиддин хожа Эшон Яҳё хожа ўғли 1307/1889-90 йилда вафот этди.
3-қабртош. Ўлчами 140х30 см.
“سنه هزار سي صد دو بودكي زين الدين خواجه وفات يافت”
Таржимаси:
Зайниддин хожа 1302/1884-85 йилда вафот этди.
4-қабртош. Ўлчами 125х18 см;
“فضل الدين خوجه ولد زين الدين خوجه”
Таржимаси:
Фазлиддин хожа Зайниддин хожа ўғли.
2012 йилда Яҳё хожа авлодлари томонидан Мусохон хожа шайхулислом, Яҳё хожа, Жалолиддин хожа (Индамас эшон (Ўроқхон, 2005: 25), Низомиддин хожа номлари ва уларнинг аждодлари ҳақида қисқача маълумотлар ёзилган мармар лавҳ ўрнатилган.
Хилхонанинг шимолида Домла Пирмуҳаммад валади мулла Аваз Муҳаммад Урганжий номи қайд этилган қабртошда, 1315/1897-98 йилда вафот этганлиги ёзилган.
Эпиграфик маълумотлардан Яҳё хожа, унинг ўғли Жалолиддин хожа, унинг ўғли Низомиддин хожа экани маълум. Фазлиддин хожа Зайниддин хожанинг ўғли экани маълум бўлса-да, Зайниддин хожанинг ўзи кимнинг фарзанди эканлиги номаълум.
Мармар лавҳда Низомиддин хожа Жалолиддин хожа ўғли экани айтилган. Лекин унга тегишли қабртош учрамади. Эҳтимол ёзуви сақланмаган қабртошларнинг бири унга тегишлидир.
Муҳаммад Мусохон хожа Сармежийнинг (ваф. 1251/1835) устози Муҳаммад Амин Даҳбедий (1152/1739-1229/1814), унинг устози Мусохон хожа Даҳбедий (1708-1190/1776)дир.
Сармежийнинг шогирди Муҳаммад Умар (ваф. 1284/1868) бир вақтнинг ўзида нақшбандия-мужаддидия ва жаҳрия-султония (яъни яссавия) тариқатида фаолият олиб борган.
Муҳаммад Мусохон хожа Сармежий шайхулислом асли Нур қалъасига тобе бўлган Сармеж қишлоғида (Бухорий, 1328/1926: 104-105) таваллуд топган. У шайх Худойдод Валий авлодидандир (яъни она томондан бобоси Абдулбосит хожанинг онаси шайх Худойдод Валийнинг қизи (Амир Тақииддиннинг хотини)дир). Носириддин Бухорийнинг айтишича, Муҳаммад Мусохон хожа бир куни бобокалони шайх Худойдод Валий Азизон хонақосида чилла ўтириб, жаҳрий зикр билан машғул бўлган ва шунда бобосидан маънавий-руҳий тарзда “жаҳрий” зикрга рухсат олган. Шундан кейин у хуфия ва жаҳрия силсиласини давом эттиргани эслатиб ўтилган. Бироз муддат ўтгач, Бухоро ҳукмдори фармонига мувофиқ, бир ой муддат шайхулислом лавозимида фаолият кўрсатган. Вафот этгач, Мавлоно Муҳаммад Шариф қабри ёнига дафн этилган.
Мақсуд Даҳбедий ўз асарида Бухоро Амири Муҳаммад Мусохонни мазкур лавозимга тайинлаганини маълум қилади. У 1249/1833 йили (Мақсуд Даҳбедий, Ориф Ҳикмат кутубхонаси, инв №1710-261/44. 269а варақ) Бухородан Даҳбедга қайтаётиб йўлда Кадан мавзесидаги бир хонақоҳда Муҳаммад Мусохон хожа шайхулисломни кўрганини айтиб, ул зотнинг 1251/1835 йилда вафот этганини таъкидлайди. Демак, Мусохон хожа шайхулислом Сармежий 1835 йилда вафот этган. Шунингдек, уни Бухорога таклиф қилган ҳукмдор Амир Насруллоҳ экани ойдинлашди.
Муҳаммад Мусохон хожа Сармежийнинг шогирдларидан бири бўлган Мавлоно Умар бир вақтнинг ўзида нақшбандия ва яссавия тариқатларида фаолият олиб борган. Нақшбандияда устози Муҳаммад Мусохон хожа бўлса, яссавияда устози халифа Худойдод, унинг устози Лутфуллоҳ Азизон, унинг устози Фазлуллоҳ Азизон, унинг устози Мавлоно Муҳаммад Шариф Бухорий, унинг устози Муҳаммад Олим шайх Азизон орқали Худойдод Валийй Ғазирагийга уланган.
Мавлоно Умарнинг отаси Абдулазиз, унинг отаси ҳожи Муҳаммад, унинг отаси Тошмуҳаммад Азизондир. Мавлоно Умар 1284/1868 йили 87 ёшида Хоразмда вафот этган.
Муҳаммад Мусохон хожа Сармежийдан кейин нақшбандия-мужаддидия силсиласида нафақат шогирдлари, балки ўзининг фарзанду набиралари ҳам фаолият кўрсатган.
Шахсий фондда сақланаётган нодир ҳужжатлардан бири Ғойибназар Муҳаммад Собир ўғлига тариқат таълимотини давом эттириш учун устози Жалолиддин хожа томонидан 1299/1880 йилда берилган иршодномадир. Иршоднома Самарқанд қоғозига ёзилган бўлиб, ўлчами: 53х24,5 см, 19 қатордан иборат, матн аввалида ҳамду сано ва салавот, ундан сўнг нақшбандия-мужаддидия-даҳбедия силсиласи иршод соҳибига қадар кетма-кет баён этилган. Ҳужжатда тўртта муҳр бор. Матннинг 12-қаторидаги ўлчами 2,7х1,7 см.ли муҳрда “Яҳё хожа ибн Эшон Мусохон хожа Сармежий” деб ёзилган. 13-қатордаги ўлчами 2,5х1,5 см.ли муҳр “Жалолиддин хожа ибн Яҳё хожа”га тегишли. Ҳужжатнинг охирида яна иккита бир хил муҳр урилган. Муҳр ўлчами 2х2 см бўлиб, “Низомиддин хожа ибн Жалолиддин хожа”га мансубдир.
Демак, силсилани Муҳаммад Мусохон хожа Сармежий вафотидан сўнг ўғли Яҳё хожа, кейин унинг ўғли Жалолиддин хожага давом эттирган. Бундан, ўз навбатида, Жалолиддин хожа ўзининг шогирди Ғойибназар Муҳаммад Собир ўғлига тариқат таълимотини давом эттириш учун иршоднома бергани маълум бўлди.
Ота-бола ўз даврида тариқат муршидлари бўлгани, кўплаб шогирдлар тайёрлагани ва фарзандлари тарбиясига алоҳида эътибор бериб, уларга тасаввуф илмини пухта ўрганишлари учун шарт-шароит қилингани маълум бўлади.
Баъзан тариқат силсиласини бир авлод вакиллари кетма-кетликда давом эттирган ҳолат кузатилган. Жумладан, нақшбандия-мужаддидия муршиди Муҳаммад Ҳусайн ўз ўғли Абдусатторга, у ўғли Эшмуҳаммадга, у ўғли Убайдуллоҳга рухсат берган, яна нақшбандия-мужаддидиянинг Сўфи Оллоҳёр тармоғида фаолият олиб борган шайх Мирзо Абул Ҳасан ўз ўғли шайх Мирзо Абул Фатҳга, у эса ўғли шайх Мирзо Абул Туробга ижозат берганини келтириб ўтиш мумкин.
Муҳаммад Мусохон хожа Сармежийнинг аждоду авлодлари шажараси ҳақида сўз юритадиган бўлсак, унинг отаси Ҳасан хожа, унинг отаси Лутфуллоҳ хожа ибн Файзуллоҳ хожа ибн Абдуллоҳ хожа ибн Абдуллатиф хожа ибн Абдулбосит хожа ибн Амир Тақииддин ибн Амир Маҳмуд ибн Амир Шамсуддин ибн Амир Иброҳим ибн Амир Ҳож ибн Саййид Али ибн Саййид Шарафиддин ибн Саййид Ҳусайн ибн Саййид Исмоил ибн Имом Жаъфари Содиқ ибн Имом Муҳаммад Боқир ибн Имом Зайнулобидин ибн Имом Ҳусайн ибн Амирул мўминин Ҳазрат Али (Ўроқхон, 2015: 33) (каррамаллоҳу важҳаҳу) эканини маълумот сифатида бериб ўтиш ўринлидир.
Муҳаммад Мусохон хожа Сармежийнинг ўғли Яҳё хожа, унинг ўғли Жалолиддин хожа, унинг ўғли Низомиддин хожа (ваф. 1925), унинг ўғли Нарзуллахон (1908-1986), унинг ўғли Ўроқхон (Рафиъиддинхон) ҳожи тиббиёт соҳасида узоқ йиллар фаолият кўрсатган, бугунги кунда дуогўй-нуроний отахонлар қаторида умргузаронлик қилиб келмоқда.
Учинчи қабртошда номи келтирилган Зайниддин хожа вафоти санаси (1302/1884-85 йил)га кўра, у Яҳё хожанинг ўғли, Жалолиддин хожанинг ака (ёки ука)си бўлганини тахмин қилиш мумкин. Бу (ва унинг ўғли Фазлиддин хожадан кейинги авлодлар) масала(си)ни кейинги тадқиқотларга қолдирамиз.
Натижа. Муҳаммад Мусохон хожа Сармежий хуфия ва жаҳрия тариқатларида фаолият олиб боргани, унинг силсиласи шогирди Муҳаммад Умар орқали Хоразм ҳудудларига тарқалгани, Муҳаммад Умарнинг Бухоро амирлигида оз муддат бўлса-да шайхулислом лавозимида фаолият кўрсатгани маълум бўлди. Шунингдек, унинг авлодлари номи ва фаолияти ҳамда улар дафн этилган зиёратгоҳда қабртошлардаги эпиграфик маълумотлар асосида вафот саналари аниқланди. Авлод вакилларига тегишли тарихий ҳужжат илмий муомалага киритилди ва унда акс этган муҳрларнинг тавсифи берилди.
Хулоса. Марказий Осиёда XVII пайдо бўлган нақшбандия-мужаддидия силсиласи XVIII-XIX асрларда кенг ҳудуд бўйлаб ёйилганини кўришимиз мумкин. Ушбу даврда нақшбандия-мужаддидия тариқати силсиласи бир неча тармоқларга бўлингани ва уларнинг ўзаро, жуда яқин муносабатда бўлгани аён бўлди.
Нақшбандия-мужаддидия таълимоти шаклланиши жараёнида кўпгина тариқатлар умумийлаштирилгани сабабидан бўлса керак, бир вақтнинг ўзида ҳам хуфия, ҳам жаҳрия зикр қилиш анъанасини учратиш мумкин.
Мусохон хожа Сармежий ва унинг авлодлари узоқ йиллар мобайнида силсилани узвий давом эттиргани оилада таълим-тарбияга эътибор юқори бўлганини, шунингдек, алломанинг шайхулислом лавозимида ва нақшбандия-мужаддидия тариқати муршиди сифатида фаолият олиб боргани унинг юксак салоҳият соҳиби эканлигини кўрсатади.
-
Бухорий, Н. (1328/1926). Туҳфатуз зойирин. Тошбосма. – Бухоро.
-
Даҳбедий, М. Миръотус соликийн. Қўлёзма. Ориф Ҳикмат кутубхонаси инв. №1710-261/44.
-
Комилхон, К. (2016). Махдуми Аъзам тарихи ва мукаммал даҳбедийлар тариқати. Тошкент: MASHHUR-PRESS.
-
Рустам, Х. (1996). Хатирчи тумани тарихидан лавҳалар. – Т.: Фан.
-
Суюндик, М. (2010). Хатирчининг табаррук сиймолари. – Т.: Муҳаррир.
-
Ўроқхон, Н. Ибратли ҳаёт гулшани. – Т.: Мовароуннаҳр.
-
Хайдархон, Ю. (2008). Мусохон Даҳбидийнинг Нақшбандия-Мужаддидия тариқати ривожида тутган ўрни (XVIII аср). Тар. фан. ном. … дис. – Тошкент.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




