Home / МАҚОЛАЛАР / ИЛМ ОЛИШ – АЁЛЛАРГА ҲАМ ФАРЗ

ИЛМ ОЛИШ – АЁЛЛАРГА ҲАМ ФАРЗ

Илм олиш динимизда улуғ ибодатлардан саналади. Илк нозил бўлган ваҳийнинг “Ўқи!” деб бошланиши бунинг ёрқин далилидир. Шунинг учун ҳам ислом динининг мўътабар манбаларида илм тарғиб қилинган ва илм соҳиби учун баланд даражалар ваъда қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят), деган.

Ҳар қандай халқнинг етуклик даражасини аёлларнинг илмий-маданий камолоти белгилаб бериши, оқила ва ўқимишли оналар миллатнинг буюк келажагини барпо этиши ҳаммамизга маълум. Шу боис донишмандлар: “Битта қиз болани ўқитсангиз – бутун оилани ўқитган бўласиз”, деб бежиз таъкидламаган.

Ислом аёлга инсоният тараққиётида муносиб иштирокчи бўлиш учун ижтимоий ўрин ажратади. Бунинг учун унга таълим олиш, умумий савиясини ошириш ва илмий ишлар билан машғул бўлиш ҳуқуқини ҳам беради.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон киши ва муслима аёлга фарздир”, деганлар. Бундан маълум бўладики, исломда аёл кишига ҳам илм олиш фарз қилинган. Эсланг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизга уйланмоқчи бўлганларида, Ҳазрати Умар ислом умматига юксак бир фазилатни намойиш қилди. Қизи Ҳафсани турмушга беришдан олдин унга ўқиш ва ёзишни ўргатди, диний таълим берди. Хат-савод ўрганиши учун ҳатто Бану Адий қабиласидан бир аёлни ёллади. Ҳафса онамиз етарлича илм олганидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқди. Тўйдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Умардан ҳалиги аёл келиб, дарсни давом эттиришини сўрадилар. Ҳазрати Умар: “Эй Расулуллоҳ! Ҳафса илмни яхши эгаллаб олди”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳафса илмни мукаммалроқ эгаллашини истайман”, дедилар.

Илм олишнинг фарзлиги борасида аёллар эркаклар билан бир ўриндадир. Ушбу ҳадис шарофати билан ислом оламида кўплаб олима аёллар етишиб чиқди. Зиёли аёллар Абу Ҳанифа, Имом Бухорий, Замахшарий, Марғиноний, Навоий, Ибн Сино, Амир Темур, Бобур каби олим ва саркардаларни тарбия қилди. Шунинг учун “Ҳар бир буюк шахс ортида бир аёл туради” деган сўз айни ҳақиқатдир.

Халқимиз азалдан қизларга, оналарга миллат тарбиячилари сифатида алоҳида эътибор қаратиб келган. Маърифатпарвар боболаримиз бежиз “Оналарни ўқитсак, миллатни ўқитган бўламиз” деган фикр билан ўзбек аёлларининг билимли бўлиши учун жон куйдирмаган.

Бугун “Аёлларга илм бериш – жамиятни илмли, маърифатли ва салоҳиятли қилиш” деган мезон ҳаётимизга чуқур сингиб бормоқда. Билим оламан, касб-ҳунар эгаллайман, илм-фан билан шуғулланаман деган хотин-қизлар учун имкониятлар эшиги очиқ. Бизнинг бугунги жамиятда ҳам аёлларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади. Аёлга мунис, мўътабар, муқаддас зот сифатида қаралади.

Саъдий Шерозий: “Илм – аёл учун зийнат. Ақлини нодонликдан халос этган ҳар бир аёл номус, иззат, аёллик қадрини тушуниб етади. Бундай аёл ҳеч бир ишда адашмайди. Илмсиз аёл эса бола тарбиялашда турли хатоларга йўл қўяди”, деган. Оиша розияллоҳу анҳо “Аёлларингизни уйга қамаб қўйманг, уларга таълим беринг ва тикиш-бичиш каби ҳунарларни ўргатинг” деб, аёлларни жамият учун фойдали илм-ҳунар ўрганишга чақирган.

Шу боис қизларга ҳам илм-маърифатли бўлиш ва замонавий ҳунарларни мукаммал эгаллашни тарғиб қилиш энг муҳим масалалардан саналади. Инсоннинг солиҳ ва баркамол бўлиши ёшлигида олган одоб-ахлоқи ва илм-маърифатига боғлиқдир. Шунинг учун ҳам ислом дини ҳамиша инсониятни илмга чорлаб келган.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМ ҚАБРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ ШАРИАТДА ТАРҒИБ ЭТИЛГАН АМАЛДИР

Ислом тафаккури тарихида Қуръони карим ва Суннатни англаш, уларни шарҳлаш ва диний масалаларга муносабат билдириш …