Миқдом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилдилар: “Ҳеч ким ўз қўл меҳнати билан топганидан яхшироқ таом емаган. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Пайғамбари Довуд алайҳиссалом ҳам қўл меҳнати билан топганларидан тановул қилар эдилар” [Имом Бухорий ривояти].
Ушбу ҳадис ислом динида ҳалол меҳнат қилиш, ўз кучи ва имконияти билан ризқ топиш юксак қадрланишини кўрсатади. Инсоннинг ўз меҳнати эвазига ҳаёт кечириши унинг иззат-нафсини сақлаш, мустақил бўлиш ва бошқаларга манфаат етказишида муҳим аҳамиятга эга. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Довуд алайҳиссаломни мисол келтириш орқали меҳнатсеварлик нафақат оддий инсонлар, балки пайғамбарлар ҳаётида ҳам муҳим фазилат бўлганини таъкидлаяптилар.
Ҳалол меҳнат инсонни масъулиятли, сабрли ва интизомли бўлишга ўргатади. Ўз касбини пухта эгаллаш, вазифасини виждонан бажариш, иш вақтига риоя қилиш ва меҳнат маҳсулига масъулият билан ёндашиш ҳалолликнинг амалий кўринишларидир. Зеро, ҳалоллик фақат даромад топиш усулида эмас, балки меҳнат жараёнидаги муносабат ва хатти-ҳаракатларда ҳам намоён бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, ўз қўли билан ҳалол ризқ топиш инсоннинг энг шарафли фазилатларидан биридир. Мазкур ҳадис ҳар бир кишини меҳнатсеварликка, касб-ҳунар эгаллашга, ўз вазифасини сидқидилдан бажариш ва топган ризқининг поклигига эътиборли бўлишга ундайди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




