(Бир ҳадис шарҳи)
Саҳобалар энг гўзал ахлоқ ва энг улуғ фазилатларни эгаллашга доим қаттиқ интиларди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу сифатларга эга бўлган киши ҳақида сўрарди. Бу шунчаки қизиқишдан эмас, балки ўша мартабага етиш нияти эди.
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رضى الله عنه: قِيلَ يَا رَسُولَ اللَّهِ ، مَنْ أَكْرَمُ النَّاسِ قَالَ «أَتْقَاهُمْ».فَقَالُوا لَيْسَ عَنْ هَذَا نَسْأَلُكَ. قَالَ «فَيُوسُفُ نَبِىُّ اللَّهِ ابْنُ نَبِىِّ اللَّهِ ابْنِ نَبِىِّ اللَّهِ ابْنِ خَلِيلِ اللَّهِ».قَالُوا لَيْسَ عَنْ هَذَا نَسْأَلُكَ. قَالَ «فَعَنْ مَعَادِنِ الْعَرَبِ تَسْأَلُونَ خِيَارُهُمْ فِى الْجَاهِلِيَّةِ خِيَارُهُمْ فِى الإِسْلاَمِ إِذَا فَقُهُوا.
Абу Ҳурайра розиллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг энг мукаррами ким?” дейишди. У зот: “Энг тақволилари”, дедилар. “Сиздан бу ҳақда сўрамаган эдик”, дейишди. У зот: “Унда Юсуф Набийюллоҳ ибн Набийюллоҳ (Ёқуб) ибн Набийюллоҳ (Исҳоқ) ибн Халилуллоҳ (Иброҳим)дир”, дедилар. “Сиздан бу ҳақда ҳам сўрамаган эдик”, дейишди. У зот: “Унда араб маъдан (наслнинг бошланиш нуқта)лари ҳақида сўраяпсизми? Жоҳилиятдаги яхшилари исломда ҳам яхшиларидир, агар фақиҳ бўлсалар (динни чуқур англаб етсалар)”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
Бир гуруҳ саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, одамлар орасида энг ҳурматлиси, энг шарафлиси ким эканини сўраяпти. Ҳурмат ва шарафнинг асли кишида яхшиликнинг кўп бўлишидир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга энг кўп тақво қилганлар энг ҳурматли бўлишини айтяптилар. “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир” (Ҳужурот сураси, 13-оят) оятига мувофиқ шундай бўлади. Бу билан ҳақиқий улуғлик ва энг муҳим мезон насаб ё бойлик эмас, балки тақво эканини баён қиляптилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саволни одамлар учун умумий тарзда баҳолаганлар ва барчага тааллуқли тарзда жавоб берганлар.
Бундан ташқари, бу жавоб “амаллар” нуқтаи назаридан энг яхши инсонни аниқлаб беради. Аслида тақво билан қилинган ҳар қандай амал яхшиликдир. Чунки бу ҳолда банда ўзининг ҳар бир хатти-ҳаракати ўта зийрак назорат остида эканини, ҳар бир сўзи ва амали учун жавоб бериш керак бўлишини билиб туради. Шу нуқтаи назардан ҳадисда тақводорлик “устунлик”нинг асосий мезони сифатида тақдим этиляпти.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраётганлар айнан нимани хоҳлаётганини тушуниб турган бўлсалар-да, уларга ҳал қилиниши керак бўлган бош масалани ўргатиш учун шундай жавоб берган бўлишлари мумкин. Яъни, тақво қилсангиз, амалларингиз шунга мувофиқ бўлади ва ўз-ўзидан яхши инсон бўласиз.
“Амаллар ниятларга кўрадир” ҳадисига биноан ҳам шундай. Тақводор одамнинг нияти яхши бўлади, пировардида амали ҳам. Бошқа томондан қарайдиган бўлсак, неъматга шукр, мусибатга сабр савоб экани тўғрисидаги ҳадисларга биноан ҳам ҳар қандай яхшиликнинг (савобнинг) негизида тақво туриши келиб чиқади. Дейлик, тақводор одам Аллоҳ ризоси йўлида садақа беради, етимнинг бошини силайди, оч қолганнинг қорнини тўйдиради ва ҳоказо. Тақвосиз одам буларни хаёлига ҳам келтирмайди. Чунки, бу амаллар унинг “яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтиши керак, акс ҳолда, бу яхшиликдан наф йўқ” деган тамойилига зиддир.
Шунингдек, савол берувчилар шараф нуқтаи назаридан энг яхши ва энг илғор инсонни назарда тутган бўлиши мумкин эди. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Юсуф алайҳиссалом шарафли пайғамбар бўлганини, у Ёқуб алайҳиссаломнинг ўғли ва Иброҳим алайҳиссаломнинг набираси, яъни пайғамбарлар сулоласидан эканини айтяптилар. Чунки у зотда гўзал ахлоқ, пайғамбарлик шарафи, насабнинг улуғлиги, тушларни таъбир қилиш илми, давлат бошқарувида одил ва оқил сиёсат, халққа меҳрибонлик ва қийинчилик (қурғоқчилик) йилларида одамлар ташвишини енгиллатиш каби фазилатлар жамланган эди.
Улар яна бошқа маънода сўраганини айтганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туб араб (маъданий, яъни энг асл) қабилалари орасидаги энг фазилатлилар ҳақида сўраётганини тушундилар.
Одамлар худди ер қаъридаги маъданлар каби турлича. Биттаси қимматбаҳо бўлса, бошқаси арзон, баъзиси кўп учрайди, баъзиси – камёб. Руда қандай модданики бўлса, ундан асосан ўша модда (кимёвий элемент) чиқади. Инсон ҳам ўз аслига яраша фазилат ё камчиликни намоён қилади. Яъни, асли яхши бўлган одам исломдан олдин ҳам мўминга хос феъл-атвор эгаси бўлган, мусулмон бўлмай туриб ҳам мусулмонларча ҳаёт кечирган.
Шу боис Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам исломдан олдин яхши хулқли, шарафли бўлган инсонлар исломни қабул қилиб, динни чуқур англаса, янада афзал бўлишини айтяптилар. Бу билан энг яхши инсон – жоҳилиятдаги шараф, исломдаги шараф ва дин илмини ўзида жам қилган инсон эканини маълум қиляптилар.
Жоҳилият даврида саховат, жасорат, сабр каби фазилатлари билан машҳур бўлган энг яхши одамлар, исломни яхши тушуниб, унга амал қилса, бундан бу ёғига ҳам энг яхшилар бўлиб қолаверади. Чунки ислом уларнинг фазилатларини янада бойитади, мукаммал қилади.
Бу жавоб билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилият даврида устунлик насаб ва аждодлар шарафига асосланган бўлса, исломда фазилат, донолик, билим ва тақво нуқтаи назаридан баҳоланишини очиб беряптилар. Шунингдек, насаб устунлиги фақат унга тақво қўшилгандагина мантиқан тўғри бўлишини тушунтиряптилар. Аслида учта жавоб ҳам тақво томонга тош босади. Чунки исломни чинакам тушунадиган, ўрганадиган ва унга амал қиладиганлар аввало Аллоҳга тақво қилади.
Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи жавобда тўғридан-тўғри, кейинги жавобларда билвосита тақво инсонийлик қийматининг ягона ўлчови эканини таъкидлаганлар.
Ҳадисдан маълум бўладики, Аллоҳ ҳузурида бошқалардан устун мақомга эга бўлишнинг ягона мезони тақво экан. Насл-насаб, обрў-эътибор ё мол-давлат эмас, балки тақво чинакамига инсонни улуғ қиларкан. Тақво ва солиҳ амал бўлмаса, шарафли насаб ҳеч қандай қийматга эга эмас экан.
Ислом гўзал хулқли ва пок наслли инсонларнинг фазилатини – улар динда тўғри бўлиши шарти билан – янада зиёда қилар экан. Чунки ҳадисга биноан, дин илмдир, илм эса инсонни юксалтиради ва яхшилигини кўпайтириб боради.
Гўзал ахлоқларнинг энг улуғ соҳибларини таниш ва ўрганиш – уларга эргашишни осонлаштиради. Яхшиларни қадрлашни, ҳурмат қилишни ўргатади.
Саҳобалар фақат билим учун эмас, амал қилиш учун ҳам кўп савол берарди. Бугунги авлод ҳам энг яхши ахлоқ соҳиблари ва уларнинг йўли қандай бўлганига ҳамда ўша йўлдан юришга ҳаракат қилиши лозим.
Ҳар доим чиройли хулқли бўлишга ҳаракат қилиш зарур экан. Ҳақиқий мукаррам инсон мартабасига гўзал одоб билан етишилади. Инсонлар маъданлар каби турличадир, кимнинг асли ва хулқи яхши бўлса, ислом уни янада камол топтиради. Демак, энг комил инсон асл инсоний фитратни сақлаган, гўзал хулқ, тақво ва илмни бирлаштирган инсондир. Жамиятда устунлик мезонини фақат шу омиллар тўғри белгилайди. Шу тамойилга риоя этилса, у эл орасида одамлар насаби, бойлиги ё мансаби эмас, балки тақвоси ва ахлоқи билан баҳоланишига олиб келади. Шу тариқа адолатли, фозил жамият шакллана боради.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





