Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Самарқанд вилояти делегациясининг Малайзия ва Индонезияга сафари бошланди

Самарқанд вилояти делегациясининг Малайзия ва Индонезияга сафари бошланди

Давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 январдаги “Умра плюс” зиёрат туризми дастурини амалга оширишга қаратилган қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилояти делегациясининг Малайзия ва Индонезия давлатларига хизмат сафари ташкил этилди.

Вилоят ҳокими Адиз Бобоев бошчилигидаги делегация таркибидан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов ва мутасадди ташкилотлар ҳамда туризм соҳаси вакиллари жой олган.

Ташрифнинг илк манзили Малайзиянинг Путражая шаҳри бўлди. Делегация аъзолари ушбу шаҳарнинг энг гўзал меъморий обидаларидан бири —15 минг намозхонга мўлжалланган Путра масжидида бўлиб, мажмуанинг қурилиш услуби ва зиёратчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Масжид кутубхонаси ва музейидаги ноёб қўлёзмалар, Қуръони каримнинг қадимий нусхалари ҳамда тарихий ашёлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Сафар давомида делегация аъзолари дунёдаги энг йирик китоб чоп этиш марказларидан бири — «Насирул Қуръон» (Kompleks Nasyrul Quran) мажмуасига ташриф буюрди. Дунёда Мадинаи мунавварадаги мажмуадан кейинги, иккинчи ўринда турадиган ушбу марказда диний адабиётларни чоп этиш жараёни ва хаттотлик санъатининг ноёб намуналари ўрганилди.

Музокаралар давомида томонлар илмий-маърифий соҳада амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдириб, бундай алоқалар келгусида халқларимиз ўртасидаги маънавий ва маданий ришталарни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, сафардан кўзланган асосий мақсад — янгидан қайта қурилган Имом Бухорий мажмуасини бошқаришда хорижий тажрибани қўллаш, “Умра плюс” дастури доирасида Малайзия ва Индонезиянинг етакчи туристик компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда юртимизнинг зиёрат туризми салоҳиятини кенг тарғиб қилишдан иборатдир.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ҳожилар – маънавият элчилари

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Ҳожилар – маънавият тарғиботчилари” мавзусида …