1 апрель куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси анжуманлар залида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган китоб тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда таниқли олим, Марказ директорининг Бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев қаламига мансуб “Танланган асарлар” туркумининг V жилди — “Фалсафа тарихи: мақолалар тўплами” кенг жамоатчиликка тақдим этилди.

Тақдимотда Марказ раҳбарияти, юртимизнинг етакчи олимлари, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда кенг китобхонлар жамоатчилиги иштирок этди.
Тадбирни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий котиби Бахтиёр Турсунов очиб, мазкур нашрнинг илмий-маърифий аҳамияти, фалсафа тарихи соҳасидаги ўрни ва ёш авлод тафаккурини шакллантиришдаги роли ҳақида алоҳида тўхталди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева бундай илмий тадбирларнинг жамият маънавий ҳаётидаги аҳамиятини таъкидлаб, ушбу китобни кенг китобхонлар оммасига етказиш муҳим вазифа эканини қайд этди.

Сўзга чиққанлар китобнинг илмий концепцияси, унинг фалсафа тарихини кенг цивилизацион жараён сифатида талқин этишга қаратилган жиҳатлари ҳамда миллий ва умуминсоний мерос уйғунлигини акс эттирган ўзига хос хусусиятлари ҳақида батафсил фикр билдирди.
Таъкидланганидек, мазкур тўпламда антик давр мутафаккирларидан ислом цивилизацияси ва Марказий Осиё илмий-маънавий муҳитида камол топган алломаларгача тааллуқли бўлган кенг қамровли материаллар жамланган. Бу эса, ўқувчида фалсафий тафаккурнинг узвий ривожи ҳақида яхлит тасаввур шакллантиришга хизмат қилади.
Тадбир давомида профессорлар Ж.Раматов, Д.Файзихўжаева ва бошқалар китобнинг илмий аҳамиятини юқори баҳолаб, у эндиликда фалсафа тарихи соҳасидаги муҳим манбалар сирасидан жой олишини таъкидлади.

Шу билан бирга, асарда Шарқ ва Ғарб фалсафий анъаналарининг уйғун ҳолда ёритилгани, муаллифнинг мураккаб назарий масалаларни содда ва тушунарли тилда баён этиш маҳорати алоҳида эътироф этилди.
Тадбир якунида Б.Тўраев китобнинг яратилиш жараёни, унинг илмий манбалари ва келгусидаги изланишлар режалари ҳақида тўхталди ҳамда билдирилган фикр ва мулоҳазалар учун миннатдорлик билдирди.

Мазкур нашр фалсафа тарихи бўйича билимларни тизимли равишда бойитиш, ёшлар орасида танқидий ва таҳлилий тафаккурни шакллантириш, миллий ва умуминсоний маънавий меросни чуқур англашга хизмат қилувчи муҳим манба сифатида эътироф этилди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





