Home / МАҚОЛАЛАР / МАҲБУБИЙЛАР ОИЛАСИ ИЛМИЙ МЕРОСИ

МАҲБУБИЙЛАР ОИЛАСИ ИЛМИЙ МЕРОСИ

Маҳбубийлар оиласи Бухорода фаолият юритган йирик оилавий фақиҳлар сулоласи ҳисобланади. Бу оила вакиллари томонидан Ҳанафий фиқҳи борасида бир қатор асарлар ёзилган. Улар ҳозирги кунда ҳам катта қизиқиш билан ўрганилади. Ушбу асарларга кўплаб шарҳ, ҳошия ва қисқартмалар ёзилган.

Бухородаги бу оила вакиллари ва бошқа кўп диёрлардаги фақиҳлар ўз дарслари, фатволари ва тўпламларида мурожаат қилган энг муҳим асарлардан бири Бурҳониддин Марғиноний (ваф. 593/1197)нинг “Ал-Ҳидоя” асаридир. Ўрта Осиё ҳуқуқий билимлари маҳсули саналган бу асар кўплаб тадқиқотлар манбаи бўлиб, ҳанафий мазҳаби ривожига катта ҳисса қўшган. Маҳбубийлар оиласи вакиллари асарларидаги асосий манбалардан бири ҳам “Ал-Ҳидоя”дир. Бурҳонушшариа (ваф. VII-VIII/ХIII-ХIV аср) “Aл-Ҳидоя” ҳақида ихчам асар “Виқоятур ривоя фи масаилил Ҳидоя” ва Тажушшариа (ваф. 709/1309) “Шарҳул-Ҳидоя”ни ёзган. Садрушшариа Соний (ваф.747/1346) “Виқоя”нинг қисқартмаси бўлган “Ан-Нуқоя”ни ва “Шарҳул виқоя” асарини ёзган.

Бу асарлар Ҳанафий адабиётида муҳим мавқега эга бўлиб, улардан йиллар давомида таълим ва фатво манбаи сифатида фойдаланилган. Бундан ташқари, бу асарларнинг бир қисми фақиҳлар томонидан асос қилиб олинган ва подшоҳлар фармони билан дарсликлар рўйхатига киритилган. Қуйида Маҳбубийлар оиласига мансуб фақиҳлар асарларини ўрганиб чиқамиз.

Асосий қисм. Маҳбубийлар сулоласининг илк вакили, Бурҳонушшарианинг бобоси Жалолиддин Убайдуллоҳ ибн Иброҳим ибн Аҳмад Убодий Маҳбубий Бухорий Ҳанафийнинг таржимаи ҳоли келтирилган китобларда унинг “Шарҳу Жомиъис сағир” ва “Ал-Фуруқ” асарлари борлиги айтилган. “Шарҳу Жомиъис сағир” асари Жамолиддин Маҳбубийга мансуб эканига унинг таржимаи ҳолини келтирган барча олимлар иттифоқ қилган. “Ал-Фуруқ” асарини эса Кафавий ва Лакнавий унга нисбат берган [10:36,37].

Бурҳонушшарианинг отаси Аҳмад ибн Убайдуллоҳ Содрушшариа Акбар ҳам етук фақиҳ бўлган. У “Танқиҳул уқул фи фуруқил манқул” асарини ёзган. “Тожут тарожим” ва “Фавоидул баҳия” китобларида “Талқиҳул уқул фил фуруқ” деб келтирилган [2:25; 8:115]. “Мўъжамул муаллифин” соҳиби эса китоб номини “Талқиҳул уқуд фил фуруқи байна аҳлин нуқуд” деб келтирган [12:1/191]. “Кашфуз зунун”да “Талқиҳул Маҳбубий” деб келтирилган [13:2/1258].

Маҳбубийлар сулоласининг яна бир вакили Умар ибн Аҳмад бўлиб, Тожушшариа лақаби билан машҳур. Олим “Ҳидоя”нинг шарҳи “Ниҳаятул кифая фи дироятил Ҳидоя” асарини ёзган. Ушбу шарҳ “Ҳидоя”нинг илк шарҳларидан бири ҳисобланади. Китобнинг аввали:

نَصْرٌ مِنَ اللهِ وَ فَتْحٌ قَرِيْبٌ

[Насрун миналлоҳи ва фатҳун қориб] – “Аллоҳдан ёрдам ва яқин зафар”, деб бошланади.

Бундан ташқари, олимнинг “Маосирул иқбол фи мафахириш шол” асари мавжуд бўлиб, у тарихга оид форсча китобдир. Унда Пайғамбарликдан то Али розияллоҳу анҳунинг халифалик йилларигача бўлган давр ёритилган [5:1/787; 10:31]. 

Ширинбулолий “Ал-кифая шарҳул Ҳидоя” асарини Тожушшариага нисбат берган. Бу хато. Ушбу китоб Жалолиддин Кирлоний қаламига мансубдир [10:36].

Бурҳонушшарианинг “Виқоя”, “Воқиъот”, ва “Фатово” номли асарлари бор. Кафавий “Шарҳул Ҳидоя”ни Бурҳонушшариага нисбат берган. Лекин бу нисбат хато бўлиб, ушбу шарҳ Буҳонушшарианинг укаси Тожушшариа Умар Маҳбубий қаламига мансубдир [10:31].

Ибнул Ҳаноий эса “Меърожуд дироя шарҳул Ҳидоя” асарини Бурҳонушшариага нисбат берган. Бу ҳам нотўғри. Чунки бу асар Қивомуддин Кокийга тегишли [13:2/2033; 10:31].

Бурҳонушшарианинг “Виқоя” асари тўлиқ номи “Виқоятур ривоя фи масаилил Ҳидоя”дир. У ҳанафий мазҳабининг энг машҳур фиқҳ асарларидан бири ҳисобланади. Бурҳонушшарианинг фақат битта асари “Виқоя” ҳозирги кунгача сақланиб қолган. Манбаларда тилга олинган бошқа асарларининг мавжудлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ. Маълумки, “Виқоя” ҳанафий мазҳабида “мутуни саласа”, “мутуни арбаъа”, “мутуни ситта” деб номланган мўътабар матнлар қаторига киритилган. Ёзилган пайтдан бери юксак ҳурматга сазовор бўлган асар ҳанафий мазҳаби кенг тарқалган диёрлар – Ҳиндистон яримороли, Усмонийлар давлати ва Ўрта Осиё мадрасаларида ўқитилган.

Ҳанафий мазҳабининг муҳим асарларидан бири бўлган Бурҳонушшариа Маҳмуднинг “Виқоятур ривоя фи масаилил Ҳидоя” китоби шарҳ, мухтасар, таълиқ, рисола ва раддия каби турли тадқиқот мавзуси бўлиб, турк ва форс тилларига ҳам таржима қилинган.

Тадқиқотларга кўра, “Виқоя” китоби ҳақида бир-биридан фарқ қиладиган 60 та мустақил асар ёзилган. Булар 35 та шарҳ, 14 та рисола, 6 та таржима, 3 та таълиқ, 1 та раддия ва 1 та мухтасар асардан иборат [7:83,84].

“Виқоя” асари ҳанафий фиқҳи мўътабар матнлари ичида юқори даражада бўлгани учун кўплаб олимлар унга шарҳ ёзишга эътибор берган. Сабаби толиби илм уни ёдлаб олганидан кейин китобни янада кенгроқ тушуниши учун унинг шарҳига эҳтиёж сезади. Қуйида олимлар томонидан асарга ёзилган шарҳлар билан танишиб чиқамиз.

  1. “Шарҳул виқоя”. Саййид Шариф Журжоний (ваф. 816 ҳ).
  2. “Шарҳул виқоя”. Ибн Халифа.
  3. “Шарҳул виқоя”. Мусаннифак (ваф. 875 ҳ).
  4. “Шарҳул виқоя”. Ибн Қутлубғо (ваф. 789 ҳ).
  5. “Шарҳул виқоя”. Алоуддин Асвад (ваф. 800 ҳ). Тошкўпирзода шундай деган: “У (турли масалаларга) тўла, “Виқоя” мушкулотларини ечишга кафил бўлган китобдир. Уни икки мужалладда кўрдим. Ўқиб чиқиб, фойдасини сездим” [11:9].
  6. “Шарҳул виқоя”. Ибн Малак (ваф. 801 ҳ).
  7. “Ал-ҳимоя ала шарҳил виқоя”. Кирмосиний. (ваф. 900 ҳ. атрофида).
  8. “Ар-ромзу ила таҳқиқил виқоя”. Ибн Шиҳна. (ваф. 921 ҳ).
  9. “Шарҳул виқоя”. Шайхзода. (ваф. 950 ҳ).
  10. “Шарҳул виқоя”. Фасиҳуддин Ҳиравий. Лакнавий: “Унинг икки мужалладли шарҳини ўқидим. У муғлақ жойларни ечиб берадиган шарҳдир. Асарда унинг Содрушшариа билан бўлган бир нечта муноқашалари бор”, деган [1:1/112].
  11. “Ат-татбиқ шарҳул виқоя”. Қосим ибн Сулаймон Никандий. (ваф. 970 ҳ). Олим ушбу китобида Ибн Камолнинг бир қатор эъродларига жавоб келтирган [1:1/112].
  12. “Шарҳул виқоя”. Темиртоший (ваф. 1004 ҳ).
  13. “Шарҳул виқоя”. Ширинбулолий (ваф. 1069 ҳ).
  14. “Шарҳу назмил виқоя”. Кавокибий (ваф. 1096 ҳ).
  15. “Ал-истиғно шарҳул виқоя”. Алоуддин Али Тароблусий.
  16. “Ал-истиғно фил истийфо шарҳул виқоят”. Ҳусомуддин Кавсаж.
  17. “Ал-иноя шарҳул виқоя”. Тумнотий. Ҳижрий VIII аср охирларида вафот этган. Тошкуброзода шундай деган: “Унинг “Виқоя”га ёзган шарҳи олимнинг фазилатли эканига далолат қилади. Бу унинг шарафли эканига кифоя қилади” [11:63]. “Мактабатул авқоф ал-ироқия”да 4071 рақам остида қўлёзма нусхаси мавжуд [10:73].
  18. “Тавфиқул иноя шарҳул виқоя”. Зайниддин Жунайд ибн Сандал. Ҳожи Халифа: “У фойдали шарҳдир”, деган [13:2/2020].
  19. “Тавсиқул иноя байна шуруҳил виқоя”. Авқофул ироқия мактабасида 4115 рақам остида қўлёзма нусхаси мавжуд [10:74].
  20. “Тавжиҳул иноя ли жамъи шуруҳил виқоя”. Абуляман Муҳаммад ибн Муҳиб.
  21. “Ат-тайсир шурҳул виқоя”.
  22. “Шарҳул виқоя”. Иззуддин Тоҳир Шофеий [13:2/2038; 1:1/112].
  23. “Шарҳул виқоя”. Ибн Шайх.
  24. “Шарҳул виқоя”. Муҳаммад Али Ҳаскафий.
  25. “Кашфул виқоя”. Лакнавий [1:1/112].
  26. “Ал-атоя фи шарҳил виқоя”. Муҳаммад Табиб Муҳтадий Мусилий.
  27. “Риоятул виқоя шарҳу виқоятир ривоя”. Қора Синон.
  28. “Ар-риъоя шарҳул виқоя” [13:2/2022].

Бу асарни назм шаклига келтирган олимлар ҳам бор. Жумладан:

  1. “Назмул виқоя”. Вазир Шамс Пошо Румий (ваф. 988 ҳ). Бу назм турк тилида.
  2. “Назмул виқоя”. Кавокибий (ваф. 1096 ҳ).

Асар форс, турк ва урду тилларига таржима қилинган. Бу таржималар қуйидагилар:

  • “Назмул виқоя”. Юсуф ибн Давлат ўғли. Турк тилида. Ҳижрий 867 йилда таржима қилинган [13:2/2023].
  1. Вазир Пошо Румий (ваф. 988/1580) асарни туркий тилда назм шаклида таржима қилган.

“Нурул ҳидоя шарҳул виқоя”. Ҳайдарободий (ваф. 1338 ҳ). Урду тилида.

Сулоланинг энг охирги вакили Убайдуллоҳ ибн Масъуд Маҳбубий оила вакиллари ичида энг кўп китоб таълиф қилган олим. Унинг қаламига мансуб асарлар кейинги аср олимлари томонидан чиройли тарзда қабул қилинган, кўплаб шарҳ ва ҳошия битилган. Бунга сабаб унинг шаръий илмларда юқори даражада етганидир. Унинг бу даражага етишига асосий сабабчи бу бобоси – “Виқоя” китоби соҳиби Маҳмуд ибн Убайдуллоҳ Маҳбубийдир. У бобоси тарбиясида ҳатто олимлар ҳам мурожаат қиладиган етукликка эришди. Унинг асарлари шариат илмларининг бир туригагина хос эмас. Балки ўз замонининг асосий фан ва илмларига бағишланган эди. Унинг барча асарлари ўз йўналиши бўйича мўътамад бўлган. Лакнавий бу ҳақда шундай деган: “Содуршарианинг барча таснифотлари олимлар наздида мақбул ва фақиҳлар наздида мўътабардир” [2:189].

Олимнинг китоблари бундай юқори эътироф билан қабул қилинишига икки сабаб бор:

  1. Олимнинг илмдаги матонати, мушкул масалаларни кучли таҳрир қилиши, илмнинг мўътабар масалаларини ажрата олиши, олдин ҳеч ким келтирмаган нукта (фойда) ва баҳсларни келтира олишидир. Ундан кейинги олимлар уни илмдаги қобилияти ва мустаҳкамлигини эътироф қилган.
  2. Аллоҳ таолога бўлган ихлос ва сидқи. Бу қалб иши бўлиб, уни Аллоҳ таолодан бошқаси билмайди. Лекин Аллоҳ таоло олимнинг кўп китобларига мақбулиятни берганидан буни кузатишимиз мумкин [1:1/44].

Олимнинг асарлари қуйидагилар:

  1. “Танқиҳул усул”. “Танқиҳ” номи билан машҳур. У ҳанафий фиқҳи усули бўйича ишончли матн.

Содрушшариа китобнинг ёзилиш сабаби ҳақида шундай деган: “Буюк олимларнинг ҳар доим Фахрул Ислом Али Паздавийнинг (Аллоҳ у кишини Дорус саломга жойласин) “Усули фиқҳ” асарини муҳокама қилаётганларини кўрдим… Уларнинг баъзиларини асарни аҳамият билан қараш керак бўлган жойларига қосирлик билан назар солгани сабабли лафзларининг зоҳирига асосан унга таъна етказаётганини кўрдим. Шунда уни қайта кўриб чиқиш ва тартиблашга қарор қилдим. Муаллифнинг муродини очиқлаш ва уни тушунтиришга ҳаракат қилдим…” [1:1/45].

Қураший китоб ҳақида бундай деган: “Муаллиф унда Паздавий ва Ибн Ҳожибнинг сўзларини жамлаган ҳамда чиройли тарзда тартиблаган. Худди Ибн Соъотий “Ал-Бадиъ” китобида Омидий ва Фахрул Ислом Паздавийнинг сўзларини жамлагани каби…”[9:4/369,370].

  1. “Ат-тавзиҳ фи ҳалли ғавомизит танқиҳ”. Муаллифнинг усули фиқҳ борасидаги юқорида зикр қилинган китоби шарҳи.

Содрушшариа асарни ёзиш сабабини шундай изоҳлайди: “Аллоҳ мени “Танқиҳул усул” китобини ёзишга муваффақ қилгач, унинг мушкул жойларини шарҳлаш ва муғлақ ерларини очиб беришни хоҳладим… “Танқиҳ”ни қораламасини ёзганимдан кейин баъзи асҳобларим ундан нусха кўчириб, унинг устида баҳс қилишга шошилди. Унинг нусхалари баъзи жойларга тарқалиб кетди. Шундай кейин айрим ўзгартириш, бироз ўчириш ва қўшишлар бўлди. Шунинг учун бу шарҳга матнинг ибораларини ҳам ўзимда бор бўлган матн услубида ёздим. Сабаби бу услубдан олдин, яъни ўзгартиришлардан олдин ёзилган нусхалар турлича бўлиб кетган эди. Сўнг китоб охирига етказилди. Турли таърифларни, ақлий қоида ва таърифларга асос бўлган ҳужжатларни ўз ичига олган ҳолда тугатилди. Усуллар аниқланиб, нафис услубда тартибланди. Бирор киши бунга ўхшашини олдин қилмаган эди. Бу илмнинг моҳир билимдонлари ҳам чегарасига ета олмаган ноаниқ тадқиқотлар ҳам қамраб олинди” [10:48,49].

Тафтазоний ҳам китоб ҳақида ўзининг илиқ фикрларини билдирган. У китоб кенг масалалар хулосаси ва кўплаб сараланган маълумотларни ўзида мужассам қилганини айтиб ўтган [10:49].

Қураший ва Кафавийлар уни нафис шарҳ деб сифатлаган [9:4/370: 6:287].

Бу шарҳ ва унинг матни олимларнинг юксак эътиборига сазовор бўлган. Унга кўплаб шарҳ, ҳошия ва таълиқ битилган. Чунки у ҳанафий мазҳаби усулларини билишда ишончли асар ҳисобланади.

  1. “Ал-муқаддиматул арбаъ”. Кафавий ва Лакнавийлар Содрушшарианинг шу номдаги алоҳида китоби бор деган. Лекин Ҳожи Халифа эса бу мустақил бир китоб эмаслиги, балки “Тавзиҳ” китобининг ичидаги бир қисм эканини айтган [10:54]. Олимлар китобнинг мана шу қисмида ноаниқлик кўп бўлгани учун уни алоҳида ажратиб шарҳлаган ва таълиқ ёзган.
  2. “Ан-нуқоя мухтасарул виқоя”. Муаллиф ушбу асар дебочасида ва “Шарҳул виқоя”нинг бир қанча жойларида китобни ўзига нисбат берган. Асар халқ орасида “Мухтасар” ва “Мухтасарул виқоя” номлари билан машҳур. Ҳанафий фиқҳ китоблари ва асар шарҳларида “Ан-нуқоя” номи ҳам келган.

Олим  асарда “Виқоятур ривоя”нинг кўп масалаларини ихчамлаштирган. Баъзи жумлаларни мўъжаз ва равшан кўринишга келтирган. Мавзуларни тартиблашда “Виқоятур ривоя” тартибига эргашмаган. Балки баъзи мавзуларни олдин ва баъзиларини эса кейин келтирган. Китобга кўплаб шарҳлар битилган.

  1. “Аш-шурут вал-маҳозир”. Кафавий ва Лакнавий китобни мана шу ном билан муаллифга нисбат берган бўлса, Ҳожи Халифа эса “Шурути Содрушшариа” номи билан нисбат берган.

Кафавий китоб ҳақида: “Уни фиқҳ китоблари ва боблари тартибида тартиблаган”, деган [6:287].

  1. “Таъдилул улум”. Мантиқ фани бўйича ёзилган китоб. Ҳожи Халифа китоб ҳақида бундай деган: “Уни икки қисм қилган. Биринчиси мезон, яъни мантиқ ҳақида. Иккинчиси калом ҳақида. Кейин уни аралаш ҳолда шарҳлаган. Унда буюк олимлар ҳайратда қолган ноаниқ баҳсларни ҳам очиб берган…” [13:1/419].
  2. “Шарҳул фусулил хомсийн”. Яҳё ибн Абдулмуътийнинг навҳ борасидаги “Ал-фусулул хомсун” китоби шарҳи. Ҳожи Халифа ва Умар Каҳола китобни шу ном билан муаллифга нисбат берган.
  3. “Ал-вишоҳ фил маъоний вал баён”. Маоний илми бўйича ёзилган. Зайниддин Абдурраҳмон ибн Абу Бакр (ваф. 893 ҳ) уни шарҳлаган.
  4. “Қирқ ҳадис”.
  5. “Шарҳул виқоя”.

“Виқоя” китобининг тўлиқ номи “Виқоятур ривоя фи масаилил Ҳидая” бўлиб, олимлар уни “Виқоя” деб қисқартириб ишлатган. Асар мана шу ном билан танилган. Доктор Сало Абулҳожнинг таъкидлашича, асарнинг бошқа номлари ҳам келтирилади. Жумладан: “Шарҳул мавозиъил муғлақа мин виқоятир ривоя”, “Ҳаллул мавозиъил муғлақа мин виқоятир ривоя фи масаилил Ҳидая” ва “Ал-иноя шарҳу виқоятир ривоя”.

“Шарҳул виқоя” асарининг дебочасида бу китобнинг ёзилишига учта сабаб бўлганини билиш мумкин.

  1. “Виқоя”нинг нусхалари турли мамлакатларга ва одамлар орасида тарқалиб кетган ва уларда бир қанча ўзгаришлар содир бўлган. Шунинг учун муаллиф бу шарҳни ёзган.
  2. “Виқоя” асарини қисқартириб, унга “Ан-Нуқоя” номини берган. Кейин бу шарҳда ундаги чигал жойларни очиб беришга қарор қилган.
  3. Ўғли Маҳмуд “Виқоя”ни шарҳ қилиб беришини сўраб, қаттиқ туриб олган [10:61-63].

“Шарҳул виқоя” асари Убайдуллоҳ ибн Масъудга тегишли экани борасида олимлар ўртасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. “Виқоя”ни унинг бобоси қаламига мансуб эканида ҳам ихтилоф йўқ. Фақат бобосининг ота томонидан бўлган бобоси ёки она томонидан бўлган бобоси эканида турли фикрлар мавжуд [10:64].

Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг “Шарҳул виқоя” асари “Виқоя”нинг энг машҳур шарҳларидан бўлгани боис кенг тарқалди. “Шарҳул виқоя” дейилса, мана шу китоб назарда тутиладиган бўлди. Олимлар ҳам унга катта эътибор қаратган. Кўплаб мадрасаларда дарсликлар қаторидан жой олган. Бир қанча олимлар унга ҳошия ёзган. Жумладан:

  1. “Ҳошияту шарҳил виқоя”. Мусаннифак номи билан машҳур бўлган олим Али ибн Маждиддин (1426-1470) қаламига мансуб ҳошия [1:1/114; 3:206; 10:72].
  2. “Захиратул уқбо”. Юсуф ибн Жунай Туқотий Чалабий (ваф. 905/1499) қаламига мансуб. Бу ҳошия талабалар ўртасида кенг тарқалган. Баъзи ҳанафий олимлар ушбу ҳошияни “Шарҳул виқоя”нинг барча ҳошияларини ўзида жамлаган, деб айтган [3:206]. Асар охирида муаллиф бу ҳошияни 891 ҳижрий йилдан бошлаб, 901 йил Зулҳижжа ойининг охирида тамомлаганини зикр қилган [1:1/114].
  3. Ҳасан Чалабий ибн Шамсиддин Муҳаммад Шоҳ Фанорий (1436-1481) ёзган ҳошия [1:1/115; 3:206; 10:73].
  4. Мавло Муҳйиддин Муҳаммад (ваф. 901/1495) ҳошияси. Хатибзода Румий номи билан машҳур бўлган. Ҳошия охирига етмаган [1:1/116; 3:206; 10:73].
  5. Муҳйиддин Муҳаммад ибн Ҳусайн Румий (ваф. 901/1495) ҳошияси [1:1/116,117; 10:73].
  6. Юсуф ибн Ҳусайн Кирмосиний (ваф.900 ҳижрий йил атрофи) ҳошияси.
  7. Муҳйиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Ажамий ҳошияси.
  8. Муслиҳиддин Мустафо ибн Ҳусомиддин (ваф.1010/1601) ҳошияси. Олим Ҳусомзода номи билан машҳур.
  9. Муҳйиддин Муҳаммад Шоҳ ибн Али ибн Юсуф Болий ибн Шамсиддин Муҳаммад ибн Ҳамза Фаннорий (ваф.929/1522) ҳошияси.
  10. Ножийзода номи билан машҳур бўлган олим Саъдий ибн Ножий Бек (ваф.922/1515) ҳошияси.
  11. Муҳйиддин Чалабий Муҳаммад ибн Али ибн Юсуф Болий Фаннорий (ваф.954/1547) ҳошияси. Ҳошия тўлиқ эмас. Фақат асарнинг аввалги қисмларигагина ёзилган.
  12. Камолиддин Исмоил Фаромоний ҳошияси. Олим Қора Камол номи билан машҳур.
  13. Яъқуб Пошшо ибн Ҳузарийбек ибн Жалолиддин Румий (ваф.891/1486) ҳошияси.
  14. Синониддин Юсуф Румий ҳошияси.
  15. Мавло Хусравнинг шогирди Синониддин Юсуф Шоъир ҳошияси.
  16. Мавло Аҳмад Хаёлий ҳошияси.
  17. Мавло Хусрав ва Мулла Хусрав номи билан машҳур бўлган олим Муҳаммад ибн Фаромуз (ваф.885/1480) ҳошияси.
  18. Арабзода Румий номи билан машҳур бўлган олим Муҳаммад ибн Муҳаммад (ваф.969/1561) ҳошияси.
  19. Мавло Тожиддин Иброҳим ибн Убайдуллоҳ Ҳумайдий (ваф.973/1565) ҳошияси.
  20. Мавло Солиҳ ибн Жалол (ваф.973/1565) ҳошияси.
  21. Шайхзода номи билан машҳур олим Муслиҳиддин Қужавий ҳошияси.
  22. Ҳусомиддин Ҳусайн ибн Абдурраҳмон (ваф.926/1519) ҳошияси.
  23. Мустафо ибн Халил (857-935/1452-1528) ҳошияси. “Шақоиқун нўъмония” асари муаллифининг отаси.
  24. Қозизода Румий номи билан машҳур Мавло Шамсиддин Аҳмад ибн Мавло Бадриддин (ваф.988/1580) ҳошияси.
  25. Шайхулислом Аҳмад ибн Яҳё ибн Муҳаммад ибн Саъдиддин Тафтазоний Масъуди ибн Умар (ваф.916/1510) ҳошияси.
  26. Мавло Исомиддин Иброҳим ибн Муҳаммад Исфироиний (ваф.944/1537) ҳошияси.
  27. Қутбиддин Марзифуний Румий (ваф.935/1528) ҳошияси.
  28. Абдулҳай Лакнавий (ваф.1304/1885) ҳошияси. Абдулҳай Лакнавий “Шарҳул виқоя” асарига дастлаб “Ҳуснул вилоя фи таҳшияти шарҳил Виқоя” номли ҳошия ёзади. Лекин у охирига етмайди. Кейин “Ас-сиъоя фи кашфи ма фи шарҳил Виқоя” номли ҳошия ёзади. Сўнг “Умдатур риоя” номли учинчи ҳошиясини ёзади. Лекин у ҳам тугалланмай қолади. Алломанинг укаси Абдулҳамид Лакнавий (ваф.1353/1934) уни охирига етказади [3:207].

Абдулҳай Лакнавий “Умдатур риъоя” китобида асарнинг юқорида зикр қилинган ва бошқа жами элликдан ошиқ ҳошияларини санаб ўтган [1:1/107-140].

Муҳокама. Маҳбубийлар оиласи вакиллари ичида Бурҳонушшарианинг исми ва насаби борасида турли қарашлар бор. Табақот китобларида олимнинг насаби икки хил шаклда келтирилгани айтилади.

  1. У (Маҳмуд) ибн Содрушшариа Акбар Аҳмад ибн Убайдуллоҳ ибн Иброҳим ибн Аҳмад ибн Абдулмалик ибн Умар ибн Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Марвон ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Маҳбуб ибн Валид ибн Убода ибн Сомит Убодий Маҳбубий Бухорий Ҳанафий.
  2. У (Маҳмуд) ибн Содрушшариа Акбар Аҳмад ибн Жамолиддин Абулмакорим Убайдуллоҳ ибн Иброҳим ибн Аҳмад ибн Абдулмалик ибн Умайр ибн Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Холаф ибн Ҳорун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳбуб ибн Валид ибн Убода ибн Сомит саҳобий Ансорий Маҳбубий [10:24].

Олимнинг лақаби Тожушшариа ёки Бурҳонушшариа экани борасида бир қатор ихтилофлар бор. Айрим олимлар уни Тожушшариа, “Ҳидоя” шарҳи соҳиби деса, бошқа бир гуруҳ олимлар унинг лақаби Бурҳонушшариа, Тожушшариа лақаби эса унинг туғишгани “Ҳидоя”нинг шориҳи Умар ибн Аҳмадга тегишли деган.

Олимнинг набираси бобоси ҳақида “Ан-Нуқоя”нинг дебочасида бундай келтиради:

و بعد، فإن العبد المتوسل إلى الله تعالى بأقوى الذريعة عبيد الله صدر الشريعة بن مسعود بن تاج الشريعة سعد جده، يقول قد ألف جدي و مولاي العالم الرباني والعامل الصمداني برهان الشريعة و الحق والدين محمود بن صدر الشريعة جزاه الله عني و عن سائر المسلمين خير الجزاء، لأجل حفظي كتاب «وقاية الرواية فى مسائل الهداية»…

“Албатта Аллоҳ таолога кучли васила ила васила қилувчи банда Убайдуллоҳ Содрушшариа ибн Масъуд ибн Тожушшариа, бобоси саодатли бўлсин, айтади: “Бобом ва мавлойим Раббоний олим, Самадоний омил шариат, ҳақ ва диннинг бурҳони Маҳмуд ибн Содрушшариа, Аллоҳ уни мен ва бошқа мусулмонлар тарафидан яхшилик билан мукофотласин, менинг ёд олишим учун “Виқоятур ривоя фи масаилил Ҳидая” китобини ёзди” [10:18].

“Тавзиҳ” ва “Шарҳул виқоя”нинг дебочасида ҳам шундай сўзларни келтирган.

Натижа. Содрушшарианинг сўзларидан ҳам очиқ-ойдин кўриниб турибдики, Тожушшариа унинг ота тарафидан бобоси. Унинг бошқа, яъни она тарафидан бўлган бобоси эса Бурҳонушшариа бўлиб, у набираси Убайдуллоҳ ибн Масъуд учун “Виқоя” китобини ёзган. Унинг исми Маҳмуд.

Табақот китобларида келтирилган олимнинг исми ва насаби ҳақида маълумотлар иккита эҳтимолни юзага келтиради.

Биринчи эҳтимол. Тожушшариа ва Бурҳонушшариа бир киши бўлиб, унинг исми Маҳмуддир. “Ҳидоя”ни шарҳловчиси ҳам шу киши. Кафавий “Катоиби аъломил ахёр”да берган маълумот шу. Тожушшариа ва Содрушшарианинг таржимаи ҳолларида ҳам мана шу фикр мавжуд [6:265]. Ибн Қутлубғо, Ибн Ҳаноий, Тошкўпирзода ва Зириклий ҳам шу фикрни илгари сурган [10:19].

 Иккинчи эҳтимол. Тожушшариа Содрушшарианинг она тарафидан бўлган бобоси. “Ҳидоя”нинг шориҳи. Бурҳонушшариа эса унинг ота тарафидан бўлган бобоси. Унинг исми Маҳмуд. Тожушшариа ва Бурҳонушшариа Содрушшариа Акбарнинг ўғиллари. Доктор Салоҳ Абулҳож ҳам шуни айтган. Сабаби “Кашфуз зунун” соҳиби “Ҳидоя” китобининг шарҳларини зикр қилиш асносида Тожушшариадан бир нақл келтириб, унинг исмини Абу Абдуллоҳ Умар ибн Содрушшариа эканини ва у 673 йилда вафот этганини айтган [10:20].

Бундан равшан бўладики, Тожушшарианинг исми Умар, Маҳмуд эмас. У ҳам Содрушшариа Акбарнинг ўғли. Кўҳистоний, Ҳожи Халифа, Лакнавий, Исмоил Пошо ва Умар Каҳола ва бошқаларнинг фикри ҳам шундайдир [10:20,21].

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Содрушшариалар сулоласи вакиллари фиқҳ илми борасида қимматли асарлар ёзиб қолдирган. Бундан ташқари, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарига турли шарҳ ва  қисқартмалар ёзиб, бу асарни янада кенг тарқалишига катта хизмат қилган. Улар ёзиб қолдирган асарларнинг қанчалик аҳамиятга эга эканини кейинги аср олимлари бу асарларга кўплаб шарҳ, ҳошия, назм ва қисқартмалар ёзиб, улардан кенг фойдаланганидан ҳам билиш мумкин. Қисқа қилиб айтганда, Содрушшариалар оиласи нафақат Бухоро фиқҳ илми ривожига балки, Ҳанафий фиқҳи ривожига катта ҳисса қўшган. Ҳозирги кунгача “Виқоя”, “Шарҳул виқоя”, “Мухтасарул виқоя” номи билан машҳур бўлган “Ан-Нуқоя” ва бошқалар диний билим юртларида ҳамда фиқҳ илмига қизиққан кишилар томонидан ўрганиб келинмоқда. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абдулҳай Лакнавий. Умдатур риъоя. – Байрут: Дорул кутубил илмия. 2009.
  2. Абдулҳай Лакнавий. Фавоидул баҳия. – Қоҳира: Дорул китоб исломия.
  3. Аминов Ҳамидулла, Примов Соатмурод. Ҳанафий фиқҳи тарих, манбалари ва истилоҳлари. – Т.: Мовароуннаҳр, 2017.
  4. Ибн Обидин. Раддул мухтор.
  5. Исмоил Боғдодий. Ҳадиятул орифин. – Дорул фикр, 1402 ҳ.
  6. Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавий. Катоиб аъломил ахёр. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 2018.
  7. Orazsahet. “Vikâyetü’r-rivâye fî mesâili’l-Hidâye Bağlamında Oluşan Fıkıh Edebiyatı”. Uludağ Üniversitesi İlahiyat Fakültesi Dergisi 29/1. – Haziran, 2020.
  8. Қосим ибн Қутлубғо. Тожут тарожим. – Дамашқ: Дорул қалам, 1992.
  9. Қураший. Жавоҳирул музия. – Ҳижр, 1993.
  10. Салоҳ Абулҳож. Ат-туҳфатул бадиъа би ахбори Содриш шариъа. Марказу анворил уламо лиддироса. – Урдун, 2020.­
  11. Тошкуброзода. Шақоиқун нўъмония. – Байрут: Дорул китабул арабий, 1975.
  12. Умар Куҳола. Мўъжамул муаллифин. – Байрут: Муассасатур рисала, 1414 ҳ.
  13. Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун. – Байрут: Дору иҳёут туросил арабий.
Абдуғулом МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси таянч докторанти,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси

Check Also

СУВ – УЛУҒ НEЪМАТ!

Сув – тириклик манбаларидан бири ва табиатнинг ажралмас қисмидир. Аллоҳ таоло Ерни яшашга қулай қилиб, …