Home / МАҚОЛАЛАР / СУВ – УЛУҒ НEЪМАТ!

СУВ – УЛУҒ НEЪМАТ!

Сув – тириклик манбаларидан бири ва табиатнинг ажралмас қисмидир.

Аллоҳ таоло Ерни яшашга қулай қилиб, сувларни оқизиб қўйди. Сув Аллоҳ таолонинг мавжудотларига берган улкан неъматидир. Рангсиз, таъмсиз, ҳидсиз суюқлик танамизни тетиклаштиради, либосларини поклайди, ташналикни қондиради, ҳаёт давом этишига сабаб бўлади. Сув “Обиҳаёт”дир.

Инсон сувсиз уч кунга ҳам чидай олмайди. Танадаги сув агар ўн беш фоизга камайса, у ҳалок бўлади. Мутахассислар фикрича, инсон танасининг аксар қисми сувдан иборат.

Сув – инсоннинг ҳаёт кечириши учун асосий қувват манбаидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “…ва барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?!” (Анбиё сураси, 30-оят).

Сувни, айниқса, тоза ичимлик сувини эҳтиёждан ташқари ишлатиш ва беҳуда оқизиб қўйиш исрофдир. Баъзи давлатларда тоза ичимлик суви олтинга тенг бўлиб турган, минглаб кишилар ичимлик суви танқислигидан азият чекаётган бир шароитда, Аллоҳ ато этган шундай буюк неъматнинг қадрига етмаслик ношукрликдир.

 Сувни тежаш ҳақида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Саъд таҳорат қилаётганида: “Эй Саъд, бу исроф нимаси?” дедилар. Саъд: “Таҳоратда ҳам исроф қилиш борми?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, агарчи оқиб турган дарёнинг бўйида турган бўлсанг ҳам”, дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти). Таҳоратда ортиқча сув ишлатиш исроф ва мумкин бўлмаганидан кейин қолган нарсаларни қиёслаб олаверинг. Экинга ҳам эҳтиёждан ортиғини ишлатиш исрофдир.

Салмон ибн Омирдан ривоят қилинган ҳадисда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз ифторлик қилса, рўзасини хурмо билан очсин. Ким тополмаса, тоза сув билан очсин. Чунки сув покловчидир”, дедилар”. Дарҳақиқат, сув – покловчи, тозаловчи, салқинлантирувчи, чанқоқни қондирувчи – улуғ неъматдир.

Тарихий манбаларда «Саққо» (Саққо – араб тилида «Соқа» – «сув берувчи, сув ташувчи») номи билан аталган бир қанча шахслар номи қайд этилган. Мана шундай шахслардан бири Шайх Саққо Самарқандийдир. У устози Баҳоуддин Нақшбанднинг ҳузурида сув ташигани сабабли шундай ном олган. Яъни касби саққо (сув ташувчи)лик бўлган. Бу улуғ касблардан бири бўлиб, узоқ чўл ҳудудларида сув олиб бориб, карвондаги йўловчиларга сув улашилган ва улкан савобга эга бўлишган.

Сайҳун (Сирдарё), Жайҳун (Амударё), Фрот ва Нил – “жаннат дарё”ларидан экани таъкидланган.  Албатта шундай муқаддас заминда, жаннат анҳорларидан бўлмиш Амударё ва Сирдарё оқиб турар экан, бу ўлкадаги кишилар ҳар бир томчи сувнинг қадрига етмоғи саодатдир.

Инсоният сув ва сув манбалари, аввало, чучук сувдан тежамкорлик асосида фойдаланиши ҳамда уларни муҳофаза қилишни тақозо этади. Бугунги кундаги табиий офатлар, сув тошқинлари, сув етишмовчилиги, сув ресурсларининг ифлосланиши ва трансчегаравий сув муаммолари дунё халқларини яна бир бор сув ресурсларига нисбатан жиддий эътибор беришга ундамоқда. Шу сабабдан, ота-боболаримиз сувга тупурмаслик, турли чиқиндиларни ташламаслик, исроф қилмаслик, сувни тоза сақлаш ва муҳофаза қилиш, ундан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор беришга ундаган.

Зеро, “Ер – хазина, сув – гавҳар”, “Сув – бу ҳаёт”, “Сув – зар, сувчи – заргар”дир.

Мехрожиддин АМОНОВ,
ИБХИТМ катта илмий ходими

Check Also

ДУОНИНГ ИНСОН РУҲИЯТИДАГИ ТАЪСИРИ (3 қисм)

Инсон ҳаёти турли синов, ташвиш, қувонч ва умидлар билан тўла. Инсон ўз ҳаёти давомида баъзан …