Home / МАҚОЛАЛАР / АЗИМ ЗОТЛАР ЮРТИГА МУАЗЗАМЛИК ЯРАШАДИ

АЗИМ ЗОТЛАР ЮРТИГА МУАЗЗАМЛИК ЯРАШАДИ

РАМАЗОН ҲАЙИТИ АРАФАСИДА САМАРҚАНД ВИЛОЯТИНИНГ ПОЙАРИҚ ТУМАНИДАГИ ХЎЖА ИСМОИЛ ШАҲАРЧАСИДА ИМОМ БУХОРИЙ МАЖМУАСИНИНГ ОЧИЛИШ МАРОСИМИ БЎЛИБ ЎТДИ.

Мавзунинг муаззамликдан белгилангани ҳеч кимни таажжубга солмасин. Бу ҳаргиз нокамтарлик эмас. Ўзимизни кўкка кўтаришни ҳам англатмайди. Бу ўринда улуғлик буюк аждодларимизга нисбат билан айтилаётир. Бугун биз яшаётган саховатли замин ўтмишда инсониятга не-не алломаларни тақдим этганини яхши биламиз, буни дунё афкор оммаси ҳам эътироф этади.

Ҳозирги замон кишиси учун оддий кўринган кўплаб ашё ва тамойиллар негизида аслида катта кашфиётлар, илмий жасорат ётиши ҳам ҳақиқатдир. Лекин ана шу илмий мўъжизаларни кашф этмоқ учун қанча кўз нури тўкилгани, қанча-қанча уйқусиз тунлар ўтказилгани, ижоднинг қандайин оғир изтироблари чекилгани, бир сўз билан айтганда, мислсиз ақлий риёзат синовларидан ўтилганини фақат кашшофларнинг – олиму алломаларимизнинг ўзи билади.

Мисол учун, Хоразмий бобо жидду жаҳд қилиб араб рақамларини илмий муомалага киритмаганида, башарият яна неча аср давомида римликларнинг рақамлари билан алданиб-адашиб, ҳисоб-китобга қийналиб, оқибатда тараққиётни ортга суравериб юрган бўларди – буни Аллоҳнинг ўзи билади. Кундалик ҳаётда кўп ишлатилади бу саноқ тизими, шунинг учун аксар одамлар аҳамиятига эътибор бермайди. Ваҳоланки, Рим рақамлари билан арифметик амалларни, кўпайтирув ва бўлувни амалга ошириб кўриш етарли. Энг оқил кишининг ҳам миясини чарчатади бу. Энди олий математика ё квант физикасини олиб қарайдиган бўлсак, араб рақамлари бўлмаса, бу фанлар сира ҳам шаклланмасди. Ахир Рим рақамлари билан қандай қилиб ҳам формула тузиб бўлсин! Бошқа чеклов ҳам бор – бу рақамлар ёрдамида инсон оққа тушира олиши мумкин бўлган энг катта сон (ҳарфлар устига чизиқ тортмаган ҳолда) – 3999! У бундай ёзилади: MMMCMXCIX.

Бу ерда MMM – 3000, CM – 900, XC – 90, IX – 9. Гап шундаки, бу тизимда I, X, C, M белгиларини уч мартадан кўп ишлатиш мумкин эмас. V, L, D белгилари эса умуман биттадан ортиқ қайтарилмайди. 3999дан катта сонни кўрсатиш учун бу белгилар устига чизиқ тортиш керак бўлади, у рақамни минг карра оширади. Масалан, чизиқли V – беш мингни, чизиқли M – миллионни англатади. Очиғини айтганда, бундай тизим жиддий изланишлар учун яроқсиздир.

Бошқа алломаларимизнинг илмий жасорати ва фаннинг олий пештахтасига зарҳал ҳарфлар билан битилган кашфиётларидан ҳам кўп мисол келтириш мумкин. Лекин, ўйлаймизки, шунинг ўзи кифоя. Зеро, ақл эгалари уларни аллақачон ўз тафаккури билан қалбига сингдириб бўлган.

Мавзуга қайтиб, муаззамликдан сўз очилганига келадиган бўлсак, бундан мурод аллома аждодларимиз жаҳон фани баробарида исломий илмлар ривожига ҳам беқиёс ҳисса қўшганини таъкидламоқ эди. Имом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» асрлар давомида мусулмон оламида Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба сифатида эътироф этиб келинаётганини барчамиз яхши биламиз. Шуни ҳам биламизки, дунё мусулмонларининг аксарияти муқаддас динимизнинг ақидасини Имом Мотуридий мактаби, аниқроғи, унинг «Таъвилотул-Қуръон» асари асосида ўрганади.

Шу икки залворли мисол билан чекланиш мумкинмикан?!.

Ахир ислом фиқҳи – юриспруденцияси ҳануз Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» асари асосида юритилишини, Баҳовуддин Нақшбанд, Хожа Аҳмад Яссавий каби тариқат аҳлининг қарийб барча пешволари шу муқаддас заминдан етишиб чиққанини айтмаслик ўзимизга хиёнатдек туюлади-да. Негаки, бу заминнинг ҳар қаричи муқаддас – қайси вилоятнинг қайси туманига борманг, албатта бир авлиё ё олимнинг зиёратгоҳига дуч келасиз. Бошқа халқлар шу жиҳатдан бизга ҳавас қилиши – бор гап. Мусулмонлар истиқомат қиладиган ҳар қандай диёрга бориб, «Бухорийнинг юртдошиман» десангиз ўзгача муносабат кўрсатилиши – ҳақиқат.

Лекин биз аждодлар билан қуруқ фахрланиш йўлидан бормаётганимизни ҳам таъкидлаш керак. Мамлакатимизда бу азиз зотларнинг илмий-маънавий меросини асраш, ўрганиш, жамоатчиликка етказиш, ёш авлодни шу мерос асосида тарбиялаш борасида бемисл ишлар қилинмоқда. Бир неча йилдан буён Самарқандда Имом Бухорий, Термизда Имом Термизий, Тошкентда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолият кўрсатмоқда. Мана, муқаддас Рамазон ойида Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази очилди. Унинг таърифини келтириб, ўқувчининг вақтини олмаймиз – телерадио, матбуот ва ижтимоий тармоқлар бу ҳақда батафсил маълумот бериб бўлди.

Мазкур муассасалар буюк муҳаддис ва муфассирлар, калом илми пешволарининг асарларини, уларга бошқа нуфузли уламолар битган шарҳларни ўзбек тилига таржима қилиб, нашрдан чиқармоқда. Бу фақат исломий илмларни эмас, балки таълим-тарбияни, ватанпарварлик, инсонпарварлик, тинчликсеварлик, бағрикенглик, ҳалоллик каби туйғу ва фазилатларни ҳам кенг ёйиш ва ривожлантиришга йўл очмоқда. Негаки, бу ноёб мерос ҳаётнинг ҳамма жабҳаларини қамраб оладиган, шахсий камолотдан фозил давлат ва фозил жамият қуришгача бўлган ҳамма босқич ва поғоналарда дастуруламал бўладиган бебаҳо хазинадир.

Кўплаб донишларнинг «бир йил илм ўрганган бўлсам, қирқ йил одобни ўргандим» деган мазмундаги гапини ҳаммамиз эшитганмиз, ўқиганмиз. Яъни, тарбия маъносидаги одоб яхши бўлса, тарбиядан шаклланувчи ахлоқ, дунёқараш, интилишлар эзгу бўлса, илм ривожланиб бораверади.

Шу маънода Имом Бухорийнинг, бошқа алломаларимизнинг илмий мероси ўз-ўзидан катта маънавий бойлик бўлса, бунинг тарбиявий аҳамияти яна бир улкан мулкдир. Мисол келтирайлик. Яхши маълумки, Имом Бухорий болалигида отасидан етим қолиб, онасининг тарбияси билан вояга етган. У аёл эркаклар билан ёнма-ён масжидга бора олмасди, лекин ўғлини эрталаб ибодатга кетаётган одамлар сафига қўшиб юборишдан ҳеч ҳам толмасди. Унинг дуогўйлиги сабабли ёш Муҳаммаднинг кўр кўзларига яна нур қайтган. Унинг жонкуярлиги туфайли ёш Муҳаммад ҳамма тан оладиган имом – ҳадис илмининг султони бўлиб етишган десак, муболаға қилмаган бўламиз. Ахир ота умри узоқ бўлган тақдирда ҳам ҳамиша фарзанднинг ёнида бўлавермайди. У турмуш ташвишлари билан эрталаб кетиб, кечқурун қайтадиган раҳнамо. Она эса бола билан доим бирга. Мана шу мисолнинг ўзи ёш оналаримиз учун катта сабоқ бўлса ажаб эмас.

Томас Эдисон деган олимни ҳамма танийди. Бир куни у мактабдан қайтганида, онасига ўқитувчининг хатини тутқазади. Онаси хатни очиб, бироз термулиб туради-да, табассум билан жаранглатиб ўқийди: «Ўғлингиз – даҳо. Бу мактаб жуда майда жой. Бу ерда ўғлингизга таълим беришга қодир ўқитувчи йўқ.

Илтимос, унга ўзингиз таҳсил берсангиз». Орадан йиллар ўтиб, Томас ўз асри ва кейинги замонларнинг энг йирик кашфиётчи олимларидан бири сифатида тан олинган пайтлар келади. Бир куни у оила архивини кўздан кечираётиб, ўша мактубни топиб олади ва ўқийди: «Ўғлингиз – ақли ноқис бола. Биз уни бу мактабда бошқа болалар билан бирга ўқита олмаймиз. Шунинг учун ўғлингизга ўзингиз уйда мустақил таълим беришингизни тавсия қиламиз». Томас анча вақтгача кўз  ёшини тиёлмай ўтиради, кейин кундалигига бундай деб ёзади: «Томас Алва Эдисон ақли ноқис бола эди. Лекин жонкуяр, фидойи, қаҳрамон онаси туфайли ўз асрининг энг буюк доҳийларидан бири бўлиб етишди».

Биз Имом Бухорий ҳақида, унинг асарлари тўғрисида соатлаб гапиришимиз мумкин. Аллоҳ таоло у зотга катта фазл ва шараф ато этган. Илм йўлида қилган хизматларининг самараси ўлароқ, шуҳратини бутун дунёга қиёматга етадиган қилиб тарқатган. У зотнинг шаънига айтилган гапларни тўлиқ келтиришнинг сира иложи йўқ. Бу ўринда фақат ҳадис илмининг етук олими Ибн Ҳажар Асқалонийнинг «Кейинги асрда яшаб ўтган уламоларнинг Имом Бухорий номига айтган мақтовлари» номли алоҳида боб очсалар, варақлар қолмай, сиёҳлар тугаб битар эди. Чунки у соҳили йўқ денгиздир» деган гапи кифоя.

Ҳа, муқаддас ислом дини равнақини таъминлашга халқимизнинг энг иқтидорли буюк алломалари беқиёс ҳисса қўшган. Бир ярим минг йилдан зиёд даврдаги ислом тарихи ва тараққиётини уларнинг илмий фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Шундай эса-да, бу қутлуғ диёр дунёга улуғлар ичра улуғларни ҳам етиштириб бердики, бу даҳолар номининг ўзи илм ва ҳақиқатни англатадиган бўлиб қолди. Табиийки, бу ўринда Имом Бухорий назарда тутилаяпти. Исталган мусулмон мамлакатга бориб, маҳаллий аҳоли билан мулоқотга киришинг ва гап орасида бир ҳадис айтиб беринг-а! Сиздан дарҳол «буни ким ривоят қилган?» деб сўрашади. «Бу Имом Бухорий келтирган ҳадислардан» десангиз шу билан бу мавзу ёпилади. Сиз айтган ривоятнинг саҳиҳлигига ҳеч ким шубҳа қилмайди, ҳеч қандай гумонга ўрин қолмайди.

Айтадилар-ку, аввал мартаба шахснинг нуфузини оширади. Лекин шу инсон мартабаларнинг ҳамма даражасидан ҳам юксалиб кетса, у зот номининг ўзи олий мартабага айланади. Дейлик, Алберт Айнштайнни физика фанлари доктори ё академик десак, олимнинг фандаги мақомини тушириб юборган бўлиб чиқамиз. Шунинг учун бўлса керак, эл орасида ёш иқтидор эгаларига «Навоий бўлиб кетгин», «Сен иккинчи Айнштайн бўласан» қабилидаги мақтовлар айтилади.

Имом Бухорий номи ҳам шундай. У зотни «Имомул-муҳаддисийн» (барча муҳаддислар имоми), «Амирул-муъминийн фил ҳадис» (ҳадис илмида мўминларнинг амири), «Имомуд-дунё» (дунё имоми) деб шарафлашган. Қолаверса, Асқалонийнинг юқоридаги сўзлари Имом Бухорийни ҳар қанча таърифласа ҳам қаноат ҳосил бўлмаслигини билдириб турипти.

Мана, номининг ўзи ҳар қандай мартабани парчалаб юборадиган шу буюк алломанинг мўътабар хоки абадий қўним топган кўҳна Самарқандда – рўйи замин сайқали, Ўзбекистон дурдонаси бўлган гўшада Имом Бухорий мажмуаси бунёд этилди.

Бутун ислом оламида ислом илмлари, хусусан, ҳадисшунослик ҳақида, унинг шаклланиши ва ривожланиши тўғрисида гап кетганда, ҳеч шубҳасиз, бизнинг юртимиз алломалари биринчилар қаторида тилга олинади. Чунки Имом Бухорий, Имом Мотуридий (у ҳам айрим таъвил ва тафсирларга ҳадис билан далил келтириш орқали олий даражадаги муҳаддис мақомида бўлган), Абд ибн Ҳумайд Кеший, Имом Термизий, Имом Насоий, Абдураҳмон Доримий, Ибн Ҳиббон каби буюк олимлар айнан мана шу қутлуғ замин фарзандларидир.

Имом Бухорий ҳақида ўқиб-ўрганишни ҳар бир юртдошимизнинг ўзига ҳавола қилган ҳолда, бу шонли воқеа муносабати билан у зот ҳақида бир-икки жумла айтишга ижозат бергайсиз. Болалигидан ҳадис илмини ўрганишга чуқур киришган, ҳали балоғатга етмай туриб устозларининг хато-камчиликларини тўғрилаш даражасига кўтарилган бу улуғ аллома 600 мингдан зиёд – эътибор беринг-а, 600 мингдан кўпроқ – ҳадис тўплаган. Тўплаш ўз йўлига дерсиз, ҳаммасини ёд билган, адашганларга қаерда хато қилаётганини билдириб бориш учун саҳиҳ бўлмаган, тўқима ҳадисларни ҳам хотирасида сақлаган. Бундан ташқари, ҳадис ривоят қилувчилардан 80 мингтасининг таржимаи ҳолини ёд билган. Юз минглаб ҳадис орасидан 7500 дан зиёдини ўта синчковлик билан саралаб, «Саҳиҳул-Бухорий»га киритган.

Халқ орасида, умуман, мусулмон дунёсида айни шу тўплам машҳур. Айтиш керакки, бу мумтоз сиймо 20 дан зиёд бошқа асар ҳам ёзган. Уларнинг ҳар бири асрлар давомида ислом дини пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилиб келаяпти.

Таърифлар билан танишишни ҳам ҳамюртларнинг ўзига қолдирамиз, лекин умуман тавсифсиз ўтиш ҳам ноқулай. Шу боис бошқа машҳур муҳаддис Имом Муслимнинг сўзларини келтириб ўтамиз: «Имом Бухорий – устозларнинг устози, ҳадисшунослар саййиди, ҳадис иллатларининг табибидир. Гувоҳлик бераманки, дунёда унга тенг келадиган аллома йўқ».

Жаҳонда қиёси йўқ ана шундай аллома бобокалонимизнинг ёдгорлик мажмуасини у зотнинг оламшумул шуҳратига муносиб тарзда, муаззам бир шаклда барпо этиш халқимизнинг орзуси эди. Бугун унинг ўта гўзал тарзда ушалганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси тўғрисида айрим маълумотларни ҳам келтириб ўтсак. Қурилиш бошланганини билдик, ниҳоясига етганини билдик, мажмуа очилганини билдик. Лекин бу улкан бунёдкорлик жараёни, бу ердаги кенг қамровли ишларнинг техник жиҳатларидан ҳозирча ҳамма ҳам бохабар эмас.

Аввало шуни айтиш керакки, янги маҳобатли бино қурилиши Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан 2021 йилда бошланди. Қурилишнинг умумий майдони – 60 гектар. Шундан 45 гектари мажмуа учун ажратилган бўлса, қолган 15 гектарига замонавий шинам меҳмонхоналар қурилди.Мажмуанинг ўзи 10 минг кишини сиғдирадиган масжид, ички ҳовлида 154 устунли П шаклидаги айвон, Инновацион музей ва мақбарадан иборат.

Албатта, мажмуада юксак мартабали меҳмонларни қабул қилишга мўлжалланган қисмлар, маъмурият бўлими, ҳуқуқ-тартибот, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа хизматлар ҳам бор.

Мажмуа биносининг фасади турли мамлакатлардан келтирилган оқ мармар ҳамда молеанос тошлари билан, ички деворлар ёрқин мармар билан қопланган. 14 гумбаз, 75 метрлик 4 та минора мажмуанинг салобати ваҳайбатини янада оширади.

Қолганини зиёратга борганда йўл-йўлакай билиб олаверасиз.

Имом Бухорий мажмуаси фақат ҳашаматли бино ва иншоотлардан иборат маскан эмас, балки инсонларнинг қалбини забт этадиган, айниқса, ёшларнинг ҳаётда адашмасдан, тўғри йўлни топишига хизмат қиладиган илмий даргоҳ, маърифат ўчоғи, шунинг баробарида, буюк муҳаддиснинг ибратли ҳаёти ва серқирра фаолиятини акс эттирувчи муборак маскандир.

Ислом оламида Имом Бухорийдек юксак мақом тутган алломаларнинг ҳаётини чуқур тадқиқ этиш, асарларини тарғиб қилиш муҳим вазифалардан саналади. Шу мақсаддан келиб чиқиб, Имом Бухорий мажмуасида аллома ҳаёти ва илмий фаолиятини ёритувчи инновацион музей ташкил қилиндики, бунга сал кенгроқ тўхталиш керак.

Давлатимиз раҳбари 2022 йил 17-18 август кунлари Саудия Арабистонида бўлганида Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийрати ва Ислом цивилизацияси музейи билан яқиндан танишган эди. Ўша паллада ушбу табаррук мажмуада юртимизда ҳам худди шундай музей яратишга қарор қилинди. Президентнинг бу ташаббусини жамоатчилик қўллади. Шу асосда Имом Бухорийнинг илмий шавкатига, шахс сифатидаги фазилатларига, кучли хотира, бугун биз масъулият деб атайдиган қатъий омонатдорлик, сафар ва изланиш изтиробларига сабрли бўлиш каби ноёб хислатларига мос қилиб, яъни шу жиҳатларни тўла-тўкис акс эттирадиган музей барпо этилди.

Энди бўлимма-бўлим юриб, қисқа-қисқа шарҳлар бериб ўтсак. 1-павильон «Муҳаммад алайҳиссалом ва нубувват тарихи» деб номланган. У ерда Қуръони каримда исмлари зикр қилинган пайғамбарлар ҳақида маълумот берилади. Кейин Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси экспозициядан ўрин олган йирик ҳажмдаги дарахт шаклидаги интерактив инфокиоск ёрдамида намойиш этилади. У зотнинг дунёга келиши ва нубувватнинг бошланиши (шаҳар макети ва проекцион видеофилм), Ҳужраи саодатнинг қайта тикланган кўриниши, Ҳиро ғорида илк ваҳий нозил бўлиши акс эттирилган. «Ҳадис илмининг пайдо бўлиши ва ривожланиши» номли 2-павильонда экспонатлар, инфографик, аудио ва визуал материаллар орқали ҳадис илмининг пайдо бўлиш ва ривожланиш тарихи билан танишиш мумкин. Инфографик паннода энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалар рўйхати берилган.

Сал юрсангиз, катта харитага дуч келасиз. Унда илк ўрта асрлардаги Мовароуннаҳр ва Хуросон шаҳарларининг қадимги номлари ҳамда тарихий-маданий марказлар ва вилоятлар ажратиб кўрсатилган. Карвон йўллари ва улар ўртасидаги масофалар саёҳатлар машаққати ҳақида аниқроқ тасаввур шакллантириш мақсадида кун ўлчамларида берилган. Ён томонларда мовароуннаҳрлик муҳаддис уламоларнинг таржимаи ҳоли ва илмий мероси ҳақида маълумотлар, витриналарда уларнинг асарларидан намуналар турипти.

3-павильон – «Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти». Бу қисмни ташкил этишдан мақсад музейга келувчиларнинг кўз ўнгида аллома ҳаёти ва илмий фаолиятини қайта тиклаш, илмий мероси нақадар буюк аҳамиятга эга эканини кўрсатиб бериш ҳамда ёшларда илм билан шуғулланишга меҳр ва рағбат пайдо қилишдир.

Кейинги павильон «Имом Бухорий: буюк феномен» деб номланган бўлиб, унда алломанинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги филм катта экранда намойиш этилади.

5-павильонга «Имом Бухорий фазилатлари» деган ном берилган. Унда Имом Бухорийнинг буюк илмий салоҳияти, энг ишончли ҳадисларни саралаш ва авлодларга қолдириш йўлида чеккан заҳмати, тақвоси, ислом оламида Қуръондан кейинги ўринда турувчи асар муаллифи экани, уни бутун дунё эътироф этгани, ёшлигидан зеҳни ўткир ва хотираси кучли бўлгани, ота-онаси ва устоз-шогирдларига самимий муносабати каби жиҳатлари кўрсатиб берилган. Ушбу қисмда алломанинг илм йўлида чеккан машаққати ва синовларни енгиб ўтишдаги жасорати ҳақидаги маълумотлар келтирилган бўлиб, бу ёшлар қалбида аждодлар билан фахрланиш туйғусини кучайтиради.

Павильоннинг бутун ҳудуди бўйлаб проекция орқали мавзуни ёритадиган видеолар узлуксиз кўрсатиб турилади. Видеофилмлар мавзуларга бўлинган ҳолда кетма-кет давом этиб, павильонга исталган вақтда келган томошабинга мавзуга тез киришиб кетиш имконини беради.

Шунингдек, бу ерда Имом Бухорийнинг Боғдод, Самарқанд ва Нишопурда имтиҳон қилиниши, илм йўлидаги машаққатларни матонат билан енгиб ўтиши макетлар орқали кўрсатилган.

Имом Бухорийнинг бетакрор хотира эгаси бўлгани ҳақида филм намойиш этилади.

«Имом Бухорий авлодлари» деб аталган 6-павильонда ёш томошабинларга музей концепциясидан ўрин олган мавзулар билан ўйинли интерактив экспонатлар орқали танишиш, ўрганиш имконияти яратилган.

Учар гиламда тарихга саёҳат қилдирувчи 5D филми ўрта асрлардаги ислом олами шаҳарлари билан яқиндан танишиш имконини беради. Ёш Муҳаммад ибн Исмоил билан бирга хотира ўйини (Интерактив иммерсив проекция) ҳам ёш авлод учун ниҳоятда фойдали.

7-павильон «”Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” – ислом динининг иккинчи манбаси» деб номланган. Бу ерда мазкур буюк тўпламнинг илмий, ҳаётий аҳамиятини кўрсатиб бериш мақсад қилинган. «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ»га берилган таърифлар билан танишиш мумкин. Матнли паннода асар ҳақида маълумот бор. Юришда давом этсангиз, асарнинг дунё фондларидаги нусхалари билан танишасиз.

Павильоннинг ўрта қисмига устун шаклидаги витриналар ўрнатилган. Уларга «Саҳиҳул-Бухорий»нинг турли давлатлар кутубхоналаридаги нусхаларидан парчалар жойлаштирилган.

8-павильон «Имом Бухорий мероси ва бугунги кундаги аҳамияти» деб аталган. Ҳозирги ёшлар тарбиясида аллома асарлари ва ҳадисларининг аҳамияти юқори эканини инобатга олиб, музейнинг ушбу қисмига алоҳида эътибор қаратилган. Павильон марказидаги йирик лавҳ устида «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» асарининг катта макети ўрин олган. Унинг атрофидан ёзув қоғози шифтга томон айланиб кўтарилади. Қоғознинг бошланиш қисмида тўпламдаги биринчи ҳадис – «Албатта, амаллар ниятларга кўрадир» сўзлари 22 тилда гўзал хаттотлик усулида ёзилган. Қоғоз мато шаклида бутун павильон бўйлаб айланишда давом этади. Девордаги экранларда асардан
танланган ҳадислар уч тилда намойиш этилади. Шу ерда ҳадислар картотекаси ҳам бор. Фойдаланувчилар махсус витрина устига терилган тахтачаларни кўтариб, ичида ёзилган ҳадисларни ўқиши мумкин.

9-павильон – «Янги Ўзбекистонда диний-маърифий ислоҳотлар ва Имом Бухорий меросига эътибор». Бу ерда Ўзбекистонда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар, хусусан, Имом Бухорийнинг ватан, миллат манфаати ва дин йўлида қилган хизматларини муносиб баҳолаш ва руҳини шод этиш мақсадида аллома мақбарасининг ободонлаштирилиши, унинг улкан меросини илмий асосда ўрганиш ва халқимизга етказишга қаратилган таржима ва нашр ишлари, аллома асарларини юртимиз ва жаҳон жамоатчилиги орасида кенг тарғиб этиш мақсадида қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ҳақида маълумот берилган.

Павильоннинг алоҳида қисмидан «Имом Бухорий» ордени витринаси ўрин олган. У орқали орденнинг ўзи, таъсис ҳужжатларидан нусхалар, тақдирланган шахслар билан танишиш мумкин.

Деворлардан бирига Саудия Арабистони подшоҳи Фаҳд ибн Абдулазиз совға қилган кисва – каъбапўш осилган бўлса, яна бирига турли мамлакатлар раҳбарлари томонидан Имом Бухорий мажмуасига ҳадя қилинган Қуръони карим нусхалари жойлаштирилган.

Ҳар қанча қисқа қилишга уринмайлик, кучли ҳаяжон туфайли барибир сўзлар ҳажми ошиб бораяпти. Шу боис Имом Бухорий мажмуасининг бетакрор меъморий ечимлари, техник сифатлари, бу ердаги меҳмонхоналар, зангори ҳовузлар, азим чинорлар ҳақида тўхталмаймиз. Илло, қолган таассуротларни зиёратга келганда, Имом Бухорий инновацион музейи билан танишганда ўзингиз олганингиз маъқул.

Фақат бир жиҳатни таъкидлаб ўтамиз: ривоятларга кўра Имом Бухорий дафн этилганда қабридан юқорига нур кўтарилиб, атрофга жуда ёқимли ҳид таралган экан. Шу даражадаки, одамлар у ердан уйига тупроқ олиб кета бошлаган. Яъни, улуғ инсонларнинг улуғворлиги вафотидан кейин ҳам муаззамлигича қолаверади. Ана шундай буюк инсон номидаги мажмуа очилган ушбу саодатли кунларда улуғларнинг ҳамма нарсаси улуғвор бўлаверишини тасдиқлаб, бунга яна бир марта амин бўлиб турибмиз!

Анвар БОБОЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: “МАЪНАВИЙ ҲАЁТ” журнали №2/2026

Check Also

СУВ – УЛУҒ НEЪМАТ!

Сув – тириклик манбаларидан бири ва табиатнинг ажралмас қисмидир. Аллоҳ таоло Ерни яшашга қулай қилиб, …