Home / МАҚОЛАЛАР / АБУ ДОВУДНИНГ «СУНАН» АСАРИДА КEЛГАН ҲАДИС АТАМАЛАРИ ТАҲЛИЛИ

АБУ ДОВУДНИНГ «СУНАН» АСАРИДА КEЛГАН ҲАДИС АТАМАЛАРИ ТАҲЛИЛИ

Ислом тарихида ҳадис илми ривожида йирик муҳаддислар ўрни беқиёсдир. Улар нафақат ҳадисларни жамлаб, ёзиб қолдирган, балки уларнинг ишончлилиги ва амалий аҳамиятини чуқур таҳлил қилишга катта эътибор қаратган. Ана шундай буюк муҳаддислардан бири Абу Довуд Сижистонийдир. У ҳадис илмининг йирик намояндаларидан бири бўлиб, ўзининг «Сунани Абу Довуд» китоби орқали ислом фиқҳида муҳим манба яратган.

Абу Довуд Сижистонийнинг ҳадисларни танлаш, уларни фиқҳий жиҳатдан таҳлил қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш борасидаги ёндашуви алоҳида аҳамиятга эга. У ўзининг «Сунани Абу Довуд» асарида фиқҳий ҳукмий ҳадисларни жамлаб, тартибга солган ва ислом ҳуқуқий тизимида муҳим ўрин эгалловчи асар яратган. Ушбу асар нафақат ҳадисларни йиғиш, балки уларнинг ишончлилиги ва амалиётда қўллашга нисбатан ёндашуви билан ҳам ажралиб туради.

Ҳадис илми ислом ҳуқуқшунослигининг асосий манбаларидан бири бўлиб, унинг ривожида буюк муҳаддисларнинг ҳиссаси катта. Абу Довуд эса ҳадисларни танлаш ва таснифлаш усуллари орқали нафақат ҳадис илмига, балки фиқҳ соҳасига ҳам улкан ҳисса қўшган.

Мақолани тайёрлашда умумлаштириш, таққослаш, қиёсий таҳлил, тизимли ёндашув каби тадқиқот усулларидан фойдаланилди.

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ҳадисларни келтиришда уларнинг фақат илмий жиҳатдан саҳиҳ бўлишига эмас, балки амалий фойдали бўлишига ҳам катта эътибор қаратган. У ўзининг «Сунан» китобини тартибга солишда фақат фиқҳий аҳамиятга эга бўлган ҳадисларни жамлаган. Унинг ҳадисларни танлаш борасидаги ёндашуви ҳақида қуйидаги сўзлари машҳур:

«Сизлар билдирган фикрлар билан тўлиқ танишиб чиқдим. Айтган сўзларингиз тўғри (яъни, ҳақиқатан ҳам бу китобга ўз бобидаги энг саҳиҳ ҳадисларни киритдим). Аммо бир масалани айтиб ўтай: агар бир ҳадис иккита санад билан келган бўлсаю, улардан бири санади жиҳатдан кучли, иккинчисидаги ровийлар эса устозини узоқ вақт лозим тутган бўлса, мен ана шу иккинчи санадни танладим. Лекин шуни ҳам айтишим керакки, китобимда бу услуб қўлланган ҳадислар сони ўнтага ҳам бормаса керак» [4:22], деган.

Бу сўзлардан кўриниб турибдики, Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ҳадисларни танлашда санадлар ишончлилигини текшириш билан бирга, ровийларнинг фиқҳий билимига ҳам эътибор берган. У ҳадисларни фақат уларнинг ривоят занжири мустаҳкамлиги билан эмас, балки амалий қўлланиши билан ҳам баҳолаган. Бу эса уни бошқа муҳаддислардан ажратиб турадиган муҳим жиҳатлардан биридир.

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ узун ҳадисларни қисқартириш услубини ҳам қўллаган. Унинг фикрича, баъзи ҳадисларнинг тўлиқ матнида амалий жиҳатдан муҳим бўлмаган тафсилотлар бўлиши мумкин. Шу сабабли у ҳадисларнинг асосий мазмунини сақлаган ҳолда, фақат фиқҳий аҳамиятга эга қисмларини келтиришни маъқул кўрган.

Бу борада у қуйидаги тамойилга амал қилган: «Ҳадисларни тўлиқ ривоят қилиш муҳим, бироқ агар уларнинг баъзи қисмлари шариат ҳукмлари билан боғлиқ бўлмаса, уларни қисқартирган маъқул. Чунки асосий мақсад – ҳадислардан фиқҳий фойда олишдир» [4:24].

Бундай ёндашув ислом ҳуқуқшунослигида ҳадисларни амалиётда қўллашни осонлаштирган. Абу Довуд роҳимаҳуллоҳнинг бу усули фиқҳий масалаларни ҳал қилишда ҳадисларни ўрганаётган олимлар учун қулайлик яратган.

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ «Сунан» китобида бир бобга жуда кўп ҳадис киритишдан тийилган. Унинг асосий мақсади – ҳадисларни иложи борича ихчам ҳолда тақдим этиш, шунда китоб ўқувчилар учун осон ва тушунарли бўлади.

Бу борада у бундай деган: «Ҳамма саҳиҳ ҳадисларни келтириш одамлар учун қийинчилик туғдиради. Мен эса уларни ўрганиш ва фойдаланиш осон бўлишини хоҳладим» [4:23].

Шу сабабли у ҳар бир бобда фақат энг муҳим ҳадисларни келтириб, ортиқча тафсилотлардан тийилган. Агар бир бобда кўплаб саҳиҳ ҳадислар мавжуд бўлса ҳам, у одатда фақат бир-иккита ҳадисни келтириш билан кифояланган.

Абу Довуд Сижистоний роҳимаҳуллоҳ ҳадисларни тартибга солишда уларга чуқур илмий таҳлил билан ёндашган ва ҳар бир ҳадиснинг маъносини тўлиқ англаб етиш учун турли методларни қўллаган. У баъзан бир бобда битта ҳадисни икки ёки уч хил санад билан келтирган. Бу бежиз эмас, балки муайян мақсадга йўналтирилган эди.

Унинг бу борадаги ёндашувини тушуниш учун, қуйидаги тамойилга эътибор бериш лозим. Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ бир ҳадисни турли санад билан келтирганда, одатда, биринчи санадда баъзи нуқсонлар (иллатлар) бўлиши мумкинлигини билдирмоқчи бўлган. Бу ҳақда у бундай дейди: «Агар мен бир бобда битта ҳадисни икки-уч хил санад билан келтирган бўлсам, билингки, биринчи ҳадисда иллат бор. Кейинги ҳадисларни у билан солиштириб кўринг, ораларидаги фарқни топинг. Ўша фарқли жойи – биринчи ҳадисдаги иллатдир. «Қўшимча гап бор», деганим – сиз ўзингиз тушуниб олишингиз керак бўлган нарса деганидир» [3:4].

Яъни Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ўз китобида бир ҳадисни такрор келтирар экан, аслида, ўқувчи ва муҳаддисларга у ҳадиснинг саҳиҳлиги ёки ундаги баъзи заиф жиҳатларни кўрсатмоқчи бўлган. Агар кейинги санадлар олдингисига нисбатан мукаммалроқ бўлса, бу айнан олдинги санаднинг бирор жиҳатдан муаммоли эканини билдирган бўлиши мумкин. Бу ёндашув ҳадисларни чуқур таҳлил қилиш ва уларни тўғри тушуниш учун жуда муҳим.

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ҳадисларни нафақат тўплаш ва тартиблаш, балки уларни қисқартиришга ҳам эҳтиёткорлик билан ёндашган. У баъзан бир ҳадисни тўлиқ шаклда келтириш ўрнига, фақат асосий фиқҳий нуқтага эътибор қаратиш мақсадида қисқартирган. Бунинг сабабини у қуйидагича тушунтиради: «Агар ҳадис узун бўлса, мен уни қисқартириб келтирган бўламан. Чунки агар уни тўлиқ ёзсам, уни эшитган кишилар айрим жиҳатларини тушунмаслиги мумкин. Шундай бўлса, улар ҳадисдаги фиқҳий маънони англамай қолади. Мен эса айнан ўша бобдаги фиқҳий нуқтага эътибор қаратмоқчи бўламан» [2:2].

Бу сўзлардан англашиладики, Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ҳадисни келтиришдан мақсад – шунчаки ривоят қилиш эмас, балки унинг фиқҳий аҳамиятини очиб беришдир. У ҳадислардаги асосий ғояни сақлаб қолган ҳолда, одамларга осон ва тушунарли бўлиши учун ортиқча тафсилотларни чиқариб ташлаган. Бу эса ҳадис илмини тушунишни енгиллаштирган.

Мурсал ҳадислар ровийлар занжирининг тўлиқ эмаслиги сабабли баъзан муаммоли ҳисобланади. Бундай ҳадислар одатда тобеинлардан ривоят қилинади, лекин уларнинг оралиқдаги саҳобийни эслатмаслиги сабабли санадда узилиш пайдо бўлади. Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ бу масалага жуда эҳтиёткорлик билан ёндашган.

Унинг мурсал ҳадислар борасидаги позицияси қуйидагича: «Мурсал ҳадислар тўлиқ санадга эга бўлмагани учун уларни асосий ҳужжат сифатида келтирмаганман. Лекин баъзан бошқа ишончли далиллар топилмаганда, улардан фойдаланганман. Чунки мурсал ҳадислар айрим шароитларда фойдаланишга яроқли бўлиши мумкин».

Яъни Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ мурсал ҳадисларни мустақил далил сифатида ишлатмаган, лекин агар бошқа кучли манбалар бўлмаса ва ҳадиснинг мазмуни шариат қоидаларига мос келса, уларни ҳисобга олган. Бу унинг ҳадисларни танлаш ва улардан фиқҳий хулоса чиқариш борасида нақадар эҳтиёткор бўлганини кўрсатади.

Абу Довуд ҳадис илмидаги ёндашуви билан ислом фиқҳий меросида муҳим ўрин эгаллайди. У ҳадисларни нафақат жамлаб, балки уларни саҳиҳлик даражасига кўра тартиблаш, қисқартириш ва муҳим фиқҳий хулосаларни чиқариш борасида ҳам ўзига хос услубга эга бўлган.

 – Бир ҳадисни бир бобда турли санад билан келтирганда, бу ҳадиснинг айрим санадларида иллат борлигини англатиши мумкин.
 – Узун ҳадисларни қисқартириб келтириши эса одамлар учун осон ва тушунарли бўлиши ҳамда фиқҳий маънони аниқ очиб бериш мақсадини кўзлаган.
 – Мурсал ҳадисларни эса мустақил ҳужжат сифатида ишлатмаган, лекин бошқа далиллар бўлмаганда, уларни муайян шароитда қўллаган.

Бу ёндашув унинг ҳадис илми ва фиқҳга бўлган юксак илмий эътиборини ҳамда ихчамлик ва амалий жиҳатдан фойдалиликни устувор қўйганини кўрсатади. Шу сабабли, Абу Довуд роҳимаҳуллоҳнинг «Сунан» китоби фақат муҳаддислар эмас, балки фиқҳ олимлари томонидан ҳам асосий манба сифатида қадрланади.

Ислом ҳуқуқшунослиги ва ҳадис илмининг ривожланишида буюк муҳаддислар ва фақиҳларнинг ўрни жуда катта. Уларнинг ҳар бири ўз илмий услуби ва таҳлилий ёндашуви билан ҳадисларни таснифлаш ҳамда улардан фиқҳий хулосалар чиқариш борасида муайян тамойилларга эга бўлган. Абу Довуд Сижистоний роҳимаҳуллоҳ ҳам ана шундай йирик муҳаддислардан бўлиб, унинг «Сунан» асари фиқҳий масалаларда асосий манбалардан бири ҳисобланади.

Ҳадис илмидаги муҳим масалалардан бири – мурсал ҳадисларнинг қабул қилиниши ёки рад этилиши масаласидир. Мурсал ҳадис деганда, ровий санадда саҳобийни эслатмасдан, бевосита Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилиши тушунилади. Бундай ҳадислар, одатда, занжирнинг тўлиқ эмаслиги сабабли баъзан ишончли деб топилмаган, баъзан эса фиқҳий далил сифатида қабул қилинган.

Бу масалада муҳаддис ва фақиҳлар ўртасида турли ёндашувлар мавжуд бўлган. Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ўз рисоласида бу борада қуйидагиларни баён қилади: «Мурсал ҳадисларни олдин ўтган уламолар ҳужжат сифатида ишлатиб келишаётган эди. Масалан, Суфён Саврий, Молик ибн Анас ва Авзўий раҳматуллоҳи алайҳлар. Аммо Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳга келганда, у зот бунга эътироз билдирди (яъни кўплаб шарт қўйди). Сўнгра Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ва бошқалар ҳам бу борада Шофеийга эргашди. Агар мурсаллардан бошқа муснад (муттасил) ривоят бўлмаса, муснад ривоят топилмаса, мурсал ҳужжат сифатида ишлатилаверади. Лекин у қувватда муттасил сингари бўлмайди» [1:192].

Бу сўзлардан кўриниб турибдики, мурсал ҳадисларнинг қабул қилиниши борасида икки хил ёндашув бўлган:

  1. Суфён Саврий, Имом Молик ва Имом Авзоий каби муҳаддислар мурсал ҳадисларни тўғридан-тўғри ҳужжат сифатида қабул қилган.
  2. Имом Шофеий ва Аҳмад ибн Ҳанбал эса бундай ҳадисларни қабул қилиш учун қўшимча шартлар қўйган.

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ эса бу икки ёндашув ўртасида мувозанатни сақлаган. У агар мурсал ҳадисни тасдиқловчи муттасил санадли ҳадис топилмаса, мурсални қабул қилиш мумкин деб билган. Аммо бу ҳолатда ҳам у муттасил ҳадис даражасида бўла олмаслигини таъкидлаган.

Ҳадис илмидаги яна бир муҳим масала – заиф ҳадисларнинг қандай ишлатилиши масаласидир. Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ заиф ҳадисларни қабул қилишда жуда эҳтиёткор бўлган. У ҳадисларнинг заифлиги сабабли уларга тўлиқ таянмаган ва илмий таҳлил қилиш мақсадида уларни қайд қилиб, баҳолаган.

У бу борада шундай деган: «Агар китобда мункар ҳадис бўлса, унинг мункар эканини баён қилдим. Натижада, ўша бобда унга ўхшаш бошқа мункар ривоят бўлмайди (яъни, агар ҳадис мункар бўлса, мен уни албатта баён қиламан, агар баён қилмасам, у мункар эмас, дегани») [5:141].

Бу тамойил шуни кўрсатадики:
 – Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ўз китобида ҳадисларнинг заиф ёки мункар эканини аниқ баён қилиб кетган;
 – Агар бирор ҳадиснинг заифлиги ёки мункарлиги ҳақида аниқ маълумот берилмаган бўлса, у ҳадис мункар эмас, деб тушуниш керак;
– У илмий баҳс ва таҳлил мақсадида заиф ҳадисларни келтирган, лекин уларни мустақил равишда фиқҳий ҳукм чиқариш учун ишлатмаган.

Бу методика орқали Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ўз китобида заиф ҳадисларнинг ўрнини аниқ белгилаб берган ва уларни саҳиҳ ёки ҳасан ҳадислар билан аралаштирмаган.

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ўз асарини бошқа муҳаддислар китоблари билан солиштирган. Хусусан, «Сунан» китобини Ибн Муборак, Вакиʼ, Молик ибн Анас ва Ҳаммод ибн Салама каби муҳаддислар асарлари билан таққослаган.

Бу ҳақда у шундай деган: «Муснад – муттасил ва марфуъ ҳадисларнинг озгинасигина Ибн Муборак ва Вакиъ раҳматуллоҳи алайҳларнинг китобида мавжуд. Бу зотларнинг китобидаги кўп ҳадислар мурсал ҳадислардир. Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳнинг «Муваттўсининг «Сунан» китобида (яъни фиқҳий ҳукмларга тегишли бобларида) кўп муснад ривоятлар бор. Шунингдек, Ҳаммод ибн Салама ва Абдураззоқ раҳматуллоҳи алайҳларнинг асарларида ҳам бир қанча муснад ҳадислар топилади. Билишимизча, бу китобларнинг (яъни «Сунан» асаридаги бўлимларнинг) учдан бири ҳам барчалари, яъни Молик ибн Анас, Ҳаммод ибн Салама ва Абдураззоқ раҳматуллоҳи алайҳларнинг китобларида бўлмаса керак» [4:25-26].

Бу таққослаш шуни кўрсатадики:
– Ибн Муборак ва Вакиънинг китобларида кўплаб мурсал ҳадислар мавжуд бўлиб, уларда муттасил ҳадислар камроқ.
– Имом Моликнинг «Муватто» китоби эса фиқҳий жиҳатдан кўплаб муснад ҳадисларни ўз ичига олган.
 – Ҳаммод ибн Салама ва Абдураззоқнинг китоблари ҳам муснад ҳадислар билан бойитилган, лекин Абу Довуд роҳимаҳуллоҳнинг «Сунан» китобидаги ҳадислар билан тўлиқ қопланмайди.
Абу Довуд роҳимаҳуллоҳнинг ҳадис илмидаги ёндашуви жуда эҳтиёткор ва илмий асосланган. У:
– Мурсал ҳадисларни мустақил ҳужжат сифатида ишлатмаган, лекин бошқа далиллар бўлмаса, қабул қилган.
 – Заиф ҳадисларни аниқ қайд қилиб, уларнинг қанчалик ишончли эканини баён қилган.
– «Сунан» китобини ҳукмий ҳадислар бўйича асосий манба сифатида ёзган ва уни бошқа муҳаддислар китоби билан солиштирган.

Шу сабабли унинг ёндашуви ҳадис илми ва фиқҳий тадқиқотларда бугунги кунгача долзарб аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда.

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Сунан» китобини энг муҳим ҳукмий ҳадисларни жамлаш мақсадида тартибга келтирди. У ҳадисларни танлаш ва таснифлаш борасида ўзига хос илмий ёндашувни қўллади. «Сунан» асари фақат саҳиҳ ҳадисларни йиғиш учун эмас, балки фиқҳий нуқтаи назардан амалий аҳамиятга эга бўлган ривоятларни тўплаш учун ёзилган. У ўзининг ҳадисларни қандай жамлагани ва танлагани ҳақида қуйидагича баён қилади: «Китобни ўзимдаги бор нарсалар (ўзимга етиб келган ривоятлар)ни бир тартиб (низом)га мувофиқ ёздим. Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор суннат сизга етиб келсаю, мен уни тахриж қилмаган бўлсам (китобимда келтирмаган бўлсам), билингки, у (ўта) заифдир. Илло ўша ҳадис китобимда бошқа тариқдан бўлса ҳам келган бўлса, у заиф бўлмаслиги мумкин. Чунки мен тариқларни ҳаммасини ҳам ривоят қилмадим. Сабаби бу ўрганувчи учун катталашиб (қийин бўлиб) кетади» [2:26].

Бу сўзлардан англашиладики, Абу Довуд ҳадисларни тўплашда аниқ мақсад ва мезонларга асосланган:

  1. Энг муҳим ва амалий аҳамиятга эга ҳадислар танланган, яъни фиқҳий ҳукмларга доир бўлмаган, амалий жиҳатдан аҳамиятсиз ҳадислар жамланмаган.
  2. Заиф ҳадисларни эҳтиёткорлик билан келтирган, яъни агар у бирор ҳадисни ўз китобига киритмаган бўлса, демак, уни жуда заиф деб билган.
  3. Ҳадисларни ҳаддан ташқари кўпайтиришдан тийилган, яъни ҳар бир ҳадиснинг барча санадларини алоҳида-алоҳида келтирмаган, балки асосий вариантларини танлаган.

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ «Сунан» китобида ҳадисларни саралашда ўзига хос ёндашувга эга бўлган. Унинг китоби бошқа муҳаддислар асарларидан амалий фойдали ҳадисларни танлаш усули билан ажралиб туради.

Масалан, баъзи узун ёки тўлиқ англаб бўлмайдиган ҳадислар қисқартирилган ёки изоҳланган. Чунки у ҳадисларни тўлиқ шаклда келтирганда, уларнинг баъзи қисмларини англаш қийин бўлиши мумкин эди. Бунда у ҳадиснинг мазмунини йўқотмаган ҳолда, фақат муҳим фиқҳий жиҳатларига эътибор қаратган.

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳнинг ҳадисларни энг кенг қамраб олган муҳаддис эканини ўзи ҳам эътироф этган: «Ривоятларни бу даражада кенг қамраб олган мендан бошқа кишини билмайман» [5:142].

Бу борада Ҳасан ибн Али Халлол раҳматуллоҳи алайҳ ҳадисларнинг умумий миқдори ҳақида қуйидагича фикр билдирган: «Ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган суннатлар (ҳукмий ҳадислар) тўққиз юзга яқин ҳадисдир».

Бу фикрга жавобан унга эътироз билдириб: «Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ уларни бир минг бир юзта», деганку?»

Шунда Ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ бунга жавобан бундай деган: «Абу Юсуф у ердан, бу ердан заиф ҳадисларни ҳам олаверганда».

Бу сўзлардан кўриниб турибдики, Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ фақат миқдорни эмас, балки ҳадисларнинг сифати ва ишончлилигини ҳам асосий мезон сифатида олган. Унинг ёндашуви шунчаки ҳадисларни йиғиш эмас, балки энг ишончли ва амалий жиҳатдан керакли бўлганларини ажратишга қаратилган.

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳнинг «Сунан» китоби ҳукмий ҳадисларнинг ноёб тўплами ҳисобланади. У ҳадисларни танлаш, таҳлил қилиш ва китоб ҳолига келтиришда юқори даражадаги илмий ёндашувни намоён этган. У бу китоб ҳақида шундай деган:

«У шундай китобки, сизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор суннат етиб келган бўлса, албатта у китобда бордир. Бироқ ҳадисдан (мужтаҳидлар томонидан) бирон ҳукм чиқариб олинган бўлса, бу нарса (мужтаҳид имомларнинг ижтиҳодлари) деярли келтирилмаган».

Яъни «Сунан» асарида ҳадисларнинг ўзи келтирилган, лекин фиқҳий ижтиҳодлар ва уламолар томонидан чиқарилган ҳукмлар алоҳида баён қилинмаган. Бу эса ҳадисларни ўрганмоқчи бўлган ҳар бир киши учун асл манбадан тўғридан-тўғри фойдаланиш имкониятини яратган.

Бу фикр шуни англатадики, Абу Довуд ўзининг «Сунан» китобини фиқҳий билимларни ўрганишда энг муҳим манба деб билган. Унинг фикрича, агар бир талаба «Сунан» асарини ёзиб олса ва ундаги ҳадисларни ўрганса, бу унга катта илмий асос бўлиши мумкин. У бу ҳақда қуйидаги фикрни билдирган:

«Бу китобларни («Сунан» асаридаги бўлимларни) ёзган толиби илм бошқа бирон ҳадис ёзмаса ҳам зарари йўқ. Киши унга (бу китобга) назар солса, уни тадаббур қилса ва тушунса, шунда унинг қадрини билиб олади» [4:28].

Яъни «Сунан» китобини ўрганиш, тадқиқ қилиш ва ундаги ҳадисларни чуқур тушуниш ҳар бир талабага етарли бўлади. Чунки бу китобда энг муҳим ва амалий аҳамиятга эга бўлган ҳадислар жамланган.

Абу Довуднинг «Сунан» китоби ҳадис илми ва фиқҳий тадқиқотлар учун бебаҳо манба ҳисобланади. Унинг ҳадисларни танлаш ва таснифлаш борасидаги ёндашуви қуйидаги асосий жиҳатлар билан ажралиб туради:

  1. Фақат энг муҳим ва амалий жиҳатдан муҳим бўлган ҳадисларни жамлаган, яъни ҳадислар ортиқча тафсилотларсиз, фақат фиқҳий аҳамиятга эга бўлган қисмигина келтирилган.
  2. Ҳадислар санади ва сифатини аниқ баён қилган, яъни заиф ҳадисларни очиқ баён этган ва саҳиҳлар билан аралаштирмаган.
  3. Ўрганиш осон бўлиши учун уни ихчамлаштирган, яъни барча санадларни келтирмай, фақат асосий далилларга эътибор берган.
  4. Қуръондан кейинги энг муҳим китоблардан бири деб эътироф этган. Ҳадис ва фиқҳ илмини ўрганаётган ҳар бир киши учун уни зарур манба деб билган.

Бугунги кунда ҳам Абу Довуднинг «Сунан» китоби ислом ҳуқуқшунослиги ва ҳадис илми бўйича асосий манбалардан бири бўлиб қолмоқда.

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ҳадис илмидаги юксак билим ва тажрибасини намоён этган ҳолда, ўзининг «Сунан» китобини энг ишончли ва ҳукмий аҳамиятга эга ҳадислар асосида тузди. У ҳадисларни нафақат ривоят қилиш, балки уларнинг санади ва лафзларини чуқур таҳлил қилишга катта эътибор қаратди. Ўзининг ҳадисларни танлаш ва саралаш услуби ҳақида у бундай дейди:

«Ким ушбу ҳадисларни лафзлари билан қўшиб фарқига боришни истаса, (унга шуни айтаманки), баъзи ҳадислар бошқаларнинг китобида машҳур имомларнинг тариқидан келган бўлса ҳам, мен уни (баъзан) бошқа тариқдан келтираман. Сабаби матнлар ичидан кўп маъноларни ифода қила оладиган, ўзим бохабар бўлган лафзли матнни танлаб олган бўламан».

Бу сўзлардан англашиладики, Абу Довуд ҳадисларни танлашда фақат уларнинг исноди билан чекланмай, балки матнининг аниқ ва тушунарли бўлишига ҳам эътибор берган. Бундай услуб орқали у ҳадисларнинг маъно жиҳатдан янада бой ва ишончли шаклда етказилишини таъминлаган.

Ушбу танқидий ёндашуви билан у бошқа муҳаддислар китобларида учрайдиган баъзи иснодлар муаммоларини ҳам очиб берган.

Яъни баъзан бошқа муҳаддислар томонидан муттасил деб қабул қилинган иснодларнинг аслида узилган ёки заиф эканини Абу Довуд ўзининг чуқур илмий таҳлили орқали аниқлаган. Масалан, у Ибн Журайжнинг Зуҳрийдан ривояти ҳақида қуйидаги мисолни келтиради:

«Масалан, Ибн Журайждан ривоят қилинган бир санадда у: «Зуҳрийнинг бундай дегани ҳақида менга хабар берилди» деган иборани ишлатади (яъни, Ибн Журайж ҳадисни Зуҳрийдан эшитмагани намоён бўлиб турибди). Бироқ Бурсоний «Ибн Журайждан, у Зуҳрийдан» деб ривоят қилган (Бурсонийнинг лафзида худди Ибн Журайж ўша ҳадисни Зуҳрийдан эшитгандек туюлиб қолган). Буни эшитган ровий уни муттасил деб ўйлайди. Ҳолбуки, у санад ҳеч қанақасига муттасил бўлолмайди».

Бу ўринда Абу Довуд Бурсоний томонидан келтирилган исноднинг иллатли эканини тушунтиради. Ибн Журайж аслида Зуҳрийдан тўғридан-тўғри эшитмаган бўлсада, Бурсоний уни муттасил равишда ривоят қилган. Шу сабабли, бундай санаднинг қабул қилиниши мумкин эмас.

Яъни, баъзан одамлар Абу Довудни «фалон ҳадисни тарк қилибди» деб айблаши мумкин. Аммо аслида у ҳадисни эмас, балки унинг заиф ёки узилган иснодини тарк қилган бўлади. Бу унинг ҳадис танлашдаги энг муҳим ёндашувларидан биридир.

Абу Довуд ўзининг «Сунан» китобини фақат ҳукмий ҳадислар асосида тузган бўлиб, унда зуҳд, амаллар фазилатлари ёки бошқа мавзуларга оид ҳадисларни киритмаган. Бу ҳақда у шундай деган:

«Сунан» китобида фақат аҳком (ҳадислар)ни ёздим. Зуҳд, амалларнинг фазилатлари ва бошқа мавзудаги ҳадисларни ёзмадим. Ушбу тўрт минг саккиз юз ҳадиснинг барчаси ҳукмлар ҳақида. Зуҳд, фазилатлар ва бундан бошқа ҳадисларни эса тахриж қилмадим (ривоят қилмадим)».

Бу сўзлар Абу Довуднинг ҳадисларни қисқартирилган ва фақат амалий аҳамиятга эга бўлганларини танлаганини кўрсатади. Унинг мақсади фақат фиқҳий ҳукмларга оид ҳадисларни жамлаш бўлган.

Довуд Сижистонийнинг «Сунан» асари ислом ҳуқуқшунослиги учун муҳим манба ҳисобланади. Қуйида Абу Довуднинг ёндашувлари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилади:

Абу Довуд ҳадисларни танлашда уларнинг фақат саҳиҳлиги ва ривоят ишончлилигига эмас, балки амалий жиҳатларига ҳам эътибор қаратган. У фиқҳий ҳукмларни чиқаришда зарур бўлган ҳадисларни «Сунан» асарига киритган. Ҳадисларни танлаш жараёнида қуйидаги тамойилларни қўллаган:

Фиқҳий аҳамиятга эга бўлмаган ҳадисларни четга суриб, фақат амалий ҳукмлар билан боғлиқ ҳадисларни жамлаган.

Агар ҳадиснинг санадида заифлик мавжуд бўлса, уни асосий ҳужжат сифатида қабул қилмаган.

Мурсал ҳадислар ровийлар занжирининг узилиши сабабли эътиборлидир. Абу Довуд мурсал ҳадисларни мустақил ҳужжат сифатида ишлатмаган бўлсада, зарурат туғилганда бошқа ишончли далиллар билан бирга кўриб чиққан. Шунингдек, заиф ҳадисларни киритишда эҳтиёткорлик қилган ва уларнинг ишончлилигини очиқ-ойдин баён этган.

Абу Довуд узун ҳадисларни қисқартириш услубини қўллаган. У ҳадисларнинг асосий мазмунини сақлаб қолган ҳолда, фиқҳий жиҳатдан муҳим бўлмаган қисмларини олиб ташлаган. Бундан мақсад ҳадисларни ўрганишни енгиллаштириш ва уларни тушунарли қилиш эди. Бу услуб уламолар томонидан жуда қадрланган, чунки у фиқҳий масалаларни ҳал қилишни осонлаштирган.

Абу Довуднинг ҳадисларни танлаш ва таҳлил қилишдаги илмий асосланган ёндашуви бугунги кунгача долзарб бўлиб қолмоқда. Унинг «Сунан» асари нафақат муҳаддислар, балки фиқҳ олимлари томонидан ҳам асосий манба сифатида эътироф этилади. У ҳадисларни ихчам, амалий ва аниқ шаклда тақдим этиб, ислом ҳуқуқшунослигининг ривожланишига катта ҳисса қўшган.

Абу Довуд Сижистоний роҳимаҳуллоҳнинг ҳадис илмидаги ёндашуви илмий асосга эга бўлиб, у ўзининг танқидий фикрлаш ва юқори савиядаги таҳлилий услуби билан бошқа муҳаддислардан ажралиб туради. Унинг «Сунан» асари ислом ҳуқуқшунослигида ҳукмий ҳадисларни тартиблаш ва улардан фиқҳий ҳукмлар чиқаришда асосий манба сифатида қабул қилинади. Ушбу асар қуйидаги хусусиятлари билан юксак эътирофга эга:

  1. Абу Довуд ҳадисларни киритишда санад ишончлилигига, ровийларнинг фиқҳий савиясига ва ҳадиснинг амалий аҳамиятига жиддий эътибор берган. У заиф ва мурсал ҳадисларни асосий далил сифатида ишлатмаган, балки уларни фақат зарур ҳолларда ва бошқа далиллар билан бирга кўриб чиққан.
  2. У ҳадисларни қисқартириш орқали уларни тушунарли ва амалий жиҳатдан фойдаланишга яроқли шаклда жамлаган. Бу услуб уламолар ва талабалар учун ҳадисларни ўрганишни енгиллаштирган.
  3. «Сунан» асарида фақат фиқҳий ҳукмлар билан боғлиқ ҳадислар келтирилгани, ортиқча тафсилотлардан тийилганлиги ва мазмун жиҳатидан равонликка эришилгани уни бошқа ҳадис тўпламларидан ажратиб туради.
  4. Абу Довуд ҳадис илмини ривожлантиришда юқори илмий стандартларни жорий қилиб, ҳадислар асосида фиқҳий хулосалар чиқаришда изчил ёндашувни тақдим этди.

Натижада, Абу Довуднинг ёндашуви ва «Сунан» асари ислом ҳуқуқий ва илмий меросининг ажралмас қисмига айланди. Унинг илмий усули ва эҳтиёткорлиги замонавий исломшунослик тадқиқотлари учун ҳам долзарб бўлиб, уламолар учун ўрганилиши лозим бўлган асосий манбалардан бири сифатида қадрланади. Абу Довуд роҳимаҳуллоҳнинг хизмати нафақат ўз даврида, балки кейинги асрларда ҳам ҳадис ва фиқҳ илмининг тараққиётида мустаҳкам пойдевор яратган.

Хулоса қилганда, Абу Довуд Сижистоний роҳимаҳуллоҳ ҳадис илмининг йирик намояндаларидан бири бўлиб, унинг «Сунан» китоби ислом фиқҳида муҳим манба ҳисобланади. У ҳадисларни нафақат санад ишончлилиги, балки уларнинг амалий аҳамияти ва фиқҳий фойдаланиш имкониятини ҳам ҳисобга олиб жамлаган.

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ҳадисларни танлашда фиқҳий ёндашувни қўллаган ва ҳадисларнинг фақат аҳком (ҳукмий) жиҳатига эътибор берган. У мурсал ва заиф ҳадисларни мустақил далил сифатида қабул қилмаган, лекин бошқа ишончли далиллар бўлмаса, уларни маълум шартлар асосида ҳисобга олган. У узун ҳадисларни қисқартириш услубини қўллаган, бу эса фиқҳий маънони аниқ тушунишга ёрдам берган.

«Сунан» китоби фақат ҳукмий ҳадисларни ўз ичига олгани билан ажралиб туради. Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ бу китобда ортиқча тафсилотларга берилмай, фақат фиқҳий аҳамиятга эга ҳадисларни жамлаган. Шунингдек, у ҳадисларни иснодларининг мустаҳкамлиги ва мазмунининг равшанлиги нуқтаи назаридан таҳлил қилиб, энг муҳимларини танлаган.

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳнинг ёндашуви ҳадис илми ва фиқҳий тадқиқотлар учун катта аҳамият касб этади. Унинг методикаси ҳозирги кунгача ислом ҳуқуқшунослигида долзарб бўлиб, фиқҳий масалаларни ёритишда муҳим манба сифатида эътироф этилади. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР: 
  1. Ибн Абдул Барр. Тамҳид. – Байрут: Турос ас-исламий, 2008.
  2. Жалолоддин Суютий. Мирқоту ас-суъуд ила сунани Аби Давуд. – Байрут: Дару ибн Ҳазм, 2012.
  3. Муҳаммад ибн Матар. Тадвин ас-суннатин набавийя нашъатуҳу ва татовуруҳу. – Ар-Риёд: Дару ал-ҳижрати, 1997.
  4. Сулаймон ибн Ашъас. Рисалту Аби Давуд ила аҳли Макка риф васфи ас-сунан. – Байрут: Мактаб ал-исламий, 2008.
  5. Халил Аҳмад Саҳаронфурий. – Ж: 1. Базлул мажҳуд фи ҳалли сунани Аби Давуд. – Ҳинд: Марказу аш-Шайх Абу Ҳасан Надавий, 2006.

 

Маҳмуд АБДУРАХМОНОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси  3-курс докторанти,
Ҳадис илми мактаби «Ҳадис илмлари» кафедраси мудири

Check Also

МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИ – МУСТАҲКАМ ЭЪТИҚОД АСОСИ

Тарихдан маълумки, ҳар қандай жамият тараққиётига таҳдид солувчи омиллардан бири ақидавий бўлиниш ва фикрий парокандалик …