Тарихдан маълумки, ҳар қандай жамият тараққиётига таҳдид солувчи омиллардан бири ақидавий бўлиниш ва фикрий парокандалик ҳисобланади. Ислом тарихида ҳам турли даврларда мусулмонлар орасида ихтилоф келтириб чиқарган ботил фирқа ва адашган оқимлар пайдо бўлган. Бундай вазиятларда уламолар соғлом эътиқодни ҳимоя қилиш, диний қарашларни мустаҳкамлаш ва жамият бирлигини сақлаш йўлида катта хизмат қилган.
Шундай буюк мутафаккирлардан бири Имом Мотуридий бўлиб, у яшаган давр сиёсий жиҳатдан нисбатан барқарор бўлса-да, ақидавий қарама-қаршилик ва мазҳаблар ўртасидаги ихтилоф кенг тарқалган эди. Шу сабабли Имом Мотуридий ўз ҳаётини аҳли сунна вал жамоа ақидасини ҳимоя қилишга бағишлади.
Имом Мотуридий курашган ботил тоифаларнинг энг асосийси, шубҳасиз, мўътазилийлар эди. Бу даврда мўътазилийлик ақидаси кенг ёйилиб, унинг тарафдорлари кўпайиб бораётган эди.
Бунга бир қатор омиллар сабаб бўлган. Тарихдан маълумки, халифа Мутаваккил дастлаб мўътазилийлар таъсирига тушиб, уларни қўллаб-қувватлаган. Кейинчалик эса уларнинг қарашлари аҳли сунна эътиқодига зид эканини англаб етгач, сунний ақидага қайтган ва мўътазилийлар тарғиб қилган энг хавфли ғоялардан бири – «Қуръони карим махлуқ» деган эътиқод ботил эканини эълон қилган. Шундан сўнг мўътазилийлар халифалик марказидан четлаштирилган. Уларнинг аксарияти шарқий минтақаларга кўчиб ўтган. Хусусан, уларнинг машҳур пешволаридан Абулқосим Каъбий (ваф. 929 й.) ва Абу Зайд Балхий (ваф. 934 й.) Балх шаҳрига келиб жойлашган. Балх эса Мовароуннаҳрга ақидавий таъсир ўтказиш учун муҳим марказ ҳисобланган.
Мўътазилийларнинг хавфли жиҳати шунда эдики, улар ақида масалаларида Қуръон ва суннат мавқеини пасайтириб, салафи солиҳлар йўлидан оғган ҳолда ақлни мутлақ мезон сифатида қабул қилган. Айрим ҳолларда нақлий далилларни рад этиб, уларнинг ҳужжат эканини инкор қилган. Натижада, кўплаб ботил ақидавий қарашлар юзага келган.
Имом Мотуридий эса бу каби ёндашувларни илмий асосда рад этиб, нақл ва ақл ўртасидаги мувозанатни тиклади. Унинг таълимотига кўра, нақл асосий манба бўлиб, ақл эса уни англаш ва тушуниш воситаси ҳисобланади.
Мотуридийлик таълимоти айнан ақидавий курашлар кучайган, мусулмон жамияти якдиллиги хавф остида қолган бир даврда шаклланди ва у соғлом эътиқоднинг мустаҳкамланишига хизмат қилди. Имом Мотуридий Самарқандда мавжуд турли ботил фирқалар билан маърифат ва илм воситасида кураш олиб бориб, уларнинг қарашлари нима учун хато ва ҳатто хавфли эканини асослаб берган.
Аждодларимиз барча соҳаларда илмнинг юксак чўққисига эришган ва мавжуд муаммоларга ечим топишда доимо илм-маърифатга таянган. Шу боис, исломнинг илк даврларида пайдо бўлган ақидавий ихтилофларга уламолар томонидан илмий баҳс-мунозаралар орқали муносиб жавоб берилган.
Бугун юртимизда амалга оширилаётган «Жаҳолатга қарши – маърифат» тамойили ҳам ана шу бой илмий ва маърифий мерос билан уйғундир. Чунки мотуридийлик таълимоти ҳам жаҳолат ва ботил ғояларга қарши курашда маърифатни энг самарали қурол сифатида қўллаган.
Мотуридия таълимотининг аҳамияти бугунги кунда янада ортиб бормоқда. Зеро, ақидавий зиддиятлар жамият таназзулига олиб келувчи энг хавфли омиллардан биридир. Бузғунчи кучлар ўз мақсадига эришиш учун халқлар ва миллатлар ўртасида эътиқодий қарама-қаршиликларни келтириб чиқаришга ҳаракат қилади.
Айниқса, бугунги кунда экстремизм ва терроризм кўринишида намоён бўлаётган таҳдидлар бунга яққол мисол бўла олади. «Жиҳод», «ҳижрат», «такфир», «халифалик» каби тушунчалардан ўзининг ғаразли мақсадида фойдаланаётган кучлар жамият барқарорлигига рахна солишга уринмоқда. Натижада, диний илми етарли бўлмаган айрим кишилар уларнинг алдовига учиб, ўзлари ва бошқалар ҳаётига хавф туғдирмоқдалар.
Эътиқодий бирдамликнинг нақадар муҳим эканини чуқур англаган Имом Мотуридий ўз асарларида тўғри ақида мезонларини белгилаб берди. Унинг илмий мероси бугун ҳам инсонларни бағрикенгликка, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликда яшашга чорлаб келмоқда.
Усмонхон МУҲАММАДИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





