Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Доримий меросига халқаро эътибор

Имом Доримий меросига халқаро эътибор

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университети ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ал-Азҳар ва Мовароуннаҳр уламолари: Илм-фан ва маданий алоқалар кўприги” лойиҳаси доирасида халқаро илмий семинар ўтказилди.

“Имом Абу Муҳаммад Доримий Самарқандий: «Сунан» китобининг номланиши ва илмий тавсифланиши” мавзусига бағирлаб ташкил этилган анжуманда Ал-Азҳар университети профессори, Самарқанддаги Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси Салоҳ Аҳмад Исо Жиболий маъруза қилди.

Олим IX асрда яшаб, ислом илм-фани, хусусан, ҳадис ва фиқҳ ривожига салмоқли ҳисса қўшган самарқандлик буюк олим Имом Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримийнинг ҳаёти, илмий мақоми ва асарлари ҳақида сўз юритди.

Хусусан, аллома қаламига мансуб “Сунан” асарининг номи ва тузилишига доир илмий қарашлар таҳлил қилинди. Маърузачи асарни “Муснад” эмас, балки боблар ва мавзулар асосида тартибланган “Сунан” сифатида таснифлаш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади. Шунингдек, асарнинг ҳадис илмидаги ўрни, ундаги ривоятларнинг хусусиятлари ва уламолар томонидан берилган баҳолар ҳақида маълумотларни тақдим этди.

Семинар давомида Имом Доримийнинг нафақат муҳаддис, балки фиқҳ соҳасида ҳам чуқур билимга эга бўлган олим сифатидаги илмий сийратига алоҳида эътибор қаратилди. Унинг турли фиқҳий масалалардаги ёндашувлари, ҳадис ва фиқҳ ўртасидаги уйғунликни таъминлашдаги илмий услуби мисоллар асосида ёритилди.

Шунингдек, маърузада мужтаҳид олимнинг мустақил илмий хулоса чиқаришидаги масъулияти, бундай даражага етмаган кишиларнинг эса эътироф этилган уламоларнинг илмий меросига таяниши зарурлиги масалаларига тўхталиб ўтилди. Бу мавзу ҳозирги исломшунослик ва ҳадис тадқиқотлари нуқтаи назаридан ҳам муҳокама қилинди.

Тадбир Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ал-Азҳар университети ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш, Мовароуннаҳр уламоларининг бой илмий меросини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган навбатдаги илмий мулоқот бўлди.

Мазкур лойиҳа доирасида халқаро илмий семинарлар мунтазам равишда ташкил этиб борилмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Имом Бухорий маркази олимларининг мақолалари АҚШда нашр қилинди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Шукрулло Умаров ва Нодир Қобиловнинг мақолалари “International Journal …