Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Шукрулло Умаров ва Нодир Қобиловнинг мақолалари “International Journal Of History And Political Sciences” (ISSN 2771-2222) халқаро илмий-академик журналининг жорий йил сентябрь сонида чоп этилди.
АҚШда нашр этиладиган, тарих ва сиёсий фанлар йўналишидаги муҳим тадқиқотларни кенг ёритиб борувчи нуфузли журнал жаҳон бўйлаб илмий ғоялар ва манбашунослик соҳасидаги энг сўнгги изланишларни кенг жамоатчиликка етказиш, турли давлатлар олимлари ўртасида академик мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи халқаро платформа ҳисобланади.
Ш.Умаров ўз мақоласида Марказий Осиёда ислом цивилизациясининг ёйилиш тарихи, бу жараёнда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари, хусусан, Қусам ибн Аббоснинг тутган ўрнини Шоҳи Зинда мажмуаси тарихий манбалари асосида илмий жиҳатдан атрофлича таҳлил қилиб берган бўлса, Н.Қобилов Имом Бухорийнинг ҳадисшунослик соҳасидаги беқиёс методологияси, хусусан, ровийларни саралаш ва ҳадисларни қабул қилишдаги қатъий меъёрларининг илмий асосларига алоҳида эътибор қаратган.
Мақоласи чоп этилган олимларга журнал томонидан махсус муаллифлик сертификатлари ҳам тақдим этилган.
Манбашунослик ва ҳадисшунослик соҳаларига бағишланган ушбу изланишларнинг нуфузли хорижий нашрда эълон қилиниши Имом Бухорий халқаро марказида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларининг халқаро талаб ва стандартларга тўла мослигини, шунингдек, юртимиз алломалари меросини дунё миқёсида кенг тарғиб этиш борасидаги амалий ишларнинг яна бир муҳим самарасини кўрсатади, деб ёзмоқда марказ матбуот хизмати.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




