Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказ ходимлари – Доғистондаги халқаро форумда

Марказ ходимлари – Доғистондаги халқаро форумда

Айни кунларда Доғистон пойтахти Маҳачқалaда “Ёш илоҳиётшунослар мактаби” V халқаро ёшлар форуми бўлиб ўтмоқда. Доғистон Гуманитар фанлар институти ташкил этган анжуманда Россия ва хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказлари вакиллари, таниқли экспертлар ва ёш тадқиқотчилар қаторида Марказ илмий ходимлари Тоҳир Эвадуллаев ва Баёзхон Маҳмудов иштирок этмоқда.

Форум дастурига биноан Т.Эвадуллаев “Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан алломаларнинг ислом илмлари ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида маъруза қилди.

Тадқиқотчимиз Мовароуннаҳр ҳудудидан етишиб чиққан буюк алломалар ислом илмларининг ривожига улкан ҳисса қўшгани таъкидлади. Жумладан, Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарини ҳадис илмининг энг муҳим манбаси сифатида эътироф этилиб, алломанинг ривоятларни саралаш ва таснифлашдаги илмий мезонлари соҳа методологик асосларини такомиллаштиришда муҳим ўрин тутишини қайд этди. Шунингдек, Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” ва “Шамоилун набавийя” асарлари ҳамда ҳадисларни баҳолаш ва шарҳлашга ёндашувлари бугунги кунга қадар ўз қимматини сақлаб келаётгани тўғрисида сўзлади.

Маърузачи Имом Мотуридийнинг ақл ва нақл уйғунлигига асосланган қарашлари ислом ақидасининг бугунги кунда энг кенг тарқалган мактабига пойдевор яратгани, Бурҳонуддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари эса ислом ҳуқуқи бўйича асрлар давомида муҳим манба бўлиб хизмат қилиб келаётганига эътибор қаратди. Бундан ташқари, Абу Лайс Самарқандий, Абу Муин Насафий каби алломалар ҳамда Самарқанд ва Насаф илмий мактабларининг бошқа буюк намояндалари хизматларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Тадбирда аждодларимизнинг бой меросини замонавий илмий методлар асосида ўрганиш ва ёш тадқиқотчиларга етказиш муҳимлиги қайд этилди. Ушбу илмий хазина глобаллашув даврида ёшларда маърифатпарварлик, бағрикенглик ва юксак ахлоқий қадриятларни шакллантиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилиши таъкидланди. Тадқиқотчимизнинг маърузаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотиб, савол-жавоблар ва қизғин муҳокамалар билан давом этди.

Форум иши давом этмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Бағрикенглик ва маърифат – вайронкор ғояларга қарши энг мақбул ечим

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида йўлга қўйилган “Ислом …