Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Индонезиянинг “Asrama Perguruan Islam (API) Tegalrejo” (Тегалрежодаги исломий билим юрти) диний таълим муассасаси делегацияси иштирокида “Имом Бухорий илмий мероси – Ўзбекистон ва Индонезия мусулмонлари ўртасидаги илмий-маърифий кўприк” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.


Ташриф доирасида меҳмонлар дастлаб Марказ музейи экспозицияси, илмий ходимлар ва хорижлик тадқиқотчилар учун яратилган шарт-шароит билан атрофлича танишди.

Тадбир аввалида Марказ директори Шовосил Зиёдов делегация аъзолари, таниқли индонезиялик уламолар ва олимларни самимий қутлади. Ўзбекистон ва Индонезияни географик масофа ажратиб турса-да, ягона имон, муштарак маънавий қадриятлар ва бебаҳо илмий мерос мустаҳкам боғлаб туриши, ривожланиб бораётган алоқалар халқларимиз ўртасидаги ҳақиқий “илм ва маърифат кўприги”га айланаётгани алоҳида таъкидлаб, Индонезиядаги таълим муассасаларида “Саҳиҳул Бухорий” асари изчил ўргатиб келинаётгани учун устоз ва уламоларга миннатдорлик билдирди.

Ўз навбатида, делегация раҳбари, “Asrama Perguruan Islam (API) Tegalrejo” диний таълим муассасаси раҳбари Муҳаммад Юсуф Чудлори кўрсатилган юксак меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Самарқанд заминида меҳмон бўлиш минглаб индонезиялик талабаларнинг энг эзгу орзуси эканини таъкидлади. Марҳум Президент Сукарно Самарқандда Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилгани ва ўз даврида унинг обод этилишига сабабчи бўлгани мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларга ёрқин тарихий воқеа сифатида кирганини фахр билан тилга олди.

Мулоқотда томонлар Имом Бухорий мероси нафақат ўтмишнинг буюк хазинаси, балки бугунги кунда жамиятда тинчлик, бағрикенглик ва соғлом эътиқод муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи беқиёс маънавий истеҳком эканини якдил эътироф этди. Ислом динининг асл инсонпарварлик ва маърифатпарварлик моҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, ёшларни вайронкор ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишда уламолар ва илмий марказларнинг ҳамкорлигини кучайтириш устувор вазифа экани таъкидланди.

Давра суҳбатида Индонезиядан Самарқандга, бевосита Марказга кўпроқ талаба ва тадқиқотчиларни жалб этиш, ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолаш, шунингдек, Жакарта ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш орқали зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Тадбир доирасида уламолар ва нуфузли меҳмонлар иштирокида муборак “Саҳиҳул Бухорий” асари алоҳида эҳтиром ва ихлос билан хатм қилинди.
Давра суҳбати якунлангач, меҳмонлар Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиб, буюк муҳаддис ҳаққига дуолар қилди. Шундан сўнг делегация аъзолари янгидан барпо этилган Имом Бухорий мажмуаси, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация ва мультимедиа технологиялари билан жиҳозланган инновацион музей ҳамда масжид фаолияти билан яқиндан танишди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




