Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ўзбекистон тажрибаси халқаро форумда эътироф этилди

Ўзбекистон тажрибаси халқаро форумда эътироф этилди

Аввал хабар берилганидек, Маҳачқалада ўтказилаётган “Ёш теологлар мактаби” V халқаро ёшлар форумида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари фаол иштирок этмоқда.

Форум навбатдаги иш кунида Баёзхон Маҳмудов “Глобаллашув даврида теология фанининг аҳамияти” мавзусида маъруза қилиб, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва диний таълимнинг ривожланиш босқичларига алоҳида тўхталди.

Маърузада мамлакатимизда мустақиллик йилларида давлат-конфессионал муносабатларни такомиллаштириш, фуқароларнинг виждон эркинлигини кафолатлаш ва анъанавий ислом меросини асраб-авайлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Диний таълим тизимини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш жараёнлари ҳақида сўз юритилиб, жумладан, 2021 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун соҳада янги ҳуқуқий пойдевор яратгани қайд этилди.

Шунингдек, 2017 йилдан диний-маърифий жабҳада бошланган мислсиз янгиланишлар ва кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида урғу берилди. Хусусан, ўрта махсус ва олий диний таълим муассасалари тармоғи кескин кенгайиб, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухоро ва Термизда олий мадрасалар, Тошкент шаҳрида Халқаро ислом академияси таъсис этилгани таъкидланди. Бундан ташқари, имом-хатибларнинг асосий фаолиятдан узилмаган ҳолда олий маълумот олиши учун қулай шароит яратган модулли ўқитиш тизими жорий этилгани ислоҳотларнинг муҳим жиҳатларидан бири сифатида ёритилди.

Б.Маҳмудов мамлакатимизда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилгани илмий-академик фаолиятни янги босқичга кўтарганини таъкидлади. Шу билан бирга, Қуръони карим ва тажвид курслари қонуний асосда фаолият юрита бошлагани аҳолининг диний эҳтиёжларини қондиришда муҳим қадам бўлгани қайд этилди.

Хулоса сифатида Ўзбекистонда шаклланган замонавий ҳуқуқий модель дунёвий давлат тамойиллари, виждон эркинлиги кафолатлари ва миллий-диний меросни ҳимоя қилиш масалалари билан боғлиқ вазифаларни бажаришда мукаммал мувозанатни таъминлаётгани, шунингдек, хусусий ва назоратсиз диний таълимнинг олдини олиш орқали турли бузғунчи ва радикал ғояларнинг кириб келишига қарши ишончли ҳуқуқий тўсиқ бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

Маъруза иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадқиқотчимиз форум доирасида Доғистоннинг етакчи оммавий ахборот воситаларидан бири бўлган “ННТ” телеканалининг “Новости Дагестана” информацион дастури учун интервью бериб, бундай анжуманлар халқлар ўртасидаги дўстлик, тотувлик ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди (тўлиқ лавҳа қуйидаги ҳаволада).

Маълумот учун: “ННТ” (Наше национальное телевидение – Бизнинг миллий телевидение) – Доғистонда 2014 йилдан буён фаолият юритиб келади, ўлкадаги миллий-маънавий қадриятлар, маданият ва ижтимоий ҳаётни холис ёритиб келаётган етакчи мустақил телеканаллардан бири.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Масофани қисқартирадиган имон ва илм ришталари

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Индонезиянинг “Asrama Perguruan Islam (API) Tegalrejo” (Тегалрежодаги исломий билим юрти) …