Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ёшлар онгига таъсир этувчи омиллар ва уларнинг маънавий-маърифий таҳлили

Ёшлар онгига таъсир этувчи омиллар ва уларнинг маънавий-маърифий таҳлили

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида жамиятда диний бағрикенгликни таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ёшлар маънавий камолотида улуғ аждодлар илмий-маънавий меросининг ўрни ва баркамол шахсни тарбиялашнинг долзарб масалаларига бағишланган маънавий-маърифий семинар ўтказилди. Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, Маънавият ва маърифат марказининг Самарқанд вилояти бўлими, Дин ишлари бўйича қўмитанинг ҳудудий бошқармаси вакиллари, Ҳадис илми мактаби ўқитувчи ва талабалари, имом-хатиблар ва отинойилар иштирок этди.

Анжуман доирасида Маънавият ва маърифат маркази нашр этган “Бирлашиб, буюк тарих яратамиз” китобининг тақдимоти ўтказилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқига шарҳ сифатида тайёрланган мазкур китобда илгари сурилган ғоялар хусусида иштирокчиларга мухтасар маълумот берилди. Жумладан, бугунги долзарб ижтимоий масалаларни ҳал этиш, жамият тараққиётининг устувор вазифаларини амалга ошириш ва истиқболли режаларни рўёбга чиқаришнинг маънавий-маърифий асослари ҳақида сўз юритилди.

Семинар давомида соҳа мутахассислари ва олимларнинг маърузалари тингланди. Хусусан, “Диний бағрикенгликни таъминлаш ва ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари”, “Ҳаким Термизий илмий меросининг ёшлар маънавий камолотидаги аҳамияти”, “Алишер Навоий маънавий меросида комил инсон тарбияси масалалари” мавзуларида маърузалар қилиниб, иштирокчилар эътиборига соҳага оид муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган ёндашувлар, таклиф ва тавсиялар тақдим этилди.

Маърузаларда жамиятда диний бағрикенгликни қарор топтириш, соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат ва ҳурмат руҳида тарбиялашда миллий маънавий мероснинг ўрни ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, улуғ аждодларимизнинг бой илмий-маънавий мероси ёш авлод қалбига ватанпарварлик, бағрикенглик, инсонпарварлик, маърифатпарварлик каби олий туйғуларни сингдириш, дунёқарашини бойитишда муҳим маънавий манба бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Семинар якунида мавзу юзасидан ўзаро фикр ва мулоҳазалар алмашилиб, ёшлар таълим-тарбиясига доир устувор мақсадларни амалга оширишда олимлар, экспертлар, имом хатиблар ва отинойилар ҳамкорлигининг самарадорлигини ошириш масалалари, ёшларнинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш ва уларни маънавий-маърифий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалар муҳокама қилинди.

Бахтиёр ТУРСУНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Масофани қисқартирадиган имон ва илм ришталари

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Индонезиянинг “Asrama Perguruan Islam (API) Tegalrejo” (Тегалрежодаги исломий билим юрти) …