Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Халқаро илмий йиғинларнинг янги туркуми

Халқаро илмий йиғинларнинг янги туркуми

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ва Туркиянинг Мармара университети ҳамкорлигида “Тасаввуф: ўтмиш, бугун ва келажак” номли янги халқаро илмий лойиҳа йўлга қўйилди.

Янги лойиҳа тасаввуф таълимотининг тарихий илдизлари, унинг бугунги кундаги маънавий-маърифий аҳамияти, ёш авлод тарбиясидаги ўрни, шунингдек, тариқат намояндалари фаолияти, илмий мероси, марказлари ва ёзма манбаларини халқаро ҳамкорлик асосида тадқиқ этишга қаратилган.

2 июль куни лойиҳа доирасидаги илк онлайн семинар ўтказилди. Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказлари илмий ходимлари ҳамда Ўзбекистон, Туркия ва Қирғизистоннинг етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари олимлари, профессор-ўқитувчилари, мустақил тадқиқотчилар қирқдан ортиқ нуқтадан туриб иштирок этди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов илмий ҳамжамиятни янги лойиҳа амалий паллага киргани муносабати билан қутлаб, муассасамизда тасаввуф меросини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш, унинг ҳақиқий моҳияти ва маърифий аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган ишлар изчил давом этаётганини таъкидлади. Шунингдек, мазкур халқаро семинарлар туркуми илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, соҳадаги долзарб тадқиқотлар юзасидан фикр алмашиш, янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга хизмат қилишини қайд этди.

Илмий йиғиннинг асосий маърузаси Мармара университети профессори, таниқли исломшунос олим доктор Неждет Тўсун томонидан “Нақшбандийлик ва ижтимоий ҳаёт” мавзуида тақдим этилди.

Унда Нақшбандия тариқатининг шаклланиш босқичлари, Мовароуннаҳрдан Ҳинд диёригача бўлган ҳудудларда кенг тарқалиши, тасаввуф намояндаларининг жамият маънавий ҳаёти, илм-фан ва ижтимоий муносабатлар ривожидаги ўрни тарихий манбалар асосида таҳлил қилинди.

Профессор Неждет Тосун Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Юсуф Ҳамадоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Али Ромитаний, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор каби буюк мутасаввифларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида тўхталиб, улар тасаввуфни таркидунёчилик эмас, балки ҳалол меҳнат билан кун кечириш, халқ билан бақамти яшаш ва жамиятга хизмат қилиш ғоялари билан уйғун равишда тарғиб этганини таъкидлади.

– Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Хожа Али Ромитаний каби зотлар ҳеч қачон бировга қарам бўлишни исташмаган, алоҳида гуруҳбозлик ҳам қилишмаган. Масалан, Хожа Али Ромитаний маънавий раҳнамолик қилиш билан бир қаторда, тўқувчилик билан шуғулланиб, ҳалол меҳнат орқали кун кечирган ва жамиятга хизмат қилган, – деди у.

Шунингдек, маърузада тасаввуф меросининг турли тилларга таржима қилиниши, Муҳаммад Порсо, Алоуддин Аттор каби шайхларнинг илмий мероси, Бухоро мадрасаларидаги таълим анъаналари ҳамда мавзуга оид қатор тарихий манбалар хусусида қизиқарли маълумотлар келтирилди.

Бугунги ҳаётда тасаввуфнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ҳақида сўз юритар экан, маърузачи Туркия тажрибаси мисолида сўфийлик анъаналари ҳозир ҳам таълим муассасалари, хайрия жамғармалари ва нашриётлар фаолияти орқали жамият маънавий ҳаётига ижобий таъсир кўрсатаётганини қайд этди.

Маъруза якунида иштирокчилар томонидан мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди, савол-жавоблар ўтказилди. Семинар қатнашчилари туркий халқлар маънавий меросида муҳим ўрин тутган тасаввуф таълимотини халқаро ҳамкорлик асосида янада чуқур ўрганиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканини алоҳида таъкидлади.

Ушбу халқаро семинар “Тасаввуф: ўтмиш, бугун ва келажак” туркумининг илк тадбири сифатида илмий жамоатчилик орасида катта қизиқиш уйғотди. Лойиҳа доирасида келгусида ҳам тасаввуф тарихи, унинг илмий мероси ва замонавий аҳамиятига бағишланган халқаро онлайн семинарларни мунтазам ташкил этиш назарда тутилган. 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Халқаро илмий дипломатия эътирофи

Европа ислом марказлари уюшмаси (EOIC) томонидан Швейцарияда чоп этиладиган нуфузли халқаро “Ли таорафув” (ар.: “Бир-бирингизни …