Диний мавзуда сўз юритиш ўта ҳассос, айни вақтда хатарли ишдир. Ҳассослиги шундаки, инсон боласи ўзига айтилган ҳақоратларни эътиборсиз қолдириши мумкин. Аммо диний қарашларига келганда, унча-мунча ҳақоратни ҳазм қила олмайди. Шу нуқтаи назардан, жамияти тинч ва барқарор мусулмон мамлакатларнинг тараққий этишини истамайдиган кучлар айнан дин омилидан кўпроқ фойдаланишга урғу беради. Ақидавий масалалар юзасидан якдил бўлган мусулмон жамиятини беқарорлаштириш учун одамлар орасига ёт ғоялар ва ботил қарашларни тиқиштиради. Диний соҳада малакага эга бўлмаган, ҳатто, устозларининг тайини йўқ “шайх”ларни ўз ноғорасига ўйнатади.
Интернет саҳифалари ва турли ижтимоий тармоқларда, афсуски, кўп сонли кузатувчиларига эга бўлган ана шундай “шайх”лардан бири фаолият олиб боради. Унинг ваъзларига бир қур назар ташлайдиган бўлсак, “фатво ишлаб чиқарувчи автомат”га ўхшашига амин бўласиз. Ҳолбуки, саҳобалар ва тобеинлардан иборат салафи солиҳларимиз диний масалада фатво беришга жуда эҳтиёткорлик билан ёндашган. Бунинг охиратдаги жавобгарлигидан қўрққани учун саволларга шартта-шартта жавоб беравермаган. Тўрт фиқҳий мазҳаб имомларини қўйиб, салафи солиҳларга эргашишга чақираётган мазкур салафий “шайх” бу жиҳатга эътибор қаратишни истамайдиган кўринади. У қандай қилиб бўлса-да, ҳатто, нуфузли фатво марказларида фаолият олиб бораётган ўнлаб, балки юзлаб олимларнинг аксарият фатволарини хатога чиқариш ҳисобига бўлса ҳам “хожалари” берган топшириқни маромига етказиб адо этишга ҳаракат қилаётганга ўхшайди.
Мазкур “салафий шайх” ўз фаолиятида “асалга оғу қўшиб едириш” услубидан кенг фойдаланмоқда. Жумладан, “Эзгу иш қилганларга чиройли нарса (жаннат) ва зиёдалик (Аллоҳнинг дийдорини кўриш) бордир” (Юнус сураси) 26-оятини тафсир қилаётиб, “аллазийна аҳсанув” иборасига изоҳ берар экан, айни шу услубдан фойдаланган. Унинг айтишича, устоз шогирдларга тез-тез таълим бериш ўрнига улардан узоқ йиллар давомида хизматкор сифатида фойдаланиши бу оятда назарда тутилган “яхши нарса” қамровига кирмас эмиш. Аслида у шогирдининг вақтини ғанимат билиб, тезроқ камолга етказиши, ўзидан илмлироқ устоз чиқиб қолса, уни ўшанга юбориши эҳсон саналармиш.
Инсоф юзасидан айтиш мумкинки, тарихда шогирдини узоқ муддат давомида эксплуатация қилиб юрган нияти бузуқ, ихлоси заиф устозлар ҳам бўлган. Бугун ҳам йўқ эмас. Хўш, у ҳолда мазкур “шайх”нинг сўзларида қандай янглишлик бор, дерсиз. Хато шундаки, унинг сўзлари замирида бугунги ёшларнинг онгини заҳарлаш, шогирдларда устозга ишонч ва ҳурмат туйғуларини жароҳатлаш нияти ётади. Қолаверса, бу гаплар салафлар давридан бугунга қадар давом этиб келаётган устоз-шогирд анъанасига путур етказишга қаратилган. Бугун ижтимоий тармоқларда “ёмғирдан кейинги қўзиқорин”дек урчиётган, аҳли сунна ақидаси ва тўрт фиқҳий мазҳабдан бирининг асосида дин арконларига эътиқод ва амал қилиб келаётган мўминларни адашганга чиқараётган “шайх”лару бошқа нусхалар ана шу шарафли анъананинг остонасидан қочган “муллаваччалар”дир.
Шогирднинг устози билан ўтказадиган вақти шунчаки давомийлик масаласи эмас, балки илмий компетенцияни (муносиблик ва мувофиқликни) ривожлантиришнинг асосий омилидир. Бундай тажриба нафақат илм ўрганиш ва билимларни бойитиш, балки устоз билан узоқ муддатли мулоқот ҳамда унинг методологиясини тушуниш ва қўллашини кузатиш орқали ҳам қўлга киритилади. Шогирд устози ҳузурида қанча кўп ҳозир бўлса, унда илмий етуклик даражаси шунчалик юксалиб боради. Сабр, хокисорлик ва зийраклик сингари илмий ахлоқини мустаҳкамлайди. Илмий компетенция фақат китоб ўқиш билан эмас, балки малакали устознинг назорати остида узоқ муддат илмий фаолият олиб бориш орқали касб қилинишини англаб етади.
Устозсиз ҳам тез ва шунчаки китоб ўқиш орқали илм ўрганиш мумкин, деб ўйлаган киши бу йўлда собитлик ва мустаҳкамликни йўқотади. Малакали устознинг йўқлиги шогирдни интеллектуал ва ахлоқий ривожланишдан маҳрум қилади. Натижада унинг илми, тушунчалари юзаки бўлиб қолади. Кўникмалари шаклланмайди ҳам, ривожланмайди ҳам. Ана шу интеллектуал бўшлиқ (компетенцион вакуум) шогирдни юзаки қараганда Қуръон ва Суннатга амал қилаётгандек кўрсатади. Аслида эса, бу вакуум шогирдни аҳли сунна вал жамоа методологиясидан четга чиқишга, бузғунчи оқимларнинг даъволарига тезда алданиб қолишга мойил қилиб қўяди.
Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун унга бир қатор воқеий мисоллар келтириш мақсадга мувофиқ бўлади. Устоз ҳузурида узоқ муддат шогирд бўлиб юришни Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бошлаб берган, десак хато қилмаган бўламиз. Зеро, Имом Бухорий ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган хабарда айтилишича, у бундай деган: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, Абу Талҳа қўлимдан тутиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди ва: “Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Анас жуда ҳушёр бола, сизга хизмат қилсин”, деди. У зотга сафарда ва муқимликда ўн йил хизмат қилдим”. Ана шу ўн йиллик хизматнинг мукофоти ўлароқ, Анас розияллоҳу анҳу илм ва одамийликда қандай мақомларга эришганини бугун кўпчилигимиз яхши биламиз, албатта.
Имом Шофеий Мадинада Имом Моликнинг қўлида унинг “Муватто” асарини кўп марта ўқиган. Ҳатто Имом Молик вафот этгунига қадар унинг этагини маҳкам тутган. Имом Абу Ҳанифа ўн саккиз йил давомида устози Ҳаммоднинг ҳузурида таҳсил олган. Шу вақт мобайнида унинг бирорта дарсини қолдирмаган. Устозининг вафотидан сўнггина дарс бериш учун унинг ўрнига устозлик фаолиятини олиб борган. Имом Аҳмад Бағдод ва бошқа шаҳарларга бориб, таниқли уламолар ҳузурида таълим олган. Унинг буюк имом бўлиб етишишида узоқ муддат шундай давраларда бўлгани асосий роль ўйнаган. Ибн Ҳажар Асқалоний узоқ йиллар давомида устози Ҳофиз Ироқийнинг қўлида таълим олиб, ҳадис илмининг ҳофизига айланган. Имом Нававий кўп йиллар мобайнида Дамашқдаги устозлари ҳузурида илм ўрганиб, буюк фақиҳ ва муҳаддис олим бўлиб етишган.
Эътибор беринг, бугун энг узоқ таълим оладиган касб эгалари шифокорлар бўлса, юқорида номлари келтирилган алломалар улардан ҳам узоқроқ вақт давомида талаба, шогирд мақомида бўлган.
Хуллас, кеча биров танимайдиган, бугун бир думалаб “шайх” бўлиб олган айрим кимсалар устоз-шогирдлик анъаналарига беписанд қарагани учун залолатга кетган. Бунинг устига бошқаларни ҳам ортидан эргаштириб, залолат чоҳига тортмоқда. Устозлар назарини топмагани учун улуғ алломаларнинг “тирноқлари остидан кир қидириш” билан умр ўтказмоқда.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, диний мавзуда баҳс юритиш – ўта ҳассос ва хатарли амал. Бунинг салбий оқибатларини мусулмон оламининг айрим бурчакларида кўриб, гувоҳи бўлиб яшаяпмиз. Шундай экан, юртимиз ёшлари “Қуръон ва ҳадисдан гапиряпти-ку” деган важ билан дуч келган кимсанинг ортидан эргашиб кетавермаслиги лозим. “Имом Абу Ҳанифага тош отган одам ундан ақллироқми, ахир у киши 600 мингдан зиёд ҳадисни ёд билган фақиҳ эди”, “Бу шахснинг айтганлари Имом Мотуридийнинг “Таъвилоти”га қанчалар мувофиқ, наҳотки илмда у зотдан ҳам кучли бўлса”, деган мулоҳазалар орқали илмнинг тош-тарозусига қўйиб кўриш керак. Ҳозир шукрки, масжидларимиз бисёр. Энг яқиндагисига бориб, имомдан бир оғиз маслаҳат сўраш ҳам мумкин. Шунда “балки хато қилаётгандир”, деган танқидий қараш шаклланади ва бу ўзига хос ҳимоя воситаси бўлади. Ҳаммамиз шундай йўл тутадиган бўлсак, орамизда якдиллигимизга рахна соладиган, тараққиётимиз йўлида ғов бўлишга уринадиган кимсалар пайдо бўлмайди.
Алоуддин Неъматов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: ЎзА
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





