Янги нашр
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан навбатдаги салмоқли илмий тадқиқот – Шовосил Зиёдовнинг “XV-XX аср бошларида Марказий Осиёда кутубхоначилик тарихи (Қўлёзма манбалар ва улардаги муҳрлар таҳлили асосида)” номли монографияси нашрдан чиқди.
436 саҳифали ушбу тадқиқот “Mahorat” нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилган. Масъул муҳаррир – фалсафа фанлари доктори, профессор Роиқ Баҳодиров, муҳаррир – тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Отабек Муҳаммадиев.
Тўрт бобдан иборат монографияда Марказий Осиёда кутубхоначилик тарихи ва қўлёзмалар тадқиқининг назарий муаммолари, Мусулмон Шарқи кутубхоначилиги тарихи ва бу минтақада китобхонлик маданиятининг ривожланиш жараёнлари атрофлича ёритиб берилган. Муаллиф қўлёзмаларнинг китобати, хаттотлик ва муҳрканлик санъати ҳамда сфрагистик манбалар орқали муассаса ва шахсий кутубхоналар эгаларини аниқлаш усулларини очиб, таснифлаб, ҳар томонлама шарҳлаган.
Шу билан бирга, асарда Бухоро, Хива ва Қўқон хонликларидаги кутубхоналарнинг тузилиши, фаолияти, уларда сақланган диний-маърифий манбалар ҳамда Туркистон ўлкасидаги нодавлат, шахсий ва махсус давлат қўлёзма фондларининг ташкил топиш тарихи чуқур илмий таҳлил қилинган.
Мазкур монография Марказий Осиё халқлари тарихи, манбашунослик, кодикология, сфрагистика ва кутубхоначилик иши тарихи билан шуғулланувчи тадқиқотчилар ҳамда Шарқ ёзма меросига қизиқувчи кенг китобхонлар оммаси учун қимматли манба бўлиб хизмат қилади.
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





