Home / АЛЛОМАЛАР / Абу Лайс Самарқандийнинг ҳаёти ва “Баҳрул улум” асарининг аҳамияти

Абу Лайс Самарқандийнинг ҳаёти ва “Баҳрул улум” асарининг аҳамияти

Самарқандлик машҳур алломанинг исми Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Хаттоб Самарқандий Тусий Балхий бўлиб, бошқа бир хабарда Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад (ёки Муҳаммад) ибн Иброҳим Самарқандий бўлиб ҳам келган[1].

У кишининг лақаби Ал-Фақиҳ бўлиб, мана шу лақаби билан машҳурдир. Абу Лайс Самарқандийнинг бундай лақабланиши унинг фиқҳ илмида улуғ мартабага етишганига далолат қилиб, у кишининг замонасида бирор киши фиқҳ масалаларида у киши билан баҳслаша олмас эди. Ал-Фақиҳдаги “Ал” артикили маърифаликга (аниқликка) далолат қилиб, гўёки у кишидан бошқа фақиҳ йўқдек деган маънони беради. Абу Лайс Самарқандий “Танбеҳул ғофилин” китобини ёзиб бўлгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларига китобни қўйиб ухладилар. У киши тушларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдилар. Ул Зот “Танбеҳул ғофилин” китобини у кишига узатиб, “Ол китобингни, эй Фақиҳ” – дедилар. Шу сабабли Абу Лайс Самарқандий “Фақиҳ” лақабини яхши кўрар ва уни ўзига шараф деб билар эди[2].

Кунялари Абу Лайс. Бу куняси исмига ғолиб келиб, ҳатто одамлар фақатгина шу куняси билан танийдиган бўлди. Гоҳида куняси зикр қилинганда, лақаби ҳам бирга айтилган . Абу Лайс Самарқандийнинг туғилган йиллари аниқ эмас. Лекин у кишининг туғулишлари тақрибан 301\914 йилларга тўғри келади. Шунингдек, вафот қилган санаси ҳам ихтилофли бўлиб, Довудий ўзининг “Табақотул муфассирин” деган китобида у кишининг вафотини 393\1003 йил Жумадул охир ойининг 11 кечасида бўлган, деб айтиб ўтган[3].

“Тобақотул санийя фи Тарожимул Ҳанафийя” асарининг соҳиби у кишининг вафотини 383\993 йил сешанба куни бўлган, дейди.

“Кашфуз Зунунда”да Ҳожи Ҳалифа айтишича, Абу Лайс Самарқандийнинг вафоти 376\987 йил ёки 383\993 йил ёки 375\986 йилларга тўғри келади.

“Тарихул Туросил Арабий” китобида у кишининг вафоти 373\984 йил, бошқа хабарда 375\986 йил, яна бир хабарда 393\1003 йилларда бўлганлиги айтиб ўтилган.

У кишининг биринчи устозлари – оталари Муҳаммад ибн Иброҳим Тусий бўлиб, у фазилатли, тақводор ва фақиҳ инсон бўлган. Яна устозларидан Абу Жаъфар Ҳиндуваний Балхий (362 ҳ. ваф.), Ал-Халил ибн Аҳмад ал-Қози ас-Сижзий (289 -378 ҳ.), Муҳаммад ибн Фазл ибн Аббос Балхий (317 ҳ. ваф.)лар бўлиб, ўша даврдаги бошқа машҳур олимлардан ҳам илм олган.

Машҳур шогирдларидан Луқмон ибн Ҳаким ал-Фарғоний, Нуъайм Хатиб Абу Молик, Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Зубайрий ва бошқалар.

Абу Лайс бобомиз араб тилидан бошқа ўзларининг яшаган вақтларида кенг тарқалган форс тилини ҳам билганлар ва бу тилда шеърлар битганлар.

Тафсир илми бўйича ёзган асарларидан энг машҳур бўлгани бу “Баҳрул улум” (Илмлар денгизи) асари бўлиб, хозирги кунда учта нусхаси сақланиб қолган. Икки нусхаси Мисрда, бир нусхаси Эдинбург кутубхонасида сақланиб келмоқда. Хозирги кунда қўлланаётган уч жилдлик бу асар Миср Араб Республикасининг «ал-Азҳар» университети докторлари Муҳаммад Муавваз, Аҳмад Абдулмавжуд ва Абдулмажид ан-Нутийлар томонидан ўрганилиб, 1993 йил Байрутда нашр этилган. Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳр ал-Улум” асари тафсир илмида тутган ўрнини ва бу тафсир нақл бўйича тафсир ва ақл бўйича тафсирдан таркиб топганлиги хусусида тўхталадиган бўлсак, унда муфассир нақл бўйича тафсир ва ақл бўйича тафсирни бир жойда жамлаб, нақлий жиҳатни ақлий жиҳатдан устун қўйган. Шунинг учун бу тафсирни манбаларга асосланган (маъсур) тафсир деб ҳисоблаймиз. Бу тафсирда муфассир биринчи Қуръонни Қуръон билан тафсир қилган. Аллоҳ таолонинг: Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни эса улар абадий яшайдиган, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилажакмиз”[4] оятини “Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли – сифати (будир): “Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар, ичгувчилар учун лаззатли (яъни бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва Парвардигорлари томонидан мағфират бордир”[5] ояти билан тафсир қилган.

Сўнгра Қуръонни суннат билан, яъни, бир киши Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан “Бизларни, ғазабга дучор бўлмаган ва ҳақ йўлдан тоймаган зотларга инъом қилган йўлинг бўлмиш — Тўғри йўлга йўллагайсан”[6] ояти тўғрисида сўраганида, У зот ғазабга дучор бўлганлардан мурод “яҳудийлар” ва адашганлардан мурод “насаролар” деб тафсир қилиб бердилар.

Яна Қуръонни саҳобалар сўзи билан, яъни, Абу Лайс раҳматуллоҳи алайҳи бир оятнинг тафсирини Қуръон ва суннатдан топа олмасалар, Али ибн Абу Толиб, Умар ибн Хаттоб, Убай ибн Каъб, Абдуллоҳ ибн Масъуд каби машҳур саҳобаларнинг сўзи билан тафсир қилган.

Ундан кейин Қуръонни тобеъинларнинг тафсири билан тафсир қилган. У киши айтади: “Ҳеч бир кишига Қуръонни ўз фикри ва ақли билан тафсир қилиши мумкин эмас. У киши оятларни маъсур билан тафсир қилишлик билан биргаликда исроилият хабарларини ҳам келтириб ўтган. “Баҳрул Улум” тафсири луғавий услуб билан тафсир қилинишлиги билан биргаликда баёний йўл билан ҳам тафсир қилинган. Шунингдек, бу тафсирда “Қуръон илмлари” тўғрисида ҳам очиқ-ойдин маълумотлар келтирилиб, улар тўрт босқичда баён қилинган:

  1. Қуръонни қироат қилишлик илми.
  2. Маккий ва Маданий оятлар.
  3. Носих ва мансух оятлар.
  4. Оятларнинг нозил бўлиш сабаблари.
  5. Қуръондаги фиқҳий ҳукмлар.

Хулоса қиладиган бўлсак, ватандошимиз Абу Лайс Самарқандийнинг бу асари Қуръон илмларини ўрганишда жуда аҳамиятли бўлиб, булар тўғрисида мукаммал баён қилиб ўтамиз. Давоми бор…

Қуроншунослик шўъбаси илмий ходими
Бахриев Отабек
[1] Кашфуззунун 2\1187 , Довидийнинг Муфассирлар табақаси. 2\235бет
[2] Иъламул ахбор китоби . 126 варақ
[3] Табақотул муфассирин. 2\346 Б
[4] Нисо, 57.
[5] Муҳаммад, 15.
[6] Фотиҳа, 6-7.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …