Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ҳамжиҳатлик ва илмий ҳамкорлик – ёт ғояларга қарши асосий қалқон

Ҳамжиҳатлик ва илмий ҳамкорлик – ёт ғояларга қарши асосий қалқон

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида 22 май куни “Таълим, амалиёт ва илмий-тадқиқот йўналишлари бўйича инновацион ҳамкорлик” мавзусида илмий-амалий тадбир бўлиб ўтди. Унда Ҳадис илми мактаби илмий ходимлари ва мустақил тадқиқотчилар ҳам иштирок этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев анжуманнинг мақсад ва вазифалари, юртимизда таълим ва илм-фан соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти ҳамда икки муассаса ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболларига тўхталиб ўтди.

Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази директори Азизхўжа Иноятов динимизда ва илмий анъаналаримизда ҳамжиҳатлик ва бирлик масаласига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади. Муқаддас манбалардаги эзгулик ва тақво йўлида ўзаро ёрдамчи бўлиш тўғрисидаги кўрсатмалар замирида аслида илм-фанни ривожлантиришдек энг афзал амаллар ётгани қайд этилди. Таъкидланганидек, ҳадис, ақида ва тасаввуф мактабларининг ўзаро бирлашиши, муштарак мақсад йўлида илмий фаолият олиб бориши жамиятда учраб турадиган турли нотўғри қарашлар, ёт ғоялар, бидъат-хурофотларга илмий асосда чек қўйишда бош пойдевор бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Ҳадис илми мактаби директори Бароат Омонов ушбу учрашув илмий ва таълим муассасалари фаолиятини ривожлантиришда муҳим қадам бўлганини эътироф этди. Халқаро алоқаларни йўлга қўйиш билан бирга, маҳаллий илмий-тадқиқот муассасалари, грант лойиҳаларининг муассислари ва қатнашчилари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш зарурлигига алоҳида урғу берди. Унинг айтишича, ички тизимда таълим ва тадқиқот интеграцияси тўғри йўлга қўйилиб, маҳаллий ҳамкорлик мустаҳкамланса, халқаро даражадаги алоқалар ҳам шунга мувофиқ натижаларни беради.

Анжуман якунида таълим, амалиёт ва илмий-тадқиқот йўналишларини тизимли ривожлантириш орқали Ватанимиз, халқимиз ва динимизга муносиб хизмат қиладиган малакали кадрлар тайёрлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликда янги илмий лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги истиқболли вазифалар белгилаб олинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Маърифий мулоқотлар ва ўзаро амалий тажриба алмашуви

Жазоирда ўтаётган XII Халқаро сўфийлик тароналари маданий фестивали ва халқаро илмий симпозиум доирасида Имом Бухорий …