Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ислом – инсонийлик, билим ва маърифат фалсафаси: Жазоирда янги китоб тақдимоти

Ислом – инсонийлик, билим ва маърифат фалсафаси: Жазоирда янги китоб тақдимоти

Жазоирнинг Ағвот шаҳрида ўтказилаётган XII Халқаро сўфийлик тароналари маданий фестивали ва халқаро илмий симпозиум доирасида алоҳида аҳамиятга молик тадбир – ироқлик таниқли адиб ва шарқшунос, Тошкентдаги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори, доктор Аҳмад Жасим Зубайдийнинг “Маънавият – Янги Ўзбекистоннинг Зуҳро юлдузи. Ислом – инсонийлик, билим ва маърифат фалсафаси” номли бадиий-публицистик китобининг расмий тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбек ва араб тилларида чоп этилган 560 саҳифали мазкур китоб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг диний-маънавий ва илмий-маърифий соҳаларда олиб бораётган изчил сиёсатининг туб фалсафаси ҳамда бу йўналишдаги глобал ташаббусларининг умумбашарий аҳамиятини ёритишга бағишланган. Муаллиф, узоқ йиллар давомида Ўзбекистондаги ижтимоий-маърифий жараёнларни кузатган қаламкаш ва олим сифатида, юртимизда кечаётган маънавий юксалиш, диний бағрикенглик ва инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлар жараёни ва самарасини атрофлича баён қилган.

Тақдимот маросимида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбарияти ушбу китобнинг яратилиш тарихи ва давлатимиз раҳбари томонидан юксак баҳоланганини таъкидлаб ўтди.

Анжуманда иштирок этаётган араб дунёси олимлари, исломшунослар ва хорижлик делегациялар вакиллари асар мазмунига жуда катта қизиқиш билдирди. Тадбир давомида халқаро ОАВ ходимлари ҳамда телевидение вакиллари учун китобнинг аҳамияти юзасидан махсус интервьюлар ташкил этилди.

Тақдимот якунида Янги Ўзбекистондаги маърифий ислоҳотлар, Мовароуннаҳр уламоларининг бой мероси ҳамда бағрикенглик тамойиллари араб тилида теран фалсафий мушоҳадалар асосида очиб берилган ушбу китоб нусхалари халқаро симпозиумнинг хорижлик иштирокчилари ва қизиқиш билдирган араб олимларига ҳадя этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Хушхабар: Маърифат ва ибрат тарқатувчи янги нашрлар

Бугунги глобаллашув шароитида жамиятда соғлом эътиқодий муҳитни мустаҳкамлаш ва инсон қалбини ёт ғоялардан муҳофаза қилиш …