Home / АЛЛОМАЛАР / Аллома Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ (2-қисм)

Аллома Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ (2-қисм)

Олимлар билан илмий мунозаралари:

Абдулҳай Лакнавий замондош уламолар билан дўстона яқин муносабатда бўлганлар. Бир қанча уламолар билан илмий баҳслар бўлиб ўтган бўлса ҳам, бу тортишувларнинг барчаси илм устига қурилган мунозаралар бўлиб, асло бир-бирларига нисбатан адоватга сабаб бўлмаган. Бунга қуйидаги мисол яққол далилдир.

Ўша даврнинг машҳур муҳаддис олимлардан Шайх Муҳаммад Башириддин ибн Садриддин Саҳсавоний[1] ҳижрий 1288-йилда ҳажга боради. Бу зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш диний вожиб амаллардан эмас, балки бу иш мандуб, яъни қилса савоб бўладиган аммо қилмаса гуноҳ бўлмайдиган амаллардан деб ҳисоблар эди. Шунинг учун ушбу сафар асносида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қабрларини зиёрат қилмай қайтади. Бу ишлари учун у зотни баъзи уламолар ва авом инсонлар танқид қилишади. Шунда Аллома Саҳсавоний ушбу мавзуга бағишлаб “Қавлул муҳаққақул муҳкам фи зияроти қобри ҳабибил акром” (Энг муҳтарам, энг севикли зотнинг қабрини зиёрат қилиш тўғрисида исботланган қатъий ҳукм) номли рисола ёзади. Ушбу рисолада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш мустаҳаб иш эканини ва у вожиб эмаслигини баён қилиб, бунга жумҳур ҳанафий уламолар иттифоқ қилганларини айтади.

Бу рисолани ўқиган Абдулҳай Лакнавий унга раддия қилиб, “Каламул мубрам фи нақзи қавлул муҳаққақул муҳкам” (исботланган қатъий дейилган ҳукмни бекор қилиш тўғрисида айтилган аниқ гаплар) рисоласини ёзади. Бу рисолада Имом Лакнавий кучли далиллар асосида Шайх Саҳсавонийга илмий раддия қилади.

Имом Лакнавийнинг ушбу раддияларини ўқиган Аллома Саҳсавоний орадан кўп ўтмай бу раддияларга жавоб қилиб, “Қавлул мансур фи зияроти саййидил қубур” (Қабрлар саййиди зиёрати тўғрисидаги ғолиб ҳукм) рисоласини ёзади. Бу рисолада фуқаҳоларнинг мазкур ишнинг мустаҳаб эканига ижмо қилганларини ва унинг вожиблигига далолат қилувчи ҳадисларнинг заиф ҳисобланишини баён қилади.

Бу рисола билан танишган Имом Лакнавий унга раддия қилиб, “Каламул мабрур фи роддил қавлул мансур” (ғолиб дейилган ҳукмни рад қилиш тўғрисидаги мурувватли гаплар) рисоласини ёзади.

Орадан анча вақт ўтгач Шайх Саҳсавоний ушбу мавзуга бағишлаб “Мазҳабул маъсур фи зияроти саййидил қубур” (Қабрлар саййиди зиёрати тўғрисидаги нақл қилинган мазҳаб) номлиучинчи рисоласини ёзади ва бу рисолани “Итмамул ҳужжа ала ман авжаба зиярота мислал ҳужжа” (Зиёрат қилишни худди ҳужжати бор ҳукм сингари вожиб санаган кишиларга қарши далилларни якунлаш) деб атайди. Бу рисолада Саҳсавоний янги далиллар келтириб, Лакнавийга раддия қилади.

Аллома Саҳсавонийнинг келтирган бу далилларига Имом Лакнавий таслим бўлмайди, балки бу рисолага раддия қилиб “Саъйул машкур фи родди мазҳабул маъсур” (Нақл қилинган мазҳаб дейилган ҳукмни рад қилиш тўғрисидаги мақтовли меҳнат) номли рисола ёзади ва уни “Возиҳул ҳужжа фи ибтоли итмамил ҳужжа” (Далилларни якунлашни бекорга чиқариш тўғрисидаги ёрқин ҳужжат” деб атайди. Бу рисолада Аллома Саҳсавоний келтирган далилларга жавоб ёзади.

Икки аллома ўртадаги бу баҳслар уларнинг дўстона муносабатларига асло таъсир ўтказмаган, балки иккалалари ҳам бир-бирларини қаттиқ ҳурмат қилишган. Аллома Саҳсавоний Лакнага келганларида Имом Лакнавийникига меҳмон бўлиб келадилар. Имом Лакнавий у зотни қучоқ очиб кутиб оладиларва қўймасдан бир неча кунлар меҳмон қилиб олиб қоладилар. Аллома Саҳсавоний ҳам Имом Лакнавийнинг дарс халқаларига қатнашадилар ҳамда у зотнинг дарслари ва ваъзларини одоб билан тинглаб ўтирадилар. Аллома Саҳсавоний қачон Лакнага келса, албатта Абдулҳай Лакнавийникида меҳмон бўлиб кетар экан.

Оилалари

Имом Абдулҳай Лакнавий ўн тўққиз ёшларида уйланганлар. У зотнинг бир қанча фарзандлари бўлган. Аммо битта қизларидан бошқа барчалари у зотнинг ҳаётлик даврларида оламдан ўтганлар. Фозила, олима бўлган ушбу қизини тоғаларининг ўғли Муҳаммад Юсуфга турмушга берганлар. Мазкур қизининг Муҳаммад Аййуб исмли ўғли олим бўлиб етишади ва бобосининг китобларини нашр қилиш билан машғул бўлади. Абдулҳай Лакнавийнинг аёли у зот вафотларидан тўрт йил ўтгандан сўнг Маккаи мукаррамада вафот этган.

Уламоларнинг бу зот ҳақидаги эътирофлари

Имом Абдулҳай Лакнавий ҳақида уламолар жуда кўплаб мақтовли гапларни айтганлар:

Шайх Муҳаммад Зоҳир Кавсарий: “Шайх Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий ҳамасрлари орасида ҳукмлар ҳақидаги ҳадисларни энг билувчироғи эдилар”;

Шайх Абул Ҳасан Надавий: “У зот ҳинд алломаси ва мутааххир уламолар фахри эдилар”.

Ташқи кўринишлари:

Тарихчи Абдулҳай Ҳасанийнинг таърифлашига кўра Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ юзлари кўркам, кўзлари қора, қарашлари ўткир, юзларида туклари кам бўлган, сочлари осилиб турадиган киши бўлган.

Хулқлари:

Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ ниҳоятда гўзал хулқли киши бўлган. У зот ўзлари билан тортишган кишиларнинг бирортасига ҳам ёмон гап гапирмаган. Ҳузурларига келган киши гарчи у зотга қарши гапирувчи кишилардан бўлса ҳам, у зотнинг хулқларидан рози бўлиб кетган.

Вафотлари:

Имом Лакнавий ҳаётлари давомида уч марта қаттиқ касал бўлади. Илк бор 1292-йилда ҳаждан ватанларига қайтганидан кейин қорин оғриғи касалига чалинадилар. Ошқозон ҳазми бузилганидан ҳаётдан умид узиш даражасида касалликлари зўрайиб кетади. Моҳир табиблар ҳам, бу касалга ташхис қўйиш ва даволашдан ожиз қоладилар. Охири бу касалдан Ҳаким Муҳаммад Боқир Шийъий қўлларида шифо топади.

Иккинчи марта ҳижрий 1202-йилда Ҳайдарободга яқинларидан бирининг тўйига борганларида қаттиқ касал бўлиб қоладилар.

Учинчи марта қаттиқ касал бўлганларида шу касаллик сабабли вафот этганлар. Ушбу касаллиги ва вафот этиши тафсилоти ҳақида у зотнинг шогирди Абулфазл Муҳаммад Абдулҳафиз Пандавий қуйидагиларни ёзган: “Устознинг касалликлари ҳижрий 1303-йилнинг аввалида бошланган эди. Касаллик дастлаб дармонсизлик ва йўталдан иборат эди. Кейинчалик қисқа муддатли ҳушдан кетиш ҳам қўшилди. Сўнгра ҳушдан кетишлар кўпайди ва ҳолатлари тобора оғирлашиб борди. Ҳатто у зот ётиб қолдилар. Энг моҳир табиблар муолажа қилишга уриндилар, лекин наф бўлмади. Анча кунлар у зот камдармон ҳолатда бўлдилар. Ҳижрий 1404-йилнинг Робиул аввал ойи охирлари эди. Якшанба куни устознинг аҳли илм дўстлари бир йиғинга тўпланган эдилар. Устоз ҳам ушбу йиғинда эдилар. Йиғилганлар бир-бирлари билан беозор ҳазил-ҳузул қилишиб ўтирдилар. Устозимиз ушбу йиғилишда суҳбат асносида: “Суҳбат ғаниматдир, ушбу ўтиришимиздан кейин ким қолишини ҳеч ким билмайди” деб айтган эдилар. Шу кун ўтиб кеч кирганда устозимиз уйларида хуфтонни ўқишга киришдилар ва намоз ичида, ҳушдан кетиб йиқилдилар. Хизматларини қилувчилардан бири у зотни каравотга олиб бориб ётқизди. У зот ўзларига келиб тинчландилар сўнгра яна иккинчи ва учинча марта ҳушдан кетдилар. Юраклари жуда қаттиқ урар эди. Кеч соат учга етганда омонатларини топширдилар. Бу ҳижрий 1304-йил Робиул аввал ойининг ўттизинчиси душанба кунига тўғри келди. Устозимиз жанозаларини катта уламолардан уч киши жуда катта жамоат билан ўқидилар. Биринчи бўлиб, Мавлавий Муҳаммад Абдурраззоқ Ансорий Лакнавий ўқидилар. Иккинчи бўлиб, Мавлоно Абдулваҳҳоб ўқидилар. Учинчисида Мавлавий Абдулмажид ибн Абдулҳалим Ансорий ўқидилар.

Пандавий: “Устозимизнинг жанозаларига йигирма минг атрофида ёки ундан ҳам кўпроқ кишилар қатнашди”, деган.

Абдулҳай Лакнавийнинг вафотларидан маҳзун бўлган у зотнинг дўстлари ва шогирдлари у зотга атаб араб,форс ва урду тилларида жуда кўплаб марсиялар ёзганлар.

Аллоҳ таоло Абдулҳай Лакнавийнини Ўз раҳматига олиб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин!

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси
Абдулқодир Абдур Раҳим

Манба

[1]Шайх Муҳаммад Башириддин ибн Садриддин Саҳсавонийҳижрий 1250-йиллар атрофида туғилган. Бу зот Шайх Муҳаммад Абдурраҳмон Саҳоранфурий ва Шайх Исо Аҳмад ибн Исо Шариқийлардан ҳадис илми бўйича ижоза олганлар. Усулул фиқҳ илмида ҳам моҳир бўлганлар. “Сиянатул инсан фи родди ала Шайх Аҳмад ибн Зийний Диҳлан”, “Қавлул муҳкам” ва “Саъюл машкур” каби кўплаб асарлари бор. Саҳсавоний раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 1323-йилда Деҳлида вафот этган.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …