Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури асосида ўтказилаётган ички туризм ярмаркаси 28 март куни Самарқандда ҳам ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 12 январдаги “Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Регистон ансамблида ташкил қилинган кўргазма очилишида мамлакатимизда кейинги йилларда юртимизнинг тобора юксалаётган сайёҳлик салоҳияти, хусусан зиёрат ва ички туризмини янада ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.
Мирзо Улуғбек мадрасаси ҳовлисида ўтказилган ярмаркада Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ҳам кўргазмали бурчаги ташкил этилиб, унда Марказ томонидан нашр этилган китоб ва рисолалар, араб каллиграфияси, ислом хаттотлик санъати намуналари ҳамда вилоятнинг зиёрат туризми салоҳиятига оид фотосуратлар намойиш қилинди.
Иштирокчилар ўтказилган тадбир ҳудуднинг зиёрат ва ички туризми имкониятларини ёритишда амалий жиҳатдан муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ярмарка хорижлик ва маҳаллий сайёҳларда катта таассурот қолдирди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот маркази