Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Учинчи минтақавий ҳудудидаги 38-манзил колониясида Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларида жойлашган муассасаларда хизмат қилаётган тезкор ходимларнинг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича савиясини ошириш ва касбий кўникмаларини янада ривожлантиришга қаратилган семинар машғулотлари ўтказилди.
Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Ж.Жумаев тингловчиларга ақидапарастлик, радикаллашув ва мутаассибликнинг жамият барқарорлигига таҳдиди, ёт ғояларга қарши маърифат билан курашиш ва бу борадаги Ўзбекистон тажрибаси ҳақида батафсил маълумот берди. Диний экстремизмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари тўғрисида сўзлади.
Семинарда мавзуга доир муҳокамалар олиб борилди. Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси таркибидаги бошқарма ва бўлинмалардан таклиф этилган мутахассислар терроризмнинг пайдо бўлиш тарихи, турли оқимлар ва улар ўртасидаги фарқлар, халқаро террорнинг шакллари, терроризм ва экстремизмнинг ўзаро боғлиқлиги, уларнинг жамият учун хавф-хатарлари ҳақида маърузалар қилди.
Истиқболда бундай семинарларни давом эттириб, соҳадаги йўналишлар бўйича ишларни мувофиқлаштириш мақсадида услубий қўлланма ишлаб чиқиш, ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштиришга келишилди.
Машғулот савол-жавоблар билан давом этди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати