Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказ фаолияти – Малайзия ОАВ нигоҳида

Марказ фаолияти – Малайзия ОАВ нигоҳида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Малайзиянинг “RTM” (Radio Televisyen Malaysia) давлат телерадиокомпанияси ижодий гуруҳи “Syahadah” дастури учун Ўзбекистон маданий мероси ва мамлакатимизда зиёрат туризми ҳақида яратаётган ҳужжатли фильмнинг Марказга оид қисмини тасвирга олди.

Жануби-Шарқий Осиёдаги энг йирик оммавий ахборот воситаларидан саналадиган Малайзия давлат телерадиокомпаниясининг ушбу дастури “RTM” телеканалида 2006 йилдан буён эфирга узатилади. Айни пайтда унинг аудиторияси 10 миллиондан ошади.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ва мамлакатимизнинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Унинг доирасида юртимизнинг тарихий ва маданий туризм салоҳияти, амалий санъати ва ҳунармандлиги, замонавий туризм инфратузилмаси ёритилади.

Тасвир ишлари давомида ижодий гуруҳга Марказнинг халқаро алоқалар йўналишида амалга ошираётган ишлари, хусусан, Малайзиядаги илмий муассасалар билан ҳамкорлик алоқалари хусусида батафсил ахборот берилди.

2021 йилда таъсис этилган Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастурининг илк ғолиби сифатида Малайзия миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти директорининг ўринбосари Моҳд Ал Адиб Самури, шунингдек, др. Муҳаммад Ҳилми Жалил ва др. Нурул Ҳафизаҳ Моҳд Нор Марказда амалиёт ўтагани, шунингдек, жорий йилнинг май ойида Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг Марказга ташрифи мазкур алоқаларни янги босқичга олиб чиққани, Малайзиядаги Исломни англаш институти, Ислом цивилизацияси институти, Ислом илмлари университети билан ҳамкорликда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ижодий гуруҳ аъзоларида катта қизиқиш уйғотди.

Малайзиялик меҳмонларга Имом Бухорий ҳаёти ва илмий меросига оид маълумотлар ҳам берилди.

Жами 10 қисмдан иборат ҳужжатли фильм келаётган Рамазон ойида “RTM” телеканали орқали намойиш этилиши режалаштирилган.

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …