Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Равшан Элмуродов Туркиянинг Анқара шаҳридаги Ислом тафаккури институтида малака ошириш ўқувини бошлади.
Ислом тафаккури институти томонидан “Мовароуннаҳр учинчи ёзги семинарлари” доирасида ташкил этилган илмий дастурда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ҳадис илми мактаби илмий ходимлари ҳам иштирок этмоқда.
Институтнинг профессор-ўқитувчилари томонидан араб ва турк тилларида ўтилаётган дарсларда тадқиқотчиларга усулул фиқҳ, усулул ҳадис, мантиқ, ислом фалсафаси, Мовароуннаҳр олимларининг илм-фан соҳасидаги ютуқлари борасида батафсил маълумот берилмоқда.
Малака ошириш жараёнида тадқиқотчилар учун Туркиянинг кўплаб университетлари ва зиёратгоҳларига илмий сафарлар уюштириш режалаштирилган.
Илмий ходимларнинг ўқув амалиёти бир ой давом этади.