Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Туркиянинг “Diyanet” жамғармаси ҳузуридаги Ислом тадқиқотлари маркази (ИСАМ) билан ҳамкорликда ташкил қилинган Ҳанафий мазҳаби бўйича IV йиллик халқаро конференция 6 июнь куни ўз ишини якунлади.
Анжуманнинг сўнгги босқичида ҳанафий фиқҳига оид матнлар мутолаа қилиниб, Нажмиддин Умар Насафийнинг “Ал-Фоиқ фи шурутил васоиқ” асаридаги Қорахонийлар даврига оид вақф ижара шартномалари хусусида сўз юритилди. Қатнашчилар учун, шунингдек, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Умар Шаъбийнинг “Китобу мажолиси Шаъбий” асаридан парчалар ўқиб эшиттирилди. Абу Зайд Дабусий асарларидан ҳам намуналар келтирилди.
Уч кун давомида жами олти шўъбада иш олиб борган анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва ИСАМ илмий ходимлари билан бирга Ўзбекистон Халқаро ислом академияси профессорлари, Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Наманган Давлат университети, шунингдек, Туркиядаги Сабанжи, Истанбул ва Мармара университетлари, АҚШдаги Техас, Торонто ва Нью-Йорк университетлари, Австриядаги Вена университети, Германиядаги Тюбинген университети ва Гумбольдт университетининг Ислом илоҳиётшунослик институти вакиллари қатнашди.
Конференция давомида жами 20 дан ортиқ маъруза тингланди. Ҳанафий мазҳабининг Марказий Осиё, шунингдек, Ироқ, Миср, Туркия ва Ливия ҳудудларида ёйилиш омиллари ва мазкур давлатлар халқлари тарихида тутган аҳамияти кенг муҳокама қилинди, Абу Ҳафс Насафий, Абу Зайд Дабусий, Ҳусомиддин Садр Шаҳид Бухорий, Алоуддин Усмандий каби алломалар илмий меросининг юксак қиймати юзасидан мулоҳазалар билдирилиб, ҳанафий фиқҳига оид тарихан шаклланган ҳуқуқий муносабатлар борасида илмий мунозаралар юритилди.
Анжуман қизғин мунозаралар, илмий баҳслар ва ўзаро тажриба алмашиш майдонига айланди. Конференция якунлари сарҳисоб қилиниб, тегишли хулосалар шакллантирилди.
Қатнашчилар тадбир юксак даражада самарадор бўлгани ва уни ўтказишдан кўзланган мақсадларга тўла эришилганини якдиллик билан қайд этиб, анжуманни ташкил қилишда яқиндан ҳамкорлик қилган ва ёрдам кўрсатган Марказ раҳбарияти ва жамоасига миннатдорлик билдирди.
Конференция иштирокчиларига ташкилотчиларнинг тегишли сертификатлари, шунингдек, Марказнинг эсдалик совғалари ҳадя қилинди.
Тадбир якунида қатнашчилар буюк муҳаддис Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди.