Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Малайзия миллий университети Ислом цивилизацияси институти директори, профессор Фариза бинти Шам бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Меҳмонларни Марказ раҳбари Шовосил Зиёдов ва Ҳадис илми мактаби ректори Барот Амонов кутиб олди ва Музей фаолияти билан таништирди.
Мазкур институт билан Марказ ўртасида 2021 йилда ўзаро ҳамкорлик бўйича Англашув меморандуми имзоланган. Унинг асосида мунтазам равишда кўплаб қўшма лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
Марказ раҳбарияти билан мулоқот чоғида ҳамкорлик алоқалари қамровини янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар меморандум доирасида қатор йўналишлар бўйича қалин ҳамжиҳатлик асосида ҳамкорлик йўлга қўйилганини, бунинг самараси ўлароқ, қўшма лойиҳалар амалга оширилиб, илмий семинар ва кўргазмалар ташкил этилаётганини мамнуният билан қайд қилди. Изчил мулоқотлар натижасида халқаро илмий-амалий веб-форум, онлайн семинарлар, илмий анжуманлар ўтказилиб, институт веб-сайтида Марказнинг янги нашрлари ёритилди. Малайзиялик уч илмий ходим Марказ томонидан таъсис этилган Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури совриндори бўлди.
Ўтган йили эса Марказ тўрт илмий ходимининг монографиялари Институт томонидан нашр қилинган, халқаро миқёсдаги нуфузли олимларнинг 20 дан зиёд мақоласидан иборат бўлган “Ислом цивилизациясининг мусулмон олимлари” номли тўпламдан ўрин олди. Тўплам халқаро Scopus электрон платформасига киритилган.
Суҳбатда истиқболда илмий йўналишдаги фаолиятни янада такомиллаштиришда ҳамкорлик узвийлигини ҳар жиҳатдан пухта таъминлашга эҳтиёж мавжудлиги таъкидланди. Қўшма лойиҳалар самарадорлигини ошириш ва ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга оид қатор таклифлар билдирилиб, ташкилий ва амалий масалалар юзасидан муҳим келишувларга эришилди.
Меҳмонларга Марказнинг адабиётлар тўплами ҳадя қилинди.
Делегация аъзолари, шунингдек, Ҳадис илми мактабида ҳам бўлиб, таълим жараёнлари ҳамда талабалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Томонлар ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ташаббусини билдириб, бу борада англашув меморандуми лойиҳасини тайёрлашга келишиб олди.